Қашқадарё газетаси Илм-фан ВИЛОЯТ ҲОКИМИ СОВРИНИ УЧУН КАСБЛАР ТАНЛОВИ
Илм-фан

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ СОВРИНИ УЧУН КАСБЛАР ТАНЛОВИ

ёш авлод вакилларига касб-ҳунар орқали юқори даромадли иш топиш ва фаровон ҳаёт кечириш мумкинлигини намойиш этади

Ёшлар ва давр

Шу йилнинг февраль-май ойларида Қашқадарёда техникум ўқувчилари ўртасида вилоят ҳокими соврини учун уч босқичли касблар танлови ўтказилади.

Мазкур танловнинг вилоят ва туман (шаҳар) намунавий ташкилий қўмиталари таркиби, низоми ва уни ўтказиш борасидаги чора-тадбирлар режаси вилоят ҳокимининг жорий йил 17 январдаги қарори билан тасдиқланди.

Низомга асосан мазкур танлов ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 10 та касб – пайвандчи, металларга ишлов бериш, автомобилларга хизмат кўрсатиш, ғишт терувчи, сантехника, тикувчилик, ошпазлик, сартарошлик, рақамли ахборотларни қайта ишлаш, қуёш панелларига хизмат кўрсатиш бўйича ўтказилади.

Касблар танловининг биринчи босқичи бевосита техникумларда 2-16 февраль кунлари ташкил этилиб, унда барча таълим шакли бўйича мавжуд касблардан 1-2-босқич ўқувчилари иштирок этишади.

Иккинчи – ҳудудий босқич 3-17 март кунлари бўлиб ўтади ва унда дастлабки босқичда ҳар битта касб бўйича биринчи ўринни қўлга киритган ғолиблар қатнашади. Бу босқичда 16 та туман ва шаҳар техникумларининг вакиллари 5 та ҳудудга бўлинган ҳолда иштирок этиб, ғолиблик учун кураш олиб боришади. Хусусан, биринчи ҳудудда Қарши шаҳри, Қарши ва Нишон туманлари; иккинчисида Косон, Касби, Миришкор, Муборак туманлари; учинчисида Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши; тўртинчисида Чироқчи, Кўкдала, Яккабоғ туманлари; бешинчисида Шаҳрисабз шаҳар, Шаҳрисабз, Китоб туманларидаги барча техникумлар қамраб олиниб, беллашувлар низомда кўрсатиб ўтилган жойлар (жумладан, Қарши шаҳридаги касбий кўникмалар маркази, Касби тумани 2-сон, Ғузор тумани 1-сон, Чироқчи тумани 3-сон ва Шаҳрисабз шаҳар 1-сон техникумлари)да уюштирилади.

  • Низомга кўра, касблар танловининг мақсади ёш авлоднинг касб-ҳунар ўрганиш ва эгаллашга қизиқишини янада ошириш, уларнинг касб-ҳунарга оид илғор билим, кўникма, малака ва компетенциясини намойиш қилиш учун имкон бериш ва шарт-шароит яратиш, касб-ҳунар орқали юқори даромадли иш топиш ва фаровон ҳаёт кечириш мумкинлигини намойиш этиш, ички ва ташқи меҳнат бозорига тайёргарлик даражасини аниқлаш ва юқори босқичга кўтариш, профессионалларни кашф этиш, миллий танловларда ғолиб бўлган иштирокчиларни халқаро касблар танловларига олиб чиқишдан иборат.

Касблар танловининг учинчи – вилоят босқичи 8-15 апрель кунлари бўлиб ўтади ва унда ҳар бир касб бўйича иккинчи босқичда биринчи ўринни эгаллаган ўқувчилар қатнашади.

Танловнинг барча босқичлари икки турда, яъни назарий (тест саволлари асосида) ҳамда амалий (касбий-амалий топшириқлар асосида) синовлар шаклида ўтказилади. Ҳар бир босқичда ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланади. Якуний босқичда ғалаба қозонганларни тақдирлаш маросимини Президентнинг тегишли қарори билан жорий этилган ва шу йилдан бошлаб кенг нишонланадиган 5 май – Касб ва меҳнат кунида ўтказиш мўлжалланмоқда. Бунда ғолиблар соврин ва дипломлар билан бирга «WorldSkills Uzbekistan» ишчи касблар миллий чемпионатига йўлланмалар ҳам олишади.

Яна бир эътиборли жиҳат – вилоят ҳокимининг юқорида қайд этилган қарори билан воҳамиздаги умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларини касбга йўналтириш мақсадида техникумларда ташкил этиладиган «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини ўтказиш бўйича режа-графиги ҳам тасдиқланган. Унга асосан, вилоятимиздаги барча техникумларда бундай тадбирларни шу йил январь, февраль, апрель ва май ойларида ташкил этиш режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version