Қашқадарё газетаси Жамият Германияда ўқиган ва қатағон қилинган китоблик инженер
Жамият

Германияда ўқиган ва қатағон қилинган китоблик инженер

Биласиз, ўтган аср 20-йилларида миллат ойдинлари ташаббуси билан Ватанимизнинг кўплаб йигит-қизлари Германияга ўқишга юборилган ва совет мафкурасининг бузғунчи таъсири остида улар қатағонга учраб, отиб ташланган, қувғин қилинган ёки юртдан ташқарида яшашга мажбур бўлишган.

Қашқадарёга оид

1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Бухоро Халқ Республикаси томонидан йўлланган 55 талаба орасида собиқ Бухоро амирлигининг эътиборли мулозимларидан бўлган Нусратулло Низомиддин ўғлининг фарзанди Омонулло ҳам бор эди.

«Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар» китобида тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, Омонулло Нусратуллаев 1906 йили Китоб вилоятининг беги Нусратулло Низомиддинов оиласида дунёга келган. 1920 йили Бухоро амири ағдарилгач, унинг отаси қизил армия билан курашлардан бирида ҳалок бўлди. Амакилари Абдулла, Садриддин ва Неъматулла Низомиддиновлар амир мулозимлари сифатида Бухоро заминини тарк этадилар. Омонуллонинг болалиги Китоб ва Бухоро шаҳарларида кечган. У дастлаб Бухорода жадид мактабида, сўнг мадрасада таълим олди.

 Омонулло Нусратулло ўғли Берлин шаҳрида тўрт ойлик тил курсини битиргач, амалий тажриба орттириш мақсадида Берлиндаги Людвиг-Ле машинасозлик заводига ишга жойлаштирилади. Маълум билим ва малакага эришгач, бир гуруҳ ёшлар билан Броншвейге шаҳрига йўл олади. Туркистонлик талабалар бу шаҳардаги дорихона, дўкон, завод, фабрика ва бошқа корхоналарга ишга жойлашишади.

Омонулло Нусратуллаев Штрейлиц шаҳрида жойлашган Техника олий мактабининг инженер-механик факультетига ўқишга киради. 1928 йил охирида Омонулло Нусратуллаев учун ҳам советлар Ўзбекистони стипендия беришни тўхтатади. Ўқишни давом эттиролмаслиги аниқ бўлгач, 1929 йил Ватанга қайтишга қарор қилади.

Омонулло Нусратуллаев Германияда Эрика Эмильевна Бульман деган олмон қизи билан оила қурган эди. Улар биргаликда қайтадилар.

Ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан «ёт унсур» бўлган Омонулло Нусратуллаевни аввалига ҳеч жойга ишга олишмади. Ишга олгач эса Москва, Самарқанд, Тошкент ва вилоятлараро хизмат сафарлари унинг бир жойда қўним топишига имкон бермади. Рафиқаси Эрика Бульман 1931 йилда «Чирчиқстрой»га ишга кириб, немис тилидан дарс бера бошлайди. Бироқ ҳар бир қадамини кузатиб юрган ГПУ кўз-қулоқлари таъқибидан безган Эрика 1936 йили ватанига қайтиб кетади.

Омонулло Нусратуллаев 1933-1934 йилларда Ўрта Осиё План институтида дарс беради. Аммо у ерда ҳам узоқ ишлай олмайди. Уни германофил ғояларни илгари сурди, деган баҳона билан ишдан ҳайдашади. 1935 йилга келиб Тошкент шаҳрида яшашга тўлиқ рухсат олгач, 1936 йилдан Тошкент транспорт темир йўл инженерлари институтига ишга киради.

Эндигина ўз ҳаётини йўлга қўя бошлаган бир пайтда, 1937 йил 4 сентябрь куни Омонулла Нусратуллаев ЎзССР Жиноят кодексининг 60- (аксилинқилобий ташвиқот), 67- (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан қамоққа олинади.

Омонулло ўзига қарши туҳмат ва бўҳтонларнинг барчасини қатъиян рад этди, бироқ бу гапларга ҳеч қандай аҳамият берилмади. Омонулло Нусратуллаевнинг иши 1938 йил 9 октябрь соат 9:20 дан 9:30 гача кўриб чиқилади. «Учлик» судида унга нисбатан ўлим ҳукми ўқилиб, ўша куниёқ ижро этилади.

Нахшаб нима дегани?

Қарши шаҳри тарихи ҳақида сўз бораркан, Нахшаб атамаси кўп учрайди. Хўш, бу атаманинг маъноси нима?

Манбаларга кўра, Нахшаб – «сув нақши» деган маънони билдиради. Яъни шаҳри Кеш орқали келадиган дарёнинг ўрта оқимида, деҳқончилик майдонларига сув чиқаришга ўнғай, Косоннинг Оқтепасига қадар етадиган Рўдаксойнинг ўнг тармоғига яқин жойда вужудга келган манзил шундай номланган. Шимоли бийдай чўл ва чангалзор бўлган ҳудудда, табиийки, сув ниҳоятда   қадрланган.

