Кун мавзуси
Рамазон – руҳий покланиш, сабр ва эҳсон ойи. Бу муборак ойда рўза инсон танасига ҳам, руҳига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ ифтор ва саҳарлик дастурхонида нотўғри овқатланиш, айниқса гўштни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш соғлиқ учун қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Халқимизда «илигимиз тўқ» деган ибора бор. Ёши улуғлар «гўшт еб катта бўлганмиз», дея фахр билан айтишади. Албатта, гўшт қувват манбаи. Аммо ҳар қандай неъмат каби унинг ҳам меъёри ва истеъмол маданияти бор.
Меъёрини билсанг фойдали, аксинча…
Гўшт инсон организми учун зарур бўлган алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар, темир, рух ва В гуруҳи витаминларининг муҳим манбаидир. Қизил гўшт (мол, қўй) қон ишлаб чиқариш ва иммунитетни қўллаб-қувватлашда аҳамиятли ўрин тутади. Оқ гўшт (парранда, қуён, балиқ гўшти) эса нисбатан енгил ҳазм бўлади.
Шу билан бирга, илмий тадқиқотлар қизил гўштни мунтазам ва ортиқча истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари, подагра, буйрак тошлари ҳамда айрим онкологик касалликлар хавфини оширишини кўрсатмоқда. 2015 йилда World Health Organization таркибидаги International Agency for Research on Cancer (илмий-тадқиқот ташкилоти) қайта ишланган гўшт маҳсулотларини канцероген деб баҳолаган. Айниқса дудланган, тузланган ва юқори ҳароратда қовурилган гўштларда зарарли моддалар ҳосил бўлиши эҳтимоли юқори.
Ошқозон, юрак ва буйракка юк
Гўшт таркибидаги оқсилни ҳазм қилиш учун ошқозон кўпроқ кислота ишлаб чиқаради. Агар у меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса, гастрит, ошқозон яраси ва қизилўнгачда ёниш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Ёғли гўшт эса қонда «ёмон» холестерин миқдорини ошириб, атеросклероз ривожланишига замин яратади. Бу эса инфаркт ва инсульт хавфини кучайтиради.
Қизил гўшт таркибидаги пуринлар парчаланганда сийдик кислотаси ҳосил бўлади. Унинг ортиқча тўпланиши подагра ва буйрак тошларига сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, иссиқ иқлим шароитида етарли суюқлик қабул қилинмаса, бу хавф янада ортади.
Рамазонда қандай йўл тутиш керак?
Мутахассислар тавсиясига кўра:
ифторни аввало сув, хурмо ва енгил таомлар билан бошлаш;
кейин оз миқдорда гўшт истеъмол қилиш;
қовурилган ва ёғли таомлардан чекланиш;
сабзавот, кўкат ва клетчаткага бой маҳсулотларни кўпайтириш;
қизил гўштни ҳафтасига 2-3 марта, кунига 100-150 грамм атрофида истеъмол қилиш;
қайнатилган ёки буғда пиширилган таомларни афзал кўриш.
Муаммо – маҳсулотда эмас
Гўшт – инсон рационидаги қимматли озуқа. Аммо унинг фойдаси миқдор ва тайёрлаш усулига боғлиқ. Қовурилган, куйган ва қайта ишланган маҳсулотлар ўрнига табиий ва енгил тайёрланган таомларни танлаш соғлиқни асрашга хизмат қилади.
Соғлом турмуш тарзи қисқа муддатли парҳез эмас, балки онгли ва доимий танловдир. «Илигимиз тўқ» бўлиши учун дастурхонимизда нафақат гўшт, балки меъёр, мувозанат ва овқатланиш маданияти ҳам бўлиши зарур.
Саломатлик – энг катта бойлик. Уни асраш эса ҳар биримизнинг масъулиятимиздир.
Мутахассислар жавоблари асосида Шоҳиста БОЗОРОВА тайёрлади.