Қашқадарё газетаси Олам Газланган ичимликка қарамлик жиддий оқибатга олиб келди
Олам

Газланган ичимликка қарамлик жиддий оқибатга олиб келди

Бразилияда кунига уч литр кола ичишга одатланган эркак сийдик қопидан 35 та тош олиб ташланди, деб ёзади Daily Mail манбаси.

Уролог Талес Андраде ушбу бемор касаллик тарихини ижтимоий тармоқларда бўлишган. Унинг сўзларига кўра, бундай патологияга олиб келувчи сабаблардан бири меъёридан ортиқ газланган ичимликлар истеъмоли ҳисобланади.

Шифокорнинг тушунтиришича, мунтазам катта миқдорда газланган ширин ичимликлар ичиш сийдик ажратиш тизими учун жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Кола таркибида кўп миқдорда шакар ва фосфор кислотаси мавжуд бўлиб, улар сийдик кислоталилигини оширади ва тош ҳосил бўлишига имкон туғдиради. Шунинг натижасида беморда сийдик тош касаллигининг оғир формаси шаклланган.

Буйракларда ҳосил бўлган тошлар сийдик қопига ўтиб, кучли оғриқ чақириши, суюқлик чиқариш функцияси бузилиши, қон ажралиши ва бошқа нохуш симптомларга олиб келиши мумкин.  Агар бемор вақтида даволанмаса, бу сийдик йўлида тиқин юзага келиши, яллиғланиш ва ҳатто буйрак етишмовчилигига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Exit mobile version