Қашқадарё газетаси Маънавият БУЮК ФИКРЛАР НАФАҚАТ БУЮК АҚЛДАН, ШУ БИЛАН БИРГА, БУЮК ҲИССИЁТДАН ТУҒИЛАДИ
Маънавият

БУЮК ФИКРЛАР НАФАҚАТ БУЮК АҚЛДАН, ШУ БИЛАН БИРГА, БУЮК ҲИССИЁТДАН ТУҒИЛАДИ

Сараланган сатрлар

Фёдор Михайлович Достоевский дунё адабиёти хазинасига “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, “Иблислар”, “Ака-ука Карамазовлар”, “Хўрланган ва ҳақоратланганлар”, “Камбағаллар”, “Ўсмир”, “Ўлик уйдан мактублар” каби бебаҳо асарларни тақдим этган буюк адибдир. У биринчи романи – “Камбағаллар”ни ёзганда, Гогол ўқиб чиқиб, Белинскийга берган ва буюк танқидчи “Рус адабиётида даҳо пайдо бўлди” дея эътироф этганди.

Юртимизнинг таниқли ноширларидан Санжар Назар Достоевский ижодига “Дунёнинг қўнғирранг тасвири” дея таъриф берди. Дарҳақиқат, Достоевскийнинг барча асарларида инсон руҳиятининг қоронғи пучмоқларига, ифода ва ошкор этилмаган туйғулар оламига сайр қилинади. Қолаверса, ёзувчи шизофрения, тутқаноқ касалликлари билан оғриган, ҳам дейишади – буям битикларга таъсирини ўтказмасдан қолмаган.

Яқинда машҳур таржимон Иброҳим Ғафуров ўзбек тилига ўгирган “Айрилмас эр” эса Достоевскийнинг ўзига хос қиссаларидан бири саналади. Хотини ўлиб, унинг дафн маросимидан қайтган эр рафиқасининг қимматбаҳо қутичасидан жазманларига ёзган хатларини топиб олади. Жазманлар эса у ҳурмат қилган, ишонган, ҳатто эътиқод қўйган кишилар, улар нега хиёнатга қўл урди, шуларгаки, ишониб бўлмаса, бу оламда кимга ишониш керак – шу саволларга жавоб топиш истагида эр Петербургга келади, узоқ вақт давомида аламзадалик, хўрлик ва хорликда яшаб, ўзи учун жавоб излайди. Айрилмас эр – номига эр, ҳужжат бўйича эр дегани. Қолган киноя ва кулгини асар тўла мутолаасидан кейин топасиз.

Достоевскийнинг яна бир ўзига хос услуби – аянчли вазиятларни болалар ҳолатидан келиб чиқиб тасвирлайди ва аниқ нишонга уради: маназара китобхон қалбида ўчмас ва аёвсиз из қолдиради.

Теран бадиий психологик йўналишдаги ушбу асарни бир нафасда ўқийсиз – таассуротлар эса анча вақтгача сизни тарк этмайди.

*  *  *

У онги ва виждонига кўра, ўзича устидан ҳеч бир (ўзи ҳам бунга ҳайрон) кулиб бўлмайдиган сабабларни “юксак” деб атарди, – шу вақтгача бундайи сира бўлмаганди, – албатта, бу фақат ўзининг назарида, жамиятда эса бутунлай бошқача! У жуда яхши билардики, агар шароит тўғри келиб қолса – у эртасигаёқ виждонининг барча сирли ва эзгу ҳукмларига қарамасдан, овозини баралла қўйиб, мана шу барча “юксак” сабаблардан бемалол воз кечиб юборар ва ўзи биринчи бўлиб уларни кулги қиларди, албатта, бунда ҳеч қачон ҳеч нарсани тан олмайди; бу ҳақиқатан шундай эди, охирги пайтларда ўзига илгари эгалик қилган “паст” сабаблардан тортиб олинган фикрий мустақилликнинг айрим, ҳатто анча-мунча салмоқли улушига қарамай, шундай эди.

*  *  *

Тун чоғлари уйқусизликда бўладиган ўзгаришлар ва ҳатто фикр-у хаёллар, сўзларнинг эврилишлари умуман одамлар орасида, кўпинча, “қаттиқ фикрлайдиган ва қаттиқ ҳис қиладиганлар” орасида кўп тарқалган ҳол; баъзан бутун ҳаёт эътиқодлари уйқу қочган кезларда ва туннинг хаёлотий таъсирларида кутилмаганда ўзгариб кетган, бирданига ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ машъум қарорлар қабул қилинган, лекин албатта, ҳаммаси маълум бир чегарагача – ва мабодо шахс мана шу эврилишни ўзида, айниқса, қаттиқ ҳис қилса, иш азоб-уқубатга қараб борса, унда шак-шубҳасиз, бу касаллик бошланганидан дарак беради, демак, дарҳол чорасини кўрмоқ керак. Энг яхшиси, ҳаёт кечириш тарзини кескин ўзгартириш, парҳезга ўтиш ё ҳатто саёҳатга жазм этмоқ зарур. Энг фойдалиси, кўнгилни хотиржам қилиш.

*  *  *

Ҳаёт йўлларини босиб ўтган ҳар қандай одамда ўзига хос хотиралар бўлади.

*  *  *

“Аҳмоқона бир тарзда қирққа кириб қолганимга қарамай, ўзимда заррача мустақилликнинг асарини сезмайман. Ҳолбуки, кўз ёшларимни дарё қилиб, тинмай афсусланаман”.

*  *  *

Бу ер чанг-тўзон, дим, бу уйнинг ҳамма ёғи ифлос; мен санғиб юрган бу маҳкамаларда, манави барча корчалонлар орасида сариқ чақага арзимайдиган борди-келдилар, қаланғи-қасанғи югур-югурлар; шаҳарда қолган аҳоли бари шунақа: эрталабдан кечгача у ёқдан-бу ёққа ғимирлаб, липиллаб ўтадиган бу башаралар шунақа: худбинликлари пешоналарига ёзиб қўйилган, бутун жайдари тўпориликлари, килкиллаб турган қўрқоқ юраклари, товуққа ўхшаб мўлтайиб туришлари, – ваҳима касалига мубтало бўлганлар учун бу ерни жаннат деса бўлади, бу жуда жиддий гап!

*  *  *

 Шундай афт-у башаралар борки, уларни кўрганда ҳеч қандай важ-карсонсиз нафратинг қўзийди.

*  *  *

Гўё қандайдир ўзи маълум-у, лекин унутилган сўз каби жон-жаҳдинг билан эслашга уринасан, уни жуда яхши биламан, дейсан – унинг нима маъно англатишини ҳам яхши биламан, дейсан, атроф-теварагида айланиб юрасан, шундоққина тилингни учгинасида туради; аммо ўла қолса эсингга келмайди, қанча уринма, фойдаси йўқ!

*  *  *

Одамнинг бошига нималар тушмайди. Йўқ жойдан бурга келиб тепади!

*  *  *

У шундай бир жирттаки ҳолатда эдики, бундай пайтда энг босиқ одамлар ҳам баъзан ортиқча гапларни айтиб юборишади.

*  *  *

Бундай аёлларга мос эркаклар тоифаси ҳам мавжуд; уларнинг бирдан-бир вазифаси айни шунақа хотинларга қобили лойиқ бўлиш. Унинг фикрича, бундай эркакларнинг моҳияти, нима дейилса тўғрироқ бўларкин, мана шунақа хотинларга “айрилмас эр” бўлишда, бошқачароқ айтганда, ҳаётда фақат шундай эр бўлмоқ ва бошқа ҳеч нарса. “Бундай одам фақат хотин олиш учун туғилиб вояга етади, уйлангандан кейин эса бир юмалаб хотинининг қулига айланади, ўзининг етилган, комил феъл-атвори борлигидан қатъи назар. Бундай эрнинг асосий хусусияти битта: унинг шохи чиқади. Бунинг ўзгача иложи йўқ, қуёшнинг хислати нур сочиш, аммо буни унинг ўзи ҳеч қачон билмайди, табиат қонуниятлари бўйича буни ҳеч қачон билолмайди”.