Нахшаб ёзма манбаларда «Никшапа», «Нашебо», «Нахшабиболо» каби номлар билан қайд этилган. Нахшаб шаҳрининг харобаси Қарши ва Косон оралиғида, Қаршидан 10 чақирим шимолий қутбда жойлашган. Шаҳарнинг илк ўрни ҳозирги Ерқўрғон харобаларига тўғри келади. Шаҳар ўраб олинган ички мудофаа девори беш бурчак шаклда бўлиб, 40 таноб жойни муҳофаза қилган. Ташқи девор айланаси 4-5 чақирим келади ва қамраган майдони 150 танобни ташкил этади.

Ерқўрғон шаҳарчаси милоддан аввалги IX-VIII асрларда вужудга келган. Шунга кўра, тадқиқотчи Рустам Сулаймонов эътироф этганидек,  Нахшаб Қашқа воҳасидаги шаҳарлар онаси саналади. Бу шаҳардан кейин энг ёши улуғ обида Мудинтепадир.

Ғафур Ғулом ижодини ўрганган Ғулом Ғафуров ҳақида эшитганмисиз?

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Ғуломхон Ғафуров 1947 йилда Яккабоғ туманидаги Қўшилиш қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Ёшлигидан адабиёт ва журналистикага бўлган қизиқиш уни Тошкент давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига бошлаб келади.

Талабалик даврида университетнинг бир гуруҳ талабалари сафида Эстониянинг Кохтла-Ярве шаҳрида талабалар қурилиш гуруҳида қатнашади. Сафар таассуротларини «Ёш ленинчи», «Тошкент оқшоми», «Тошкент бинокори» газеталарида эълон қилиб боради. Натижада 1970 йилда университетни тамомлаб, газетада фаолиятини давом эттиради. Ўша даврда ўзлаштирилаётган  Сурхон-Шеробод, Қарши чўли, Мирзачўл ва Жиззах даштларидан кўплаб мақолалар, очерк ва лавҳалар тайёрлайди. «Ойбек публицистикаси», «Бразилия адиби Жорж Амаду», «Озарбайжон адиби Саид Урдубодий» каби мақолалари дунё юзини кўрди.

Ғуломхон Ғафуров 1972 йилда Тошкент давлат университети аспирантурасига ўқишга киради. 1975 йилда «Ғафур Ғуломнинг публицистик маҳорати» мавзусида диссертация ёқлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олади. Профессор Очил Тоғаев раҳбарлигида амалга оширилган бу тадқиқот асосида Ғуломхон Ғафуровнинг ўнлаб мақолалари, «Тақдирни қўл билан яратур одам» (1979), «Камалакда нур кўп, жило кўп» (1983) рисолалари нашр қилинади.

У 1976 йили Тошкент давлат маданият институтига ишга ўтиб, маданий-маърифий ишлар назарияси ва амалиёти, маданиятшунослик, эстетика, одоб-ахлоқ муаммолари билан жиддий шуғулланади. «Клуб сценарийси асослари», «Маданиятшунослик», «Психология ва мулоқот одоб-ахлоқи», «Халқ университетлари ва эстетик тарбия», «Маданият ва жамият» рисолалари чоп этилади.

Ғуломхон Ғафуровнинг илмий-ижодий фаолияти кенг қамровли. У адабиёт ва санъат, иқтисод ва сиёсат, маданият ва маънавият масалалари бўйича тадқиқот ва ўрганишлар олиб борган. «Наврўз – халқ байрами», «Ҳар кунинг бўлсин Наврўз», «Удумларда халқ қалби», «Инсон қалби» асарларида удум ва анъаналарни тиклашга эътибор қаратса, «Телевидение ва тарбия», «Давр ва жанр» рисолаларида журналистика назарияси ва амалиётига тўхталиб ўтади. «Кўҳна Турон тарихи», «Ипак йўли» тарихий очерклари, «Ватан саодати», «Кўнгил мулки», «Жаҳон ва Ватан маданияти», «Мовароуннаҳр жавоҳири» китобларида тарихий мавзуларга мурожаат қилган.

Ғуломхон Ғафуров 1998 йилда вафот этган.

Собиқ иттифоқнинг Индонезиядаги элчиси бешкентлик бўлганини биласизми?

1931 йилда Қарши туманидаги Бешкент қишлоғида туғилган Боймурод Эргашев СССРнинг Индонезиядаги фавқулодда мухтор элчиси лавозимида хизмат қилган. Бешкентлик фахрий журналист Полвон Тўлиевнинг маълум қилишича, Боймурод Эргашев бошланғич таълимни Беҳбудий номидаги 10-ўрта мактабда олган. Бухоро давлат университетининг филология факультетида ўқиган.

1964 йилда собиқ КПСС Марказий қўмитаси ҳузуридаги Москва олий партия мактабини тамомлаган. 1969 йилда собиқ иттифоқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Олий дипломатия мактабини битирган ва Индонезияда хизмат қилган.

Боймурод Эргашев дипломатия хизматидан сўнг Давлат хавфсизлик қўмитасида, Бухоро вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институтида ва маҳаллий ижроия қўмиталарида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Тумандан чиққан биринчи элчи Боймурод Эргашев 1994 йилда вафот этган.

Бешкент шаҳридаги марказий кўчалардан бирига унинг номи берилган.

БЕКЗОД тайёрлади.

Exit mobile version