Луқма
Бу оламда ҳамма сотувчи ва харидор мақомида яшайди: муаллим билим сотади, дўхтир шифо, деҳқон уруғ, новвой нон ва ҳоказо. Фойда кўрилган жойда эса маркетинг ҳам ишламаса бўлмайди, яъни кўпроқ харидор жалб этиш кўйида ҳамма ўз хизматини, иши ёки маҳсулотини зўр деб мақташга, кўрсатишга интилади. Бунинг ёмон жиҳати йўқ. Аммо бунинг-да чегараси бор: аслида айтилган қийматга тенг келмайдиган, номи улуғ, супраси қуруқ эълону тарғиблар одамларни чалғитади, арзимайдиган матоҳни сотиб олишга, жайдари тилда айтганда, пулига куйиб қолишига сабаб бўлади.
Эътибор бергандирсиз, кейинги йилларда турфа марказлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай болалаб кетди. Гап ўқув марказлари ҳақида эмас, бу ҳақда алоҳида сўз юритамиз. Ҳозир ун маркази, ёғ маркази, гўшт маркази, ош маркази, сомса маркази, тандир маркази, костюм-шим маркази, ноутбук маркази-ю телефон маркази каби савдо нуқталари ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Тўғри, аввал чиндан ҳам марказ деса дегулик нуқталар бор эди. Дейлик, ноутбук сотиб олмоқчисиз, исталган нарх ва русумдаги, хоҳлаган ўлчам ва рангдаги маҳсулотни шу ердан топа олардингиз, бошқа жойдан излаб юришга ҳожат йўқ эди (бундай шохобчалар ҳозир ҳам топилади, аммо турфа «марказ»лар аро адашмай излаб топиш керак). Уларнинг чинакам марказ экани ва савдо ҳам яхши юраётганини кўрган олғир тужжорлар ҳавойи нафси йўлида хизмат сифатини яхшилаш, маҳсулот турини кўпайтириш ўрнига қуруқ «марказ» деган номга урғу беришаётгани ажабланарли.
Ўйлаб кўринг: ғарибгина, оқланмаган-кўкланмаган бино, майишиб кетган стол-стул, хира ёнган чироқ, яғир дастурхон, қийшиқ-мийшиқ қошиғу вилка, кириш пештоқига эса хўтикдай ҳарфлар билан «ОШ МАРКАЗИ» деб ёзиб қўйилган. Куласизми, куясизми?
Ёки эгнингизга кийим олмоқчи бўлиб, «костюм-шим маркази»га бордингиз. Кўзга яхши кўринганининг ўлчами тушмайди, ўлчами тушганининг ранги ёқмайди, маъқул тушганининг нархини чўнтак кўтармайди, чўнтак кўтаргани эса ҳаво ўтказмайди. Хуллас, бўғилиб, ҳафсалангиз пир бўлиб чиқасиз. Сизга маъқул кийим топилмаса, унинг «марказ»лиги қаерда қолди?!
Йўл ёқасида профилдан айвон тиклаб, ишлатиб ташлаб юборилган баннер билан ўраб, лойшувоқ тандирда 3 минг сўмлик сомса сотилаётган жойга «Сомса маркази» деб ёзиб қўйишларини қандай тушунса бўлади? Улар бўз кўйлакка тилла тугма тақишга уринаётганларини, онгли одамлар назарида кулги бўлишаётганини сезишадими-йўқми? Қарши шаҳрининг шундоққина биқиндаги ана шундай айвон-сомсахоналардан бирига «МИРАВОЙ СОМСА МАРКАЗИ» деб эълон ёпиштиришибди. Биз буёқда «Улар марказ деб аталишга нолойиқ, тинчгина «сомсахона» деб атайверсин, кулбани сарой, вайронани обод жой деб тиқиштирмасин» деб жон койитиб юрсак, буёқда «жаҳон сомса маркази» авжида экан…
Хўш, ўша «миравой марказ» қандай экан дерсиз? Боя айтганимиздай, профилдан тикланган айвон, лойшувоқ тандир, 3 минг сўмлик сомса (буёқда гўштнинг килоси 130-140 минг, булар нимадан фойда кўраётган экан, деган савол ҳам кўндаланг!), эрталабдан негадир боши ерга букилган икки-уч мижоз; «марказ» ҳам уч кун ишласа, тўрт кун ёпиқ…
Бунисини қўятуринг: «нос маркази»га нима дейсиз?!
Шунчаки, ўйлаб кўрайлик: бундай жойлар марказ деб аталишга қанчалик лойиқ? Аниқроғи, қанчалик ҳақли?
Аввало, бундай эълонлар реклама сирасига кириш-кирмаслигини аниқлаштириб олайлик. Қонунга мувофиқ, реклама деганда, мазмуни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган рекламадан фойдаланувчиларга қаратилган ва реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот тушунилади. Биз айтган бояги нуқталарда маҳсулот эътиборни жалб этиши учун баннерга ёки бошқа нарсага «марказ» деб битиб қўйишибдими, демак, бундай эълонларни реклама сирасига киритса бўлади.
Аслида рекламанинг қонуний талаблари кўп ва бу талабларни ғариб шохобчаларга нисбатан татбиқ этишнинг ўзи ноқулай, эҳтимол имконсиз. Аммо «Реклама тўғрисида»ги қонун 16-моддасига қарасак, номақбул рекламага йўл қўйилмаслиги, харидорни чалғитишга йўл қўйилмаслиги ҳақида қайдлар борлигини унутмаслик зарур.
Гўшт сотиладими, гўшт дўкони, овқат пишириладими, тамаддихона, кўйлак сотиладими, кийим дўкони деб ёзиб қўявериш керак, вассалом. «Марказ» деб ўзларини улуғлашга, йўқни бор деб кўрсатишга, ялтираган шишани тилла деб бежашга асло ҳожат йўқ. «Биргина марказ деб ёзганга шунча ғавғоми, нима, осмон узилиб ерга тушармиди» дейдиганлар ҳам ўзича ҳақ. Улар сўзнинг қийматини, баҳосини билишмас, аммо биз биламиз. Билганимиз учун айтамиз. Қолаверса, шуни айтиш бурчимиз ҳам…
ЙЎЛОВЧИ
