Қашқадарё газетаси Маънавият “Буюклар ҳақида 100 та далил” китоби тақдимоти ўтказилди
Маънавият

“Буюклар ҳақида 100 та далил” китоби тақдимоти ўтказилди

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Китоб туманидаги “Нурафшон” болалар оромгоҳида “Буюклар ҳақида 100 та далил” китоби тақдимоти ўтказилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Ўзбекистон тарихи” телеканали ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида 8 та тилда тайёрланган ушбу тўпламда дунёга машҳур 10 аждодимиз ҳақида энг муҳим маълумотлар жамланган. Жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳақида ҳамма билиши зарур фактлар келтирилган.

Ёшлар орасида оммалашиши учун тўпламдаги тасвирлар сунъий интеллект ёрдамида яратилиб, жанг саҳналари қизиқарли тарзда акс эттирилган ва QR-кодлар орқали батафсил танишиш имкони мавжуд.

– Давлатимиз раҳбари бошчилигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар тарбияси, ватанпарварлик руҳи, миллий қадриятларга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Карамова. – “Буюклар ҳақида 100 та далил” тўплами ушбу вазифалар ижроси сифатида тайёрланди ва давомли равишда чоп этилади.

Қайд этиш лозим, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун мўлжалланган ушбу тўпламни тузишга Фанлар академияси Тарих институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мутахассислари жалб этилган.

Тадбирда мазкур тўпламнинг аҳамияти, келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар берилди.

Exit mobile version