Қашқадарё газетаси Олам Демографик муаммога iPhone сабабчи
Олам

Демографик муаммога iPhone сабабчи

Middlebury коллежи иқтисодчиси Кейтлин Майерс фикрича, 2007 йилда биринчи iPhone ишлаб чиқарилиши АҚШда туғилиш даражаси пасайишига олиб келган асосий омилларидан бири бўлиши мумкин. У ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, мамлакатда сўнгги ўн йилликда кузатилган туғилиш коэффициенти тушиб кетишининг 33 фоиздан 52 фоизгача бўлган қисми, эҳтимол, Apple смартфони ҳиссасига тўғри келади.  

Таъкидланишича, смартфонларнинг кенг тарқалиши одамларнинг ижтимоий хулқ-атворини ўзгартирган. Кўпчилик шахсий мулоқот ўрнига қурилмалар орқали муомалага киришишни афзал кўра бошлаган.

Кейтлин Майерс таҳлил учун илк iPhone тарқалиши даврининг ўзига хос жиҳатларидан фойдаланган. 2007-2011 йиллар давомида ушбу смартфон фақат AT&T оператори орқали сотилган. Бу эса олимга AT&T қамрови кенг бўлган ҳудудлар билан алоқа хизмати кўрсатиш имконияти чекланган минтақалардаги туғилиш кўрсаткичларини таққослаш имконини берган.

Тадқиқотчи ушбу боғлиқликка 2008 йилги молиявий инқироз таъсири бор ёки йўқлигини ҳам текшириб чиққан. Иқтисодий ва демографик омиллар ҳисобга олинганидан кейин ҳам iPhone тарқалиши билан туғилиш даражасининг пасайиши ўртасидаги боғлиқлик сақланиб қолган.

Шу билан бирга, муаллиф смартфонлар демографик пасайишнинг ягона сабаби эмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, аҳоли ўзини ўзи қайта тиклаши мумкин бўлган даражадан паст туғилиш кўрсаткичлари иқтисодий ўсиш учун ҳам хавф туғдиради.

Exit mobile version