Қашқадарё газетаси Маънавият ДУНЁСИ ҲАМ СОЙ-У АДИРЛИКДАН ИБОРАТ АТРОФ-ЖАВОНИБ МИСОЛ НОТЕКИС, НОТЎКИС ЭКАН-ДА…
Маънавият

ДУНЁСИ ҲАМ СОЙ-У АДИРЛИКДАН ИБОРАТ АТРОФ-ЖАВОНИБ МИСОЛ НОТЕКИС, НОТЎКИС ЭКАН-ДА…

Сараланган сатрлар

Эркин Аъзам ҳозирги ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан. Роман, қисса ва ҳикоялардан иборат йигирмадан ортиқ китоби, беш жилдли “Танланган асарлар”и адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олган. “Анойининг жайдари олмаси”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Атойининг туғилган йили”, “Жавоб”, “Шовқин”, “Навоийни ўқиган болалар”, “Гонолулуга элчи”…

“Жаннат ўзи қайдадир”, “Жийдалийлар”, “Фаррош кампирнинг туши”, “Танҳо қайиқ” каби драматик асарлари эса юртимиз театрларида саҳналаштирилган. Айнан “Танҳо қайиқ” спектакли Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан томошабинлар эътиборига ҳавола этилганини яхши биласиз.

Асарлари асосида “Чантриморе”, “Пиёда”, “Дилхирож”, “Эркак”, “Забаржад”, “Сув ёқалаб”, “Паризод”, “Баҳорни қувиб” каби фильмлар суратга олинган. Бир ижодкорнинг адабиёт, санъат ва кино ривожига қўшган ҳиссаси бўлса шунча бўлар-да!..

Аммо ёзувчи жим қараб тургани йўқ. Яқиндагина “Момақалдироқ остида сайр” номли романини эълон қилди. Биласиз, шу вақтгача Эркин Аъзамнинг фақат “Шовқин” деган романи чоп этилган эди. Бу – иккинчиси.

“Момақалдироқ остида сайр” бир қарашда Ойравшан исмли аёлнинг ҳаёти ҳақида, аммо ён-атрофда юз бераётган ҳодисалар яқин тарихимизнинг ўзига хос ифодаси, десак, хато бўлмайди. Бир вақтлар босар-тусарини билмай қолган “погонлилар”, ҳар тарафга қулоч ёйган корчалонлар, кимлардир куни зўрға ўтаётган чоғда яна кимлар шоҳлардек яшаши, сайлов ўйинлари… Айтаверсак, китобнинг қизиғи қолмас. Қолган завқу шавқни мутолаа учун қолдирамиз, ишонаверинг, ютқазмайсиз.

*  *  *

– Ҳа-а, Майрам беванинг етимчаси, ҳавасингиз келдими, нима? Бу киши Дилияхон, райкўм бобомизнинг қизлари! Сен шўртумшуққа йўл бўлсин, Шурикжонимизнинг қаллиғи бу!..

Бола қўлидаги сатилига қўшилиб сувга тушиб кетишига сал қолди…

Ўша кун, ўша соатда шусиз ҳам ўксик кўнгил синди, кўнгил не, ўзига яраша орзулар билан яшаётган болалик дунёси вайрон бўлди. Энди ўйланса, кейинги умр ана шуни чегалаш, ямаш, қайтадан тиклаш ташвиши билан ўтибди. Синган нарса барибир мўрт, омонат бўлар экан.

*  *  *

Бу даргоҳнинг иқлими шундай: ҳалигина ботқоққа ботиб ётган одам, яна бир қарасангиз, бек бўлиб турибди! Ёки бунинг тескариси. Омад, қобилият, ишчанлигу таниш-билишчиликлар ўз йўлига. Тайёрлаган кўрсатувингиздан бирор ишкал топилдими, баъзан унда ҳатто бирор сўз ноўрин ишлатилдими, бас, осмонингизда қора булутни кўраверасиз! Ҳолбуки, эфирга берилгунича минг бир чиғириқдан ўтган, бугунга келиб тепангизда зуғум қилиб турган саф-саф раҳбарнинг бари ундан хабардор! Йўқ, калтак барибир сизнинг бошингизда синади. Ўл етим – сиз! Додингизни кимга айтасиз, хўш? Асли ўша дод деб бориладиган манзилдан қўнғироқ бўлган: кимгадир нимадир ёқмаган, нимадир кимнингдир манфаатига зид келган… Тамом, кўрпа тўшагингизни кўтараверинг бу ердан!

*  *  *

Дунёси бир чангалзор, жиян. Бунда ўт ҳам бор, чечак ҳам. Фойдали гиёҳ-у тиканаклари ҳам бор. Лекин тикани кўп, жиян, чақиртикани. Қани эди, шунисидан камроқ бўлиб, ҳаммаёқ гул-у гулзор, одамзоднинг кўнгли ҳам шундай чаман, ёмонликдан, эгриликлардан холи бўлса… Э-э, дариғ!

*  *  *

Мабодо, ишлар тескари чиқса-чи, ҳай-ҳай! Битта-ярим яқиндан-яқин кишинг дунёнинг адолатсизлигидан сўз очиб кўнгил сўрамаса, таскин-тасалли бермаса, илгари қадрдон санаган унча-мунча таниш-билишинг ҳам сени кўрганда юзини буриб қочиш пайидан бўлади. Гўёки сен энди лаънат теккан банда, кераксиз бир хор кимса, ҳатто у ер-бу ери тегиб кетса иллати юқадиган мохов! Ўша кундан Худо асрасин денг!

*  *  *

Энди-и, сайлов деганлари Алининг майдони мисоли бир гап.

*  *  *

Бировнинг дилидаги сир-у савдо ёвлашиб қолганингиздагина ошкор бўлади – мағзавага ботириб башарангизга отилади.

*  *  *

Нега бундай экан: туғилган, киндик қони тўкилган жойлар бир кун келиб одамзодга торлик қилиб қолади-я?! Айниқса, ёшликка – ғўр, тийиқсиз фаслга хос бу майл. Гўёки дунёнинг бор қувончу байрамлари сиз бормаган, сиз кўрмаган манзилларда кечаётир-у, танг-у тор бир хилватда яшаб сиз улардан чунон бенасиб қоляпсиз! Йўқ, кетасиз, неларнингдир илинжида бош олиб кетасиз. Ризқингиз сочилган ўзга манзилларни макон тутиб, эрта бир кун умрингиз ўша жойларда ўта бошлайди. Бу ер-чи, илк бор дунёга кўз очиб кўрган одамларингиз, болаликдан қадрдон дов-дарахт, дала-туз, тоғ-у тош… Бегона, энди бари бегона.

*  *  *

Одамзоднинг умри ҳам, кўп қилиқ-қилмишлари ҳам