Қашқадарё газетаси Маънавият ВАҚТ, ЗАМОН, ВОҚЕАЛАР БУЮК СУРЪАТ БИЛАН КЕТМОҚДА, МАКТАБЛАР ЭСА…
Маънавият

ВАҚТ, ЗАМОН, ВОҚЕАЛАР БУЮК СУРЪАТ БИЛАН КЕТМОҚДА, МАКТАБЛАР ЭСА…

Сараланган сатрлар

Қаерда ўқитувчининг мақоми баланд бўлса, ўша жойда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Японлар “Ўқитувчига вазирнинг маоши, элчининг хавфсизлиги ва императорнинг ҳурмати берилади”, дея бежиз айтишмаган. Айни иқтибос кунчиқар юртда таълим ва устозларга бўлган юксак эътиборни, уларнинг жамиятдаги юқори мавқеини ифода этиши билан аҳамиятлидир. Жамиятда муаллимлар эъзозланмас, унинг сезиларли ўрни бўлмас экан, ўша ерда муаммолар бўй кўрсатаверади.

Оддий мисол. Юз йил олдин мамлакатимизда таълим даражаси қандай бўлган? Болаларга нима ўқитилган ва жамият бундан қандай наф кўрган? Айни масаланинг бадиий ифодасини Ойбекнинг “Болалик хотираларим” қиссасида кўриш мумкин.

Таълим барча йўналишлардан орқада қолган, чинакам муаллимлари бўлмаган жамият зулм остида, хор-у ночор умр кечиришга маҳкум эди. Эски мактабларнинг ўқитиш тизими билан боғлиқ лавҳаларни ўқиркансиз, бугунги таълим, муаллимларнинг қадрига кўпроқ етасиз, қадрлаш кераклигини теран англайсиз.

*  *  *

Шу пайтда маҳаллада қандайдир ур-сур, жанжал, тўполон бошланиб кетади. Бундай жанжаллар бизнинг маҳаллада тез-тез бўлиб турар эди. Бизнинг тор, тиқилинч хонадонлар бир-бирига сиқилган маҳаллада ҳар бир оиланинг аҳволи, ғам-ғуссаси ҳаммамизга маълум. Турмуш қурғур ниҳоятда оғир. Ҳар кун деярли ҳамманинг қозонида ёвғон хўрда, қора шўрва, аҳён-аҳёнда ярим қадоқ гўшт билан палов дамланса – уйда тўй ҳис қиласиз… Ҳамманинг аҳволи танг, ожизлик, ғариблик, қашшоқлик ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага оғир чўккан…

*  *  *

Мактабда шовқин зўр. Шогирдларнинг ҳаммаси бирваракай қичқириб ўқиганларидан кучли чуввос мактаб хонасидан тошиб, ташқарига янграйди. Катталар баланд, оҳангли овоз билан Қуръондан, Ҳофиздан, Фузулийдан, Навоийдан ўқийдилар. Мен бўлсам кичкиналарга эргашиб, шавқ билан алифбени такрор-такрор ўқийман. Узоқ ўқийман. Ҳориб ҳолдан кетаман. Томоғим қуриб, мени тер босади.

Гоҳо домлам қатор-қатор ўтирган болалар орасидан аста юриб, қамчи билан қарс-қарс болаларни уриб ўтади. Болалар шунда яна баландроқ овоз билан бақириб ўқийдилар. Мен қўрққанимдан қалтираб, тахтани юзимга янада яқинроқ тутиб, берилиб ўқийман. Ниҳоят, чарчайман.

*  *  *

– Боракалло, лекин озгина бор. Катталарнинг олдига ўтир, ўқитиб қўяди, – дейди домлам, бурнини тортиб, қаттиқ аксириб юборади.

Мен мўйлови чиққан, новча бир шогирд олдига бораман.

– Э-э, сенларнинг сабоқларингдан ўлдик-ку!.. – дейди у энсаси қотиб. – Йўқол, домлам ўлгур ўзи ўқитсин. Пул олишни билади! – дейди юзини терс буриб.

Мен ялинаман:

– Озгина ўқита қолинг.

– Зерикдим жуда, ҳали ўқи, ҳали ўқит… Ўтир қани, жиндай ўқитаман, – дейди шогирд ҳорғин товуш билан.

*  *  *

– Болалар, қиличини сургаб қиш келди. Ҳаво бузуқ, эҳтимол қор ёғар. Ҳамманглар бир сўлкавойдан кўмир пули келтиринглар!

Шув этиб, болалар шивирлаша бошлайди. Домлам товушини юмшатиб, давом этади:

– Хўш… Болалар, чироқларим, яна бўйра пули олиб келинглар… Тупроқ бўлди-ку, бўйралар, уят-ку ахир! Бўйра пули – уч танга! Ота-оналарингга айтиб, жадаллаб йиғиб келинглар! Муҳлат – бир ҳафта… Қани, ўқишга! – дейди домлам чопонининг этаклари билан тиззасини ўраб.

