Қашқадарё газетаси Жамият Вилоятда “қизил” тоифадаги маҳаллалар сони 2 баравар камайди
Жамият

Вилоятда “қизил” тоифадаги маҳаллалар сони 2 баравар камайди

Маҳаллий Кенгашларда

Қашқадарёда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида вилоятдаги 776 та маҳалланинг 727 таси ёки 93,7 фоизида криминоген вазият барқарорлиги таъминланди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоиловнинг ҳисоботида келтирилган ушбу рақамлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг шу йил 24 ноябрдаги тегишли қарорида акс эттирилган. Ҳужжатда кўрсатилганидек, ҳисобот даврида вилоятдаги маҳаллаларнинг 474 таси (криминоген вазият бўйича «яшил» тоифа) ёки 61 фоизида олдини олиш мумкин бўлган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган, яна 253 таси («сариқ» тоифа) ёки қарийб 33 фоизида жиноятлар камайишига эришилди. Жиноят сони ошган («қизил» тоифадаги) маҳаллалар сони  49 тани, салмоғи эса 6,3 фоизни ташкил этиб, ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг мос давридаги рақамга (101 та) нисбатан сезиларли даражада, яъни 52 тага ёки 51 фоизга камайган.

Қарорда қайд этилишича, йил бошида вилоятдаги криминоген вазияти оғир 91 та маҳаллага шаҳар ва туман раҳбарлари, ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳамда қўриқлаш хизмати бошлиқлари бириктирилиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш бўйича тизимли ишлар бажарилди. Тегишли «йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, ижроси бўйича аниқ чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шунингдек, криминоген вазияти оғир маҳаллаларга қўшимча 1 нафардан профилактика инспекторлари ажратилди ва 2 нафар ходимдан иборат ППХ автоэкипажи наряди хизматга жалб этилди. Айни пайтда бириктирилган масъуллар ва маҳаллаларда ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида 4 минг 471 та хонадон бирма-бир хатловдан ўтказилди. Натижада учинчи чорак якуни бўйича ушбу 91 та маҳалланинг 47 тасида («яшил» тоифа) бирорта ҳам жиноят содир этилмади, 33 тасида («сариқ» тоифа) эса вазият барқарорлашди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳисоботига кўра, вилоятда шу йил 9 ойда жами содир этилган 5 минг 876 та жиноятдан 20,6 фоизи (1 минг 210 таси) аниқланадиган, 28,7 фоизи (1 минг 689 та) олдини олиш мумкин бўлган ва 50,7 фоизи (2 минг 977 таси) ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлардир. Шахслар жиноятлари таҳлилига тўхталсак, жорий йил 9 ойида мастлар томонидан содир этилган жиноятлар 30,8 фоизга (65 тадан 45 тагача), ишсизлар жиноятлари 29,3 фоизга (75/53), аёллар жиноятлари 20,8 фоизга (159/126), ёшлар жиноятлари 18,5 фоизга (546/445), вояга етмаганлар жиноятлари 10 фоизга (111/100) ва муқаддам судланганлар жиноятлари 6,8 фоизга (118/110) камайишига эришилган.

Ҳисоботда вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида қилинган бошқа ишлар юзасидан ҳам батафсил маълумотлар келтирилди. Масалан, вилоят ҳудудида жами 14 минг 164 та кузатув камераси ўрнатилгани таъкидланиб, улардан 9 минг 723 таси аҳоли гавжум жойлар ва кўчалар, 312 таси кўп қаватли уйларнинг ҳовлилари, 1 минг 174 таси мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига кириш ва чиқиш жойлари, 565 та мактаблар очиқ спорт майдонлари, яна 2 минг 28 таси (юзни ва авторақамларни таниб олувчи камералар) маҳаллаларнинг асосий кириш ва чиқиш жойлари, шулардан тағин 362 таси савдо марказлари ва бозорларда жойлаштирилгани алоҳида қайд этилди. Эътиборлиси, ўрнатилган видеокузатув камераларининг 3 минг 856 таси вилоят ИИБ «Ситуацион маркази»нинг «Қалқон» платформасига интеграция қилинди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳисоботини эшитар эканлар, ИИБга қонунчилик ҳужжатлари билан юкланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолатини қониқарли деб топди ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Мисол учун, бирорта ҳам жиноят содир этилмаган маҳаллалар фаолиятини вилоят бўйича оммалаштириш зарурлиги қайд этилиб, жиноят сони ошган «қизил» тоифадаги маҳаллалар билан алоҳида тартибда ишлаш, фаоллар билан биргаликда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш орқали бундай маҳаллалар салмоғини янада камайтириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version