Маълумки, бундан уч йил аввал, аниқроғи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 2 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 17 мартдаги «Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилиниб, Қашқадарё вилояти таркибида янги маъмурий ҳудуд ташкил этилган эди.
Фоторепортаж
Президентнинг 2022 йил 19 апрелдаги «Қашқадарё вилояти таркибида Кўкдала туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан эса ушбу ҳужжат ижроси доирасида амалга ошириладиган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Жумладан, ҳудудда давлат органлари, молия-банк муассасалари бўлинмалари, суд-ҳуқуқ, мудофаа, фавқулодда вазиятлар идоралари тузилмалари, ижтимоий соҳа, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари бўлимлари, давлат хизматлари маркази кабиларни ўз ичига олган зарур инфратузилмани яратиш, улар фаолияти учун замонавий бинолар қуриш кўзда тутилиб, ишларни молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатиб берилди. Тез орада янги туман маъмурий-ҳудудий чегарасини ҳисобга олган ҳолда унинг 2040 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилиб, йирик бунёдкорлик ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Натижада ўтган давр мобайнида яратиш руҳи билан яшаётган ҳудудда катта ўзгаришлар бўлди, фаровон манзиллар кўзга ташлана бошлади. Хусусан, Еттитом шаҳарчаси ва унинг атрофида барпо этилаётган бинолар, турар жой массивлари, дам олиш масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объеклари нафақат замонавий меъморий ечимлари, балки уларда яратилган шароитлар билан ҳам бугунги стандарт талабларга тўла жавоб беради.
Жорий йилнинг ўзида ҳудудда 20 та янги мактабгача таълим ташкилоти, 2 та умумтаълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилгани соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жойларда қандай бўй кўрсатаётганини ифодалаши билан бирга, билимли ва баркамол авлодни тарбиялашда асқатиши муқаррар. Бу манзилда қад ростлаган замонавий кутубхоналар, маънавият маскани, спорт иншоотлари ҳам худди шу мақсадга хизмат қилади.
Биламиз, ҳар қандай вазиятда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш кун тартибидан тушмайдиган доимий масала саналади. Туманда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам шундан дарак. Жумладан, бу ерда янги қурилган замонавий ва сўнгги русумдаги илғор тиббий жиҳозлар билан таъминланган поликлиника маҳаллий аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини оширди.
Кўкдалаликлар ён-атрофларида бўлаётган бундай ўзгаришлардан мамнун. Айниқса, ҳудуддаги 159 километр йўлнинг таъмирланиши, 50 километр ичимлик суви қувурлари ва 80 километр электр линиялари янгидан тортилгани уларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаганини фахр билан тилга олишади. Шу ердан ўтган халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўли бўйларида қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари эса ҳам йўловчилар, ҳам маҳаллий аҳоли учун қулайлик бўлди.
Еттитом шаҳарчасида барпо этилган истироҳат боғи бугун аҳолининг севимли масканига айланиб, соғлом турмуш тарзи тарғиб этиладиган ва қўллаб-қувватланадиган кўнгилочар жой бўлди. Янгидан қад ростлаган 18 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси эса аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлики, Вазирлар Маҳкамасининг «2022 -2024 йилларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ҳудуднинг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш борасида бажарилган вазифалар ҳам катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жонланди, янги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари сони ортди, мавжудлари модернизация қилинди. Қулай ишбилармонлик муҳити таъминланиши ортидан қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Натижада янги иш ўринлари очилиб, аҳолининг бандлик даражаси ўсди, минглаб ишсизлар даромадли бўлди.
Энг муҳими, Кўкдаладаги бу ўзгаришлар одамларнинг турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, улар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Туман эса обод ва тараққий этиб бораётган маъмурий ҳудуд сифатида воҳа гавҳарига айланмоқда.
Ўз мухбиримиз
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.