Қашқадарё газетаси Маънавият БУ ДУНЁДА МУШТ ҲАЛ ҚИЛА ОЛМАЙДИГАН МУШКУЛОТЛАР, АҚЛ БИЛАН ЕЧИБ БЎЛМАЙДИГАН ТУГУНЛАР БОР
Маънавият

БУ ДУНЁДА МУШТ ҲАЛ ҚИЛА ОЛМАЙДИГАН МУШКУЛОТЛАР, АҚЛ БИЛАН ЕЧИБ БЎЛМАЙДИГАН ТУГУНЛАР БОР

Улуғбек Ҳамдам бугунги ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга ёзувчи. “Ёлғизлик”, “Исён ва итоат”, “Мувозанат” каби насрий асарлар адиб номини эл аро танитган. Қолаверса, у шоир ҳам, шу боис битикларида нозик ҳиссиёт, дунёни, ҳаётни мукаммал кўриш орзуси, фалсафий мушоҳадалар ўз аксини топади. Филология фанлари доктори сифатида адабиётшунослигимиз ривожига қўшган ҳиссасини ҳам эътироф этмоқ даркор. Ўз навбатида, Улуғбек Ҳамдам моҳир таржимон – Жалолиддин Румийнинг “Фиҳи мо фиҳи” (“Ичиндаги ичиндадир”) асарини ўзбек китобхонлари шу адиб ўгирмаси орқали таниган.

Ёзувчининг сўнгги асарларидан бири – “Ота” романида ўзбек оталарининг умумлашма образи бўй кўрсатади. Ўтган аср воқелиги – жаҳон уруши, қатағонлар, тинч шароитдаги инсоний курашлар фонида ўзлигини, иймонини сақлаб қолишга уринган Ота сиймоси ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги изоҳларимизда асар, сюжет, моҳият ҳақида кўп гап айтмаяпмиз. Сабаби, олдиндан айтиб қўйилган мазмун ўқувчини китобдан маълум маънода узоқлаштирар, қизиқишини сўндирар экан. Бинобарин, сара китобларни тарғибу ташвиқ этиш биздан, мутолаа ва кейинги хулосалар сиздан, азиз газетхон!

“Ота” ҳақида филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Умарали Норматов “Адабиётимиз, жумладан, романчилигимиз фалаж ҳолатга тушиб қолган ҳозирги шароитда бу асар роман жанрига қайта жон ато этди”, дея фикр билдирганки, шунинг ўзиёқ китобни ўқиб чиқишга сабаб бўла олади, бизнингча. Сизга манфаатли мутолаа тилаймиз.

Сараланган сатрлар

* * *

Ҳа, нимасини айтайлик, буни ҳаёт дейдилар! Одамнинг ковушини шундай тўғрилабгина қўядики, ўша одам бошқа бировнинг ковушини тўғрилашга на фурсат топади, на рағбат!

* * *

Бу дунёда мушт ҳал қила олмайдиган мушкулотлар, ақл билан ечиб бўлмайдиган тугунлар бор.

* * *

Ҳаёт нима ўзи? Бир келишу бир кетиш-да! Шу келиб-кетишда ортингдан қоладигани фақат бола! Бола – ўлимнинг юзига инсон туширган тарсаки. Ортидан фарзанд қолдирибгина “Дунёда мен ҳам борман!” дея олади эркак киши. Йўқса, умр деганлари ҳовучингга олган сувдек гап – оқади-кетади.

* * *

Ҳамма саволларингга жавоб топсанг, бу дунёда яшашнинг қизиғи ҳам қолмаса керак.

* * *

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, дейишади. Бўлмаса ҳам, ҳар ёмон ишнинг бир яхши томони бўлишига ишонгиси келади одамларнинг. Ҳамда тўғри қилади.

* * *

Уруш дегани ҳамма бирга, айни дамда, ҳар кимнинг бир ўзи енгиб ўтиши керак бўлган синовдир.

* * *

Сув кўтарилганда балиқлар чумолиларни еса, сув чекиниб дарёлар туби кўриниб қолганда, чумолилар балиқларни ейди.