Етим, камбағал болалар “Нима қиламиз энди?” деб шивирлашади. Дилларимиз ғаш.

*  *  *

Домлам болаларнинг бошими, елкасими, юзими, кўзими писанд қилмай, қамчи билан бир-икки дафъа қарсиллатиб саваб ўтади. Қамчининг зарбидан бировлар пиқ-пиқ йиғлайди, бировлар пинагини бузмай бўзрайиб қотиб туради, бировлар эса қўрққанидан икки қўли билан юз-кўзини яширади.

Қамчи шартта узилади.

– Мана, қамчи ҳам эскирипти, – дейди домлам қамчини четга улоқтириб. – Эртага ҳамманг бир тангадан олиб келасанлар. Янги қамчи оламиз! – жаҳл аралаш бақиради домлам.

*  *  *

Саҳарлаб мардикорлар, яланг оёқ, елкаларида ярақлатиб пешланган катта кетмонлар, бозорга, ишга чопадилар…

Бизлар пахталик чопонларни, тўнларни, йиртиқ-ямоқ калиш-ковушларни отганмиз. Енгил кийинганмиз, ҳамиша оёқлар яланг…

Ҳамма ёқда баҳор! Баҳор нашъаси кўнгилларга ҳам кириб олган… Оёқлар тош боғлангандек, мактаб томон базўр юради, лекин мактабдан “Озод!” деганда, қушдай енгил учамиз.

*  *  *

Ғазал ниҳоят таъсирли. Айниқса, уч-тўрт боланинг овози жуда ёқимли, оҳангдор. Ҳаммамиз жим тинглаймиз. Мен сел бўлиб, эриб кетаман. Фузулийнинг шеърларини севаман. Шеърлари нафис. Ўзим гул ва маҳбуб ҳақида гўзал шеърларини биламан. Опам ўргатган. Кичкиналар билан мен ҳам секин-секин катталарга эргашаман. Музика йўқ, чилдирма, дутор, танбур йўқ, аммо шеър бор, қўшиқ бор! Фақат ёш, тиниқ товуш билан, оҳанг билан шеърларга кўнгилга етиб борадиган музика берамиз, жон берамиз!.. Домлам чолғуни сира ёқтирмайди: “Гуноҳ, турган-битгани гуноҳи азим. Зинҳор-зинҳор қўлингизга чолғу ушламанг!” деб уқтирарди, танбеҳларди.

*  *  *

Бир лаҳзагина домлам бизни ёлғиз қолдиргудай бўлса, дув этиб, ўзимизни кўчага урамиз, маҳкама олдини, ундаги шовқин-тўполонни томоша қиламиз. Йўрға отларда, ярақлаган извошларда кеккайиб ўтган бой, бойваччаларга миршаблар икки букилиб таъзим қиладилар. Камбағаллар, мардикорлар, ғариблар миршабларнинг зуғумидан, қаҳридан дир-дир қалтирайди. Мен ўйлайман: нега миршаблар бундай ёмон, бадбахт бўлар экан? Нега миршаблар орасида бирортагина фақирга меҳрибон, раҳмдили топилмас экан?..

*  *  *

Вақт, замон, воқеалар буюк суръат билан кетмоқда. Бойлар, ер эгалари, савдогарлар аввалгидан бадтар қутурмоқда. Дабдабали, ҳашаматли тўйлар, базмлар, зиёфатлар, айшу ишратлар тинмайди. Лекин халқ юпун-яланғоч, камбағаллар, етим-бечоралар бир бурда нонга зор. Уламолар бўлса вақфдан катта-катта даромад олади. Муваққат ҳукумат, бойлар ва ер эгалари деҳқонларни, ишчиларни алдайди. “Урушдан кейин, буюк ғалабаларга етишгандан кейин ер-сув масаласи ҳал бўлади”, деб ёлғон ваъдалар билан буларнинг қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдирадилар.

Уламолар ва жадидлар низо чиқариб, жанжал, ур-сур тўполон кўтардилар. Арабча, форсча гаплар, ҳайбатли диний иборалар билан жар соладилар. Уламоларнинг мураккаб тилига халқ тушунмайди.

*  *  *

Мактаблар масаласи ғоят мушкул масала. Эски мактабларимиз ғоят фаже воқеадир. Уламо ҳазратларнинг бу яна энг зарур вазифасидир. Тошкент аҳолиси янги мактаб, эски мактабнинг маъносини тушунмайди, лекин замон ўзгариб, илм-фан соҳасида кўп янгиликлар, тилсимотлар мавжуд бўлмоқда. Аввало, мактаб масаласи бойларнинг ишидир. Лекин бойларимиз ғоят бепарводирлар, кўзлари ҳамёнларидан бошқа нарсани кўрмайди. Бу уларнинг омийликларидан, фикрлари торлигидан келиб чиқади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version