Қашқадарё газетаси Фаолият ДЕҲҚОН ЎТГАН ЙИЛГИ ДАРОМАДИДАН ХОРИЖДА ДАМ ОЛИБ КЕЛДИ
Фаолият

ДЕҲҚОН ЎТГАН ЙИЛГИ ДАРОМАДИДАН ХОРИЖДА ДАМ ОЛИБ КЕЛДИ

Томорқачилик

Ерга меҳр берган, уни алдамаган деҳқоннинг бири икки бўлмай қолмайди. Чин дилдан меҳнат қилса, илмини тўғри йўналтирса, бир йилда рўзғорини обод, кўнглини шод қилади.

Қамаши туманидаги Майда маҳалласида ҳам ана шундай деҳқонлар ер билан тиллашиб келяпти, томорқасини обод, рўзғорини тўкин-сочин қиляпти. Ҳаммаси шу – меҳнатнинг ортидан, деҳқончиликнинг этагини маҳкам тутганидан.

– Ҳозир одамлар томорқасига беда, макка экмай қўйди, – дейди маҳалла раиси Зуфар Кароматов. – Ҳисоб-китоб қилиб кўрса, деҳқончиликдан кўп даромад қилиш мумкин экан. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда бизда сабзавотчилик ривожланди. Иссиқхоналар кўпайди. Маҳалламизда бугунги кунда 130 дан ортиқ иссиқхона бор. 4 киши балиқчиликни йўлга қўйди. Помидор, сабзи, қулупнай етиштиришга қизиқиш ортаяпти.

Томорқадан 300-400 миллион сўм даромад қилишнинг ҳадисини олган деҳқонлар бошқаларни ҳам меҳнатга ўргатяпти.  Айниқса, қулупнайчиликнинг ташкил этилиши кўпчиликка янгилик бўлди. Ҳозирда 38 сотих майдонда  деҳқончилик қилаётган Шодиёр Жўраев бошқаларга ҳам ўз тажрибаларини ўргатяпти.

– Қулупнай етиштиришни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан ўрганиб келганман, – дейди деҳқон. – Ҳозир ҳам устозимдан маслаҳат сўраб тураман. Ўрганишни истаганларга билганларимни айтаман. Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, бу ёғи Сурхондарё томонларда ҳам шогирдларим бор. Мақсадим – деҳқон кўпайсин, ер бўш ётмасин, ҳар кимнинг ҳам хонадони обод бўлсин. Меҳнат қилган одам роҳатини кўрсин. Биз ҳам ўтган йилги ҳосилнинг даромадидан 18 кун Туркияда оилавий дам олиб келдик. Ўша ерда ҳам бўш ўтирмадим. Уларнинг тадбиркорлиги, деҳқончилиги билан қизиқдим. Нималарнидир ўргандим.

Айни пайтда Шодиёр Жўраевнинг томорқасида қулупнайнинг Италиядан келтирилган «Альба», «Клери», «Мурано», Жанубий Кореяда етиштириладиган «Сольхянг», «Кингсберри» навлари парваришланяпти. Ҳосил аллақачон пишган. Деҳқоннинг мўлжали баланд.

Етти мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Майда маҳалласида чорвачилик, деҳқончилик, томорқачилик драйвер соҳаларга айланган. Яқин йилларда бунга балиқчилик ҳам қўшилди. Одамлар меҳнатнинг қадрини билади. Хонадонини обод қилиш учун тиним билмайди. Эртага ана шу меҳнатларининг роҳатини кўришини яхши англаган. Бу – қадрият. Меҳнатсеварлик фарзандларига ўтади. Уларнинг ҳам кўзи меҳнатда қотади. Ер унга меҳр қўйган ана шундай одамларни севади, уларнинг меҳнати учун мукофотини ортиғи билан беради.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Exit mobile version