Қашқадарё газетаси Жамият Вилоятда неча кишига энг олий унвон берилган?
Жамият

Вилоятда неча кишига энг олий унвон берилган?

Маълумки, мамлакатимизда энг нуфузли давлат мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвони саналади. Мазкур унвон Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига (айрим ҳолларда Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам) давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади.

Хўш, мазкур мукофот таъсис этилган 1994 йилдан буён Қашқадарё вилоятидан неча киши Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган?

Маълумотларга кўра, Абдулла Орипов, Бўрон Рўзиев, Ғайбулла Раҳмонов, Қобил Мўминов, Муродулла Саидов, Баҳодир Илясов, Абдимурод Бозоров, Муҳаббат Шарапова – қашқадарёлик жами 8 киши давлатимизнинг энг олий мукофотига сазовор бўлган.

Қашқадарёга оид

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповни танимайдиган-билмайдиган одам кам топилади. Шоир 1941 йил 21 мартда Косон туманидаги Некуз қишлоғида туғилган. 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матни муаллифи. 1983 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони, 1998 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилган.

2007 йили «WIPO Creativity Award» олтин медали билан мукофотланган. Япониянинг Сока университети профессори, Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси, фахрий «Италия юлдузи» халқаро ордени билан тақдирланган.

Абдулла Орипов биринчи ва иккинчи чақириқ Олий Мажлис депутати, Сенат аъзоси сифатида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг қонуний асосларини такомиллаштириш ишида фаол иштирок этган.

2017 йили Президентимиз   Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ижод мактаби ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрдаги қарори билан 2021 йилда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди.

1941 йилда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган Бўрон Рўзиевнинг Қашқадарёга қандай алоқадорлиги бор? Гап шундаки, унинг отаси асли помуқлик бўлиб, 1930-йиллардаги қаҳатчилик пайти оиласини олиб, Қизилтепага кўчиб боради. Иккинчи жаҳон урушига кетиб, қайтмайди. Натижада Бўрон Рўзиев онаси билан Помуққа қайтишга қарор қилишади. Аммо ўша вақтлари иш йўқ, шароит оғирлиги туфайли Муборакда яшаб қолишади. Жануби-ғарбий Ўзбекистон, яъни Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудида илк бора нефть ва газ қазиб чиқарила бошланганда, Бўрон Рўзиев шу соҳага ишга кирган илк маҳаллий ишчилардан эди. Унинг фидокорона меҳнатлари беиз кетмади. Давлатнинг қатор орден ва медаллари билан тақдирланди. Энг асосий мукофот – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини Биринчи Президент қўлидан қабул қилиб олди.

Ғайбулла Раҳмонов (1940-2004) Касби туманидаги Хўжаҳайрон қишлоғида туғилган. Пахтачилик, ғаллачиликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Ғайбулла Раҳмонов мустақиллик йилларида фермерлик ҳаракатининг фаол аъзосига айланган.

1999 йилда унга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди. Ўша йилларда вилоят раҳбари бўлиб ишлаган Нуриддин Зайниев «Ғайбулла ака деҳқончилик даласининг чинакам дарғаси, ер амалиётининг ўзига хос академиги – улуғ билимдонидир», деган эди.

Қобил Мўминов (1951-2018) Муборак туманида туғилган. 1972 йили Муборак газни қайта ишлаш заводида иш фаолиятини бошлаган. Кейинги 41 йил умри шу цехда ўтган. Уста Қобил Мўминов ясаган эҳтиёт қисмлар, деталларнинг довруғи нафақат заводда, балки узоқ ҳудудлардаги нефть ва газ саноати тизимларига ҳам етиб борганди. У тайёрлаган деталлар собиқ иттифоқ газ саноати министрининг эътиборини тортади  ва у заводга келиб, темирчи билан шахсан учрашади. Министр Астраханга Франциядан олиб келинган сепаратор ишдан чиққанда, икки кунда худди шундай детални тайёрлаб берган темирчи ўз иши билан французларни қойил қолдирганини сўзлаб беради.

Қобил Мўминов мустақилликнинг дастлабки йилларида «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. Сайловчилар унга катта ишонч билдириб, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайлашди. 2001 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Муродулло Саидов (1935-2009) Миришкор туманида туғилган. Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, ўсимликларни ҳимоя қилиш станцияси директори, дон маҳсулотлари бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.

1986-2006 йилларда «Жейнов» ширкат хўжалиги раиси лавозимида ишлаб, у бошчилигидаги жамоа ғаллачилик, пахтачилик, боғдорчилик, чорвачилик, сабзавот-полиз маҳсулотлари бўйича юқори ҳосилдорликка эришган. Муродулла Саидов етакчилик қилган даврда хўжаликда саноат корхоналари, мактаб, боғча, коллеж, аҳоли турар жой мавзелари, бозор мажмуаси ва спорт комплекслари қурилди.

Муродулло Саидов 1992 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони, 1999 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, билан мукофотланди. 2002 йилда Ватанимизнинг энг юксак мукофоти – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига мушарраф бўлди.

Баҳодир Илясов (1961) Шаҳрисабз туманида туғилган. У вилоят темир йўл тизимининг ривожланишига, янги тармоқлар очилишига муносиб ҳисса қўшган. Мамлакатимиз темир йўлларда амалга оширилган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари (масалан, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон тармоғининг очилиши), хизмат сифатининг замонавий андазалар асосида йўлга қўйилишида шу соҳада меҳнат қилаётган кўплаб мутахассислар қатори Баҳодир Илясовнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Хизматлари самараси ўлароқ, 2001 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2006 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига муносиб кўрилди.

Абдимурод Бозоров (1942) Қамаши туманида туғилган. Истиқлол шарофати билан колхоз-совхозлар тугатилиб, самарадорликни таъминлайдиган, жаҳон тажрибасида фойдалилиги исботланган фермерлик жорий қилинганда, Абдимурод Бозоров биринчилардан бўлиб бу ҳаракатга қўшилади. «Абди Бозор ўғли» фермер хўжалигини ташкил этиб, 200 гектар ерга эгалик қилади.

1999 йили «Меҳнат шуҳрати», 2008 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 2011 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони, 2014 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирлангани бежиз эмас.

 Муҳаббат Шарапова (1949) Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. У вилоятда биринчи бўлиб болалар учун математикадан қўлланмалар ёзган. Ўқувчилари 22 марта республика олимпиадасида, 9 марта халқаро танловларда ғолиб бўлишган.

Муаллиманинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида жамиятдаги фаоллиги ҳам алоҳида эътиборга молик.

Муҳаббат Шарапова 1991 йили «Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси» нишони, 1996 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2007 йили   «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», 2016 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version