Вилоятнинг катта муваффақиятга эришган илк тадбиркор аёлларидан бири Нарзиой Шодмонова 1944 йилда Қарши туманининг Кўчкак қишлоғида туғилган.
Қашқадарёга оид
Мустақилликдан сўнг мамлакатимизда тадбиркорликка, хусусий мулк ривожига катта эътибор қаратилиши Нарзиой Шодмоновани ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга ундайди. 1991 йилда Қарши шаҳридаги «Саодат» савдо дўконини ижарага олиб, бу ерда ўз бизнес фаолиятини йўлга қўяди. Шу йилнинг ўзидаёқ «Тикувчи» кўп тармоқли кичик корхонасига асос солиб, 15 кишилик янги иш ўринлари яратади.
Нарзиой Шодмонова 1991-1992 йиллар давомида «Саодат-2» ҳамда «Фарангиз» савдо марказларини қуриб, ишга туширади. 1996 йилда «Назира» хусусий савдо-ишлаб чиқариш фирмасини ташкил этади. Фирма тасарруфида Қарши шаҳрининг Жайҳун кўчасида меҳмонхона, ресторан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ҳамда техник хизмат кўрсатиш мажмуаларини ишга туширади. Уларда яна 150 дан ортиқ кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланади.
Шу йиллар мобайнида Қарши шаҳрининг ҳозирги Ислом Каримов кўчасида «Ишбилармонлар» маркази қуриб битказилди. 2005 йилда уч юлдузли «Гранд» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилади.
Нарзиой Шодмонова 2007 йилда вафот этган.
Унинг фаолиятини акс эттирувчи «Назира» фильми суратга олиниб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.
БЕКЗОД тайёрлади.