Қашқадарё газетаси Жамият Бола ҳуқуқлари: УНИ ТАЪМИНЛАШГА НАФАҚАТ ОТА-ОНА, БАЛКИ ДАВЛАТ ВА БУТУН ЖАМИЯТ МАСЪУЛ
Жамият

Бола ҳуқуқлари: УНИ ТАЪМИНЛАШГА НАФАҚАТ ОТА-ОНА, БАЛКИ ДАВЛАТ ВА БУТУН ЖАМИЯТ МАСЪУЛ

Бугуннинг гапи

Болалар хавфсизлиги – жамиятда ҳуқуқий ва маънавий юксаклик даражасини белгилайдиган энг муҳим мезонлардан бири. Ўзини ҳимоя қилиш имкониятлари чекланган, катталарнинг меҳри ва ғамхўрлигига муҳтож бола ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини асраш нафақат ота-она, балки давлат ва бутун жамиятнинг масъулиятидир.

Афсуски, дунё миқёсида болаларга нисбатан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳамон жиддий ижтимоий-ҳуқуқий муаммо бўлиб қолмоқда. Айниқса, уларнинг ўзларига ғамхўрлик қилиши лозим бўлган шахслар томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраши бундай жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Хўш, қонунчилигимизда бу борада қандай ўзгаришлар бўлаяпти? Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро суди судьяси Рисолат АБДУЛЛАЕВА билан шу ҳақда суҳбатлашдик:

– Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинаётган қонунлар, миллий стратегиялар ва  институционал ислоҳотлар болаларнинг хавфсиз муҳитда яшаши, таълим олиши ва ҳар томонлама камол топиши учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Жумладан, 2026 йил 29 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. 2 октябрь куни эса у Сенат томонидан маъқулланди.

Мазкур ҳуқуқий янгиликнинг аҳамияти шундаки, у фақат жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазони оғирлаштириш билан чекланмайди. Балки зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган болаларни ҳимоя қилиш, тергов ва суд жараёнларида уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, болалар хавфсизлиги учун масъул шахслар жавобгарлигини кучайтиришни ҳам назарда тутади.

*  *  *

– Қонунда кўзда тутилаётган энг муҳим ўзгаришлардан бири 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этиладиган ўта оғир жинсий жиноятлар учун жавобгарликни кескин кучайтириш билан боғлиқ. Хусусан, Жиноят кодексининг 118-моддасида назарда тутилган номусга тегиш ҳамда 119-моддасида белгиланган жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилгани учун узоқ муддатли, яъни 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш назарда тутилмоқда. Илгари ушбу турдаги жиноятлар учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган эди.

Янги ёндашувда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчининг ёши ва унга етказилган жисмоний ҳамда руҳий зарарнинг оғирлиги алоҳида ҳисобга олинади. Шу билан бирга, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлигига оид чекловларни қўлламаслик назарда тутилган.

Бу ўзгаришнинг ҳуқуқий аҳамияти катта. Чунки болалик даврида зўравонликка учраган шахс турли психологик, оилавий ёки ижтимоий сабаблар туфайли содир этилган жиноят ҳақида дарҳол хабар бера олмаслиги мумкин. Айрим ҳолларда жабрланувчи йиллар ўтгачгина воқеа ҳақида сўзлашга журъат топади. Шундай вазиятларда жиноий жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетиши айбдор шахснинг жавобгарликдан қутулиб қолишига сабаб бўлмаслиги кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод этиш имкониятини чеклаш ҳам назарда тутилган.

*  *  *

– Қонундаги яна бир муҳим янгилик жиноятдан жабрланган болаларнинг тергов ва суд жараёнларидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Маълумки, зўравонликка учраган бола учун содир бўлган воқеани қайта-қайта эслаш, уни бегона шахсларга сўзлаб бериш ёки гумон қилинувчи билан юзма-юз келиш оғир психологик кечинмаларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли Жиноят-процессуал кодексига киритилиши назарда тутилган ўзгаришлар зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини мажбурий видеоёзув орқали қайд этишни белгилайди. Бундай тартиб боланинг кўрсатмаларини тўлиқ ва аниқ қайд этиш, уни ортиқча такрорий сўроқлардан ҳимоя қилиш ҳамда процессуал ҳаракатларнинг қонунийлигини назорат қилиш имконини беради.

Шунингдек, жинсий жиноятдан жабрланган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасида юзлаштириш ўтказиш махсус тартибга солинади. Бундай процессуал ҳаракат фақат терговчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Агар зўравонлик боланинг оила аъзоси ёки яқин қариндоши томонидан содир этилган бўлса, процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда.

