Қашқадарё газетаси Жамият Григорий Муха ким бўлган?
Жамият

Григорий Муха ким бўлган?

Бу номни ёши катталар яхши билади. Ёшлар деярли эшитмаган чиқар.   1912 йилда Украинанинг Днепропетровск вилоятида туғилган Муха бир муддат Қарши шаҳрида фаолият кўрсатган.

Қашқадарёга оид

Гап шундаки, аввал ўрта мактабни, сўнг Украинанинг Нижин шаҳридаги қурилиш ва ҳуқуқ техникумини тугатган Григорий Никифорович Муха Қарши шаҳридаги темир йўл бўлими прокуратурасига ишга юборилган. У бир неча йил давомида шу ерда яшаб, меҳнат қилган.

Григорий Никифорович 1933-1936 йилларда Совет армияси сафида ҳарбий хизматни ўтаган. Уруш бошланганидан сўнг у яна биринчилардан бўлиб рўйхатга олиниб, 1941 йилнинг июль ойида фронтга жўнатилади.

У бир муддат ҳарбий тайёргарликка жалб этилади. 1942 йилнинг май ойида қўмондонлик таркибининг малака ошириш курсларини тамомлаб, оловли жанг майдонига киради. Кўплаб оғир жангларда жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатиб, эътироф этилади.

1944 йилга келиб капитан Григорий Муха 4-Украина фронти 51-армиясининг ўқчи дивизияси ўқчи полки ротасига қўмондонлик қила бошлайди. Шу йилнинг 7 май санасида ўз қўл остидаги аскарлар билан душманнинг катта бўлинмасига ҳужум қилди. Даҳшатли жангда капитан Муха ва сафдошлари мисли кўрилмаган жасорат кўрсатиб, душманнинг 7 та ҳарбий техникаси, элликдан ортиқ аскар ва зобитларини йўқ қилади, 12 нафар фашистни асирга олишади.

Капитан Григорий Муханинг ушбу жасорати Совет ҳукумати томонидан ҳам юксак эътироф этилиб, шу йили унга «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони ҳамда «Қизил юлдуз» ордени берилади.

Урушдан сўнг Григорий Муха Украинада қолиб, лак-бўёқ ишлаб чиқарадиган заводда директор бўлиб ишлаган.

Григорий Муха 1959 йил 1 июнда Украинада вафот этган.

Exit mobile version