Сайидо Насафий (1637-1710) ўз замонасининг атоқли шоири бўлиб, Насафда таваллуд топган. Давр анъанасига кўра, форс тилида ижод қилган. Насафий Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Ўша даврда машҳур бўлган Турди Фароғий йўлидан бориб, ғазаллар, ҳажвий шеърлар ва достонлар битган.
Қашқадарёга оид
Малеҳо Самарқандий «Музаккирул аҳбоб» тазкирасида Насафий Бухородаги Девонбеги мадрасасида, кўримсизгина бир ҳужрада истиқомат қилганини ёзади. Тазкирада шоир ижодига шундай баҳо берилган: «Мақташда унинг номи пайваста келмаган ғазал учрамайди, у мухаммас боғламаган ғазал ҳам топилмайди. Ёқимли ғазаллари сўз усталарини ҳайратда қолдирган, раъно янглиғ мухаммаслари сават тўла гулларнинг тожидир. «Шаҳрошуб»лари бозорларга ғавғо солган, рубоийлари сўз арбоблари эътиборини қозонган, қасидалари салмоқли, маснавийлари сирларга бой, қитъалари пандга сероб, мустаҳзодлари қалбларни ром этувчи, мувашшаҳлари муаммо, чистонлари дилписанд, нимаики ёзган бўлса, бари мумтоз ва олийқадрдир».
Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Нафас Шодмоновнинг маълумот беришича, Сайидо Насафий катта адабий мерос қолдирган бўлиб, лирик ва эпик асарлари ҳажми 18 минг мисрадан ортиқ. Ғазал, рубоий, қитъа, маснавий жанрларида баракали ижод қилган. Сайидо Насафийнинг «Шаҳрошуб» («Шаҳар ҳунармандлари хусусида манзумалар») номли асари диққатга сазовор. 404 байтдан иборат бу ўзига хос асарда шоир ўша даврда Бухородаги 212 хил касб-ҳунар соҳибларини таъриф ва тавсиф этади. Болаларга мос тарзда битилган «Баҳориёт» асарида эса ҳайвонлар ўзаро баҳсга киришадилар. Манзума сўнгида меҳнаткаш халқ рамзи бўлган чумолилар ҳаммадан кучли экан, деган хулоса чиқарилади.
Сайидо Насафий тараққийпарвар шоир сифатида мамлакат яхлитлиги тарафдори бўлган. Ўзаро юрт талашлар, ички низолар мамлакатни таназзулга олиб келишини англаб етган.
Шоирнинг бир рубоийси қуйидагича:
Омад баҳору сайри гулистон ғанимат аст,
Базми висоли ғунчаи хандон ғанимат аст.
Бо қомати хамида равам сўи бўстон,
Наззораи бинафшаву райҳон ғанимат аст.
Мазмуни: Баҳор келди, гулистонни сайр этмоқ ғаниматдир, хандон ғунча висолининг базми ғаниматдир, эгилган қад билан бўстон сари бораман, бинафшаю райҳонни томоша қилиш ғаниматдир.
Сайидо Насафий 1710 йилда Бухорода вафот этган.