Яна бир муҳим кафолат – жинсий зўравонликдан жабрланган болалар ва бундай жиноятларга гувоҳ бўлган вояга етмаганларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган дастлабки пайтдан давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатишдир.

Бу нормалар жиноят процессида болани фақат далил манбаи сифатида эмас, балки ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари алоҳида ҳимоя қилиниши шарт бўлган шахс сифатида эътироф этишга хизмат қилади.

*  *  *

– Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда фақат жиноят содир этилгандан кейин жазо тайинлашнинг ўзи етарли эмас. Зўравонликка шароит яратган омилларни бартараф этиш, масъул шахсларнинг бефарқлиги ва ўз вазифасини бажармаслигига нисбатан ҳуқуқий чоралар белгилаш ҳам муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс, Меҳнат Кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига киритилиши назарда тутилган ўзгаришлар алоҳида аҳамият касб этади.

Жумладан, болага етарли ғамхўрлик кўрсатмаслик, унинг асосий эҳтиёжларини қасддан таъминламаслик, болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу эса таълим жараёнида болалар хавфсизлиги учун масъулиятни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Шунингдек, вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш талабларини бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Мазкур ўзгаришлар болаларни ҳимоя қилиш масаласига комплекс ёндашилаётганини кўрсатади. Яъни ҳуқуқий ҳимоя жиноят содир этилганидан кейин эмас, балки хавфнинг олдини олиш босқичидан бошланиши керак.

*  *  *

– Сенатдаги қонун муҳокамасида маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 118-моддаси тўртинчи қисми бўйича, яъни 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ҳолатлари юзасидан 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та ва 2025 йилда 123 та, демак тўрт йил давомида жами 445 та жиноят иши қўзғатилган. 119-модданинг тўртинчи қисми бўйича эса бу даврда жами 593 та жиноят қайд этилган.

Бу рақамлар болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳақиқий тарқалиш даражасини тўлиқ ифодаламайди. Чунки айрим ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга умуман маълум қилинмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун бундай жиноятларга қарши курашишда жазони кучайтириш билан бир қаторда ҳолатни эрта аниқлаш, ишончли мурожаат механизмлари, психологик ёрдам ва профилактика тизимини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

*  *  *

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг муҳим халқаро ҳужжатлардан биридир. Ўзбекистон ушбу  Конвенцияга 1992 йилда қўшилган бўлиб, унда белгиланган принциплар миллий қонунчиликни такомиллаштириш учун муҳим халқаро ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Конвенциянинг 3-моддаси болаларга тааллуқли барча ҳаракатларда, жумладан, судлар, маъмурий органлар ва қонун чиқарувчи муассасалар фаолиятида боланинг энг устувор манфаатлари биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозимлигини белгилайди. Мазкур принципга кўра, жиноят ишини кўришда фақат айбдорни жазолаш эмас, балки жабрланган боланинг хавфсизлиги, руҳий ҳолати ва келгуси ҳаёти ҳам ҳисобга олиниши зарур.

Конвенциянинг 19-моддаси давлатлар зиммасига болаларни жисмоний ёки руҳий зўравонлик, ҳақорат, эътиборсизлик, қўпол муомала, эксплуатация ва жинсий суиистеъмолнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мажбуриятини юклайди. Ушбу модда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фақат жиноят-ҳуқуқий жазолар билан чекланмаслиги, балки ижтимоий, маъмурий ва таълимий чораларни ҳам қамраб олиши кераклигини англатади.

*  *  *

– Янги ҳуқуқий нормаларнинг самарадорлиги, аввало, уларнинг амалиётда қандай татбиқ этилишига боғлиқ. Бунда, биринчи навбатда, болаларга нисбатан зўравонликка оид мурожаатларни ўз вақтида қабул қилиш, уларни холис текшириш ва жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш муҳим.

Иккинчидан, терговчилар, прокурорлар, судьялар, адвокатлар, педагоглар ва психологларнинг болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарлигини кучайтириш талаб этилади.

Учинчидан, таълим ташкилотларида зўравонликнинг олдини олиш, болаларга ўз ҳуқуқларини тушунтириш ва хавфли вазиятларда қаерга мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида мунтазам маълумот бериш зарур.

Тўртинчидан, жабрланган болаларга психологик, тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчидан, зўравонликка оид ишларни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг масъулияти ҳам алоҳида ўрин тутади. Жабрланган боланинг шахси, тасвири, яшаш манзили ёки уни таниб олиш имконини берувчи бошқа маълумотларни ошкор этмаслик унинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлашнинг зарур шартидир.

Абдураззоқ МУРОДОВ ёзиб олди.

Exit mobile version