Шавкат МИРЗИЁЕВ:
Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, диёримиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш йўлида қаҳрамон ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабот ва матонати биз учун ҳамиша ибрат мактаби, куч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни: Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашларда ҳалок бўлган ота-боболаримиз, истиқлол даврида Ватанимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида жон фидо этган мард ўғлонларимиз хотирасини ёд этамиз. Шунингдек, бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган уруш ва меҳнат фахрийларига, фидойи ватандошларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.
Аввало бу анъананинг замирида инсон қадрини улуғлаш, инсонийликнинг юксак ифодаси мужассам. Қолаверса, ана шундай юрт, эл ардоқлаган фидойиларнинг шонли ҳаёт йўли ва ибратли меҳнат фаолияти халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигига айланиб, ёш авлодни ватанпарварлик, жасорат ва матонат руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.
Иккинчи жаҳон уруши, орадан кўп йиллар ўтсада, инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли қирғинлардан бири сифатида абадий ёдда қолади. Унда 60-70 миллион нафар инсон ҳалок бўлгани, миллионлаб одамларнинг тақдири издан чиққанини тарих ҳеч қачон унутмайди. Бу оғир синов Ўзбекистон халқи учун ҳам катта йўқотишлар билан кечди: қарийб 2 миллионга яқин юртдошимиз фронтга сафарбар этилди, уларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, минглаб инсонлар бедарак йўқолди, саноқсиз оилалар бошига қайғу-ғам тушди.
Шу билан бирга, халқимизнинг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ҳам ғалабани яқинлаштиришда беқиёс аҳамият касб этди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон фронтнинг ишончли таъминот базасига айланди. Республикага юзлаб саноат корхоналари кўчириб келиниб, ишлаб чиқариш қувватлари сафарбар этилди, қишлоқ хўжалиги тўлиқ фронт эҳтиёжларига йўналтирилди. Аёллар, кексалар ва ҳатто болалар ҳам «Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!» деган шиор остида жонини жабборга бериб ишлади, юксак матонат ва сабр-бардош намунасини намоён этдилар.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз ана шу улкан жасорат ва беқиёс қурбонликлар эвазига қўлга киритилганини чуқур англаш ҳар биримиз учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Жумладан, фахрийларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати атрофлича ўрганилиб, манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида мунтазам тиббий кўриклар ташкил этилмоқда, патронаж хизматлари кенгайтирилмоқда. Ёлғиз ва ногиронлиги бўлганларга ижтимоий хизматчилар бириктирилиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаш, зарур маиший техника воситалари билан таъминлаш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, Хотира ва қадрлаш куни арафасида фахрийлар хонадонига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, самимий табриклар йўллаш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш эзгу анъанага айлангани жамиятимизда инсон қадрининг нечоғлик юксак эканини яна бир бор намоён этади.
Албатта, фахрийларга кўрсатилаётган бундай юксак эҳтиром ва ғамхўрлик шунчаки ижтимоий ёрдам эмас, балки халқимизнинг ўз тарихи, ўз хотираси ва миллий қадриятларига бўлган чексиз ҳурматининг амалий ифодасидир. Зеро, хотира, иззат, қадрлаш бор жойда тараққиёт бўлади.
Шу маънода, уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ардоқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, муносиб ҳаёт шароитларини яратиш нафақат давлатнинг, балки ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ҳисобланади. Чунки фахрийлар – бу тирик тарих, уларнинг ҳар бири халқимизнинг матонати, жасорати ва сабр-тоқатининг ёрқин тимсолидир.
Бугун уруш қатнашчилари сафи ҳам тобора сийраклашиб бораётгани уларни асраб-авайлаш, ҳар бирини алоҳида қадрлаш масъулиятини янада оширмоқда. Вилоятимизда ҳозирда атиги икки нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг ҳаёт кечираётгани бу ҳақиқатни янада ёрқин ифодалайди. Улардан бири – Қамаши туманида истиқомат қилаётган Рўзибой бобо Сатторов. Асрни ортда қолдирган умри давомида урушнинг оғир синовларини бошдан кечирган, Россия, Украина, Белоруссия ва Европа ҳудудларидаги жангларда иштирок этган бу инсон ғалабани Германия заминида қарши олган. Оғир яраланишига қарамай, сафдошларидан орқада қолмаган, ғалаба йўлида юксак фидойилик намунасини намоён этган.
Урушдан кейин эса у қишлоқ хўжалигида ҳалол меҳнат қилиб, юртни тиклаш ишларида фаол иштирок этди. Унинг қалбида узоқ йиллар давомида армон бўлиб келган бир орзу – самолётда парвоз қилиш истаги бевосита Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибор ва ғамхўрлиги туфайли ўтган йили амалга ошди. Осмонга кўтарилган онларда у ҳаётининг энг оғир ва айни пайтда энг шарафли саҳифаларини обдан хотирлаб, тинчликнинг бебаҳо неъмат эканини яна бир бор чуқур ҳис этди. Унинг «тинчликни асранг, орзулардан воз кечманг» деган ҳаётий даъвати бугунги авлод учун ибратли сабоқ бўлиб янграмоқда.
Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилаётган 101 ёшли Омон Бобоевнинг ҳаёт йўли ҳам жасорат ва матонат намунасига тўла. У урушда кўрсатган қаҳрамонлиги, тинчлик давридаги ҳалол ва самарали меҳнати билан нафақат уруш қатнашчиси, балки меҳнат фахрийси сифатида ҳам юртдошлари ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлган.
Бугунги кунда улар каби кекса авлод вакиллари нафақат юксак эҳтиромга эришган инсонлар, балки ёшлар тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга маънавий мактаб вазифасини ҳам бажармоқда. «Бир нуроний – ўн ёшга масъул» тамойили асосида амалга оширилаётган тарбиявий тарғибот ишлари уларнинг бой ҳаёт тажрибасини ёш авлодга етказиш, уларни ватанпарварлик, садоқат ва юксак масъулият руҳида ўстиришда муҳим ўрин тутмоқда. Турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар орқали ёшларга истиқлол қадри, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти изчил тушунтирилмоқда.
Умуман, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлар юртимизни янада равнақ топтириш, уйғоқ хотиралар ўгити ҳамоҳанглигида келажак авлодни юксак маънавиятли, ватанпарвар ва фидойи инсонлар этиб тарбиялашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётир.
Шоҳиста БОЗОРОВА