*  *  *

Бир донишманд айтган экан: “Душман ўлса яхши, аммо тириги ундан ҳам яхши”.

*  *  *

Одамларнинг гап-сўзларига қараганда, бир комиссар эмишми-эй, кеча қўноқдан бир хона олибмиш, эрталаб эса ўзини осиб қўйибмиш. Сабаби, пулларини еб қўйибмиш – тумонат одам йиғилди. Павел Павловичнинг ўзи уйида йўқ эди. Қизча ўз ҳолига ташлаб қўйилган, бир қарасам, йўлакда одамлар орасида кўрдим, ўзини осиб қўйган одамга ғалати-ғалати қилиб мўралаб қарайди денг. Мен уни дарров бу ерга олиб келдим. Нима гап денг, қалт-қалт титрайди, рангида ранг қолмабди, шундай қорайиб кетибди, олиб келишим билан гурс этиб ерга қулади, типирчилаб ётди, кейин базўр кўзини очди. Ҳушидан кетадиган одати бор эканми, нима бало, касал бўлиб ётиб қолди. Отаси хабар топиб етиб келди, ҳамма ёғини пайпаслаб текшириб чиқди, тегинмайди-да нуқул пайпаслайди денг, кейин майхўрликка ўтирди, бола бечорани қўрқитади: “Мен ҳам, дейди, ўзимни осаман, сен туфайли осаман”. Яна қизчаси олдида сиртмоқ ясаяпти. Қизча эса ҳушини йўқотиб, дод дейди. Қўлчалари билан уни маҳкам қучоқлаб олган, “Бошқа қилмайман, – дейди, ҳеч қачон қилмайман”. Ачинасан киши!

*  *  *

Қайғу-ғамдан кейин қувонч ҳам келади, ҳаётда доим шундай.

*  *  *

Одамлар ўртасида қандайдир юксак бир нарса сақланади, менимча, у шундай сақланиши ҳам керак, нима дедингиз? Барча шарт-шароитлар-у келиб чиқиши мумкин бўлган турли-туман нохушликлардан ҳам нисбатан юқори турадиган юксакликни айтаётирман…

*  *  *

Туш қўрқинчли, Худо меҳрибон.

*  *  *

Худо дуони, подшо хизматни унутмайди.

*  *  *

Буюк фикрлар нафақат буюк ақлдан, шу билан бирга, буюк ҳиссиётдан туғилади.

*  *  *

Энг табиий бўлган нарсаларни бу даражада тушунмаслик – энг оддий ҳиссиётлар ва тушунчаларни бузиб талқин қилишдан туғилади, биринчидан, узоқ бемаъни ҳаёт кечиришдан, иккинчидан эса узоқ бекорчиликдан.

*  *  *

Нимагадир эртанги кун унга ҳал қилувчи ва тубдан ўзгариш ясовчи кун бўлиб туюлади.

*  *  *

Энг авбош-тасқара бу – ҳиссиётлари олижаноб авбош-тасқарадир. Табиат авбош учун мушфиқ она эмас, балки ўгай онадир. Табиат авбош-тасқарани туғади, лекин унга раҳм қилиш, уни эркалаш ўрнига аёвсиз қатл этади. Бағирдошликлар-у кечиримли кўз ёшлар бизнинг замонамизда ҳатто яхши одамларга осон тушмайди, сиз билан бизга ўхшаганларга , э-ҳа, йўл бўлсин…

*  *  *

Граждан бўлиш – кибор жамиятидан яхши. Айтмоқчи бўлган гапим – бизнинг Россиямизда кимни ҳурмат қилишни билмайсан. Бу асрнинг энг   оғир касали, кимни ҳурмат қилишни билмайсан – тўғрими?

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version