* * *

“Бизни Никита бор-ку, ўша олмон йигитчани яралаган эди, чунонам дод солдики, юрак-бағримиз эзилиб кетди. Менимча, онасини чақириб фарёд солди-ёв. Ўшанда мен ўша йигитчани ўзи хоҳлаб, бизни ўлдираман, деб келганига ишонмадим. Олдин ишонар эдим, энди йўқ! Душманимни ўз кўзларим билан кўриб, унинг қандай изтироб чекаётганини юрак-юракдан ҳис қилганимдан кейин улар ҳам ўзимизга ўхшаган одамлар эканига иймон келтирдим, ая! Энди мен урушга ишонмай қўйдим. Урушга кириб тўғри иш қилганимга ҳам шубҳалана бошладим. Мен, Никита, анави олмон йигити… ҳамма-ҳаммамиз кимнингдир ноғорасига ўйнаётгандекмиз, ая!.. Агар Ватан – сиз, отам, Ёғду, қўшниларимиз, маҳалламиз одамлари, бутун ўзбекистонликлар бўлса, тушунаман, сизлар учун ҳар қандай урушга кираман! Лекин бу ерда бошқа нарса борга ўхшайди, бошқа нарса…”

* * *

Ҳаётнинг ўзида шунақа воқеа-ҳодисалар юз берадики, эртаклар уларнинг олдида бор-йўғи арзимас чўпчакларга айланади-қолади.

* * *

Ҳаёт ҳаёт экан. У сира кутилмаганда бахтнинг ёнида кулфат, туғилишнинг олдида ўлим, соғлиқнинг ичида хасталик борлигини ҳар кун, ҳар лаҳза эсга солиб турар, агар инсон қалби ғоят ҳассос бўлиб, атрофида рўй бераётган мана шу турфаликни бутун ранг-баранглиги билан ҳис қила олса, унинг юзида қувончу қайғу тинимсиз равишда алмашиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин.

* * *

Одам бутунлай бахтсиз бўлолмайди. Ундай десак, одам бутунлай бахтли ҳам бўлолмайди-да!.. Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам емирилишга маҳкум. Эҳтимол, шунинг учун ҳам халқ минг йил яшаб, минг йил мушоҳада қилиб, сўнг “ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғдир”, дегандир… Ҳай майли, нима бўлганда ҳам, бу каби сўзлар умри зулматга тўлиб кетган инсон йўлида ёқилган умид чироғидир. У ўз ҳаётидан тополмаган ёғдуни, ҳечқурса, сўзлардан, ҳикматлардан топади. Шоирнинг “Қоп-қора деворга суяниб, Ёп-ёруғ хаёллар сурасан” деган мисралари ҳам бежиз туғилмаган, ахир! Деворнинг қоралиги хаёлнинг ёруғлигига сабаб бўлмоқда. Инсон ўз мувозанатини шундай барпо этмоқда. Йўқса, деворнинг қоралиги уни маҳв этади. Маҳв этмаслиги учун ҳам “ойнинг ўн беши ёруғ” дейди. Инсон ўзини мана шу тарзда ҳалокатдан қутқариб қолмоқчи бўлади.

* * *

Эртак воқелиги ҳар қанча мураккаб бўлмасин, қаҳрамонлар ўз тақдир йўлларида нақадар мушкулотларга дуч келмасин – у уч бошли аждар бўладими ёки йиртқич ҳайвон, ёки айёр ялмоғизу мунофиқ ҳамроҳ, борса қайтар, борса хатар ва борса қайтмас йўлларми, булардан қатъи назар, эртакнинг охиридаги ана шу сеҳрли сўзлар – “муроду мақсадига етибдилар” ибораси ҳамма-ҳаммасини ичдан ёритиб юборар, қийинчиликлару айрилиқларни, ёмонликлару ёвузликларни бурда-бурда қилиб ташларди. Қани энди ҳаётда ҳам шундай бўлса – дунёга келган ҳар киши муродига етса!.. “Аслида инсон қисмати мана шундай бўлиши – муроду мақсадига етиши керакмасми?! Ёки бани одам деганимиз фақату фақат машаққат чеккани, айрилгани, адоқсиз изтироблар тўрига тушиб ҳўнгир-ҳўнгир йиғлагани келадими бу ёруғ оламга?!”

* * *

Инсонлик ҳоли шу экан-да, ёрдам беролмаса ҳам, бир-биридан кўнгил сўрар экан, фойдаси бўлмаса ҳам, бир-бирига кўнглини тўкиб соларкан. Моддий-жисмоний кўмак ололмаса ҳам, маънавий-руҳий далда бўлади, дер экан… Шунинг ўзи бошқа бир одамдан кутилаётган, кутилиши мумкин бўлган энг катта инсонийлик, инсонпарварлик эмасми? Инсон деганимиз бошқа бир инсонга бундан ортиқ нима беролади ўзи?.. Шу саволнинг жавоби билан тузукроқ қизиқиб кўрсангиз, аён бўладики, ҳеч нарса! Ажал бўғзидан олиб турган бир лаҳзада, ўлгувчининг титроқ қўлларидан тутиб, жавдираган кўзларига боққанча: “Қўрқма! Мен сен биланман! Ажалга даво йўқ. Бугун сен, эртага эса мен. Унга биргалашиб тик боқамизу Яратгандан яхшиликлар умид қилиб қолаверамиз!..” дейишдан ортиқ ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарса беролмайди. Лекин жон бераётган инсонга шугинани бермаган, беролмаган касни эса инсон деб бўлмайди. Ундайлардан узоқроқда яшаш керак, токи паймонанг тўлганда кунинг ўшаларга қолмасин!

* * *

Ҳаётда шундай саволлар бўладики, инсон дегани минг дониш бўлса-да, ақли қирқни ёрса-да, жавоб ўлгурни тополмайди. Ундай саволлар жавобини фақат ҳаётнинг ўзи топиб беради, ҳаётнинг ўзи!

* * *

Ҳаммамизнинг отимизда бек, бой, жон, хўжа бор-у, ўзимиз қул бўлиб юрганимизни қара!

* * *

Ота… Қиз бола учун дунёдаги энг қутлуғ, энг баланд, энг азиз сўз бўлса, ажабмас!..

* * *

Гоҳида инсонларнинг соғлом эканликлари уларнинг тўғри қарорлар олишларига фақат халақит беради.

* * *

Инсон дегани нимагадир арзимоғи керак: ё севишга ва ёхуд нафратланишга! Арзимаган инсонни севиб ҳаётингни елларга совурма! Арзимаган инсонни ёмон кўриб азиз умрингни сувларга оқизма!

* * *

Инсоннинг ҳеч қандай тузум дахл қила олмайдиган бахту бахтсизликлари, қувончу ташвишлари бўлади. Ҳар қандай ёмон жамиятда ҳам инсоннинг юзи кулиши, айни дамда, ҳар қандай яхши жамиятда ҳам унинг кўзларидан қайғу ёшлари оқиши мумкин. Бунга ҳеч ким, ҳеч қандай куч монелик қилолмайди. Чунки бу Яратганнинг инсон фитратига жойлаган уруғнинг яшаш тарзидир.

* * *

Инсон ҳаёти деганлари ҳозиргина шамол турганда “лип” этиб ўчган чироқдек омонат экан. Умр шунчалар омонат бўлса, бу умр мобайнида кўнгилда туғилган севинч-истакларнинг қисмати ҳам ундан баттардир.

* * *

Эҳ, барибир яхши одамлар бор, барибир бор-а! Энди ўлишга тайёр бўлганингда, ҳар лаҳза ўлимни ёд этиб, Аллоҳдан ўзингга ўлим тилаб юрганингда, бирдан улар – яхши одамлар қаршингдан чиқадилару яна яшаш истагини кўнглингга соладилар.

* * *

Чанқаш изтиробини туймаган инсон ҳеч қачон сувнинг асл таъмини билмайди, асл қадрига етмайди, билмас экан, етмас экан! Ҳа, ўзининг ҳадди аълосига етган эҳтиёжгина нарсаларнинг чин қадр-қиммати-ю мазмун-моҳиятини очиб бера оларкан, шундай эҳтиёжни туйган инсонгина бу ҳақда сўз сўзлашга ҳақ қозонаркан. Унинг олдида бошқаларнинг гаплари худди гул водийни кўрмасдан туриб, у ҳақда ўзидан тўқиб-бичиб сўзлашига ўхшаб қоларкан-қўяркан…

* * *

Хато қилмасдан аввал тўғрини билмадим, гуноҳ қилмасдан бурун эса тавбага келмадим, келолмадим. Эҳтимол, бошқалар ҳам шундайдир.

* * *

Ҳар ким ўз хулосаларига ўз йўлидан юрибгина келиши мумкин экан. Ҳар кимнинг йўли бу – ҳар кимнинг пешонасига битилган битиги экан. Тақдири азалда, лавҳул маҳфузда Сенинг амринг ила битилган битик! Шунинг учун ҳам дунё бор экан, унда хатолару гуноҳлар ҳам абадий, тавбалару савоблар ҳам!.. Майли, ўзга бировга тушунтиролмасдир, лекин инсоннинг ўзини ўзи тушуниб етиши – тавбага келиши унинг ҳаётидаги энг катта мўъжизадир!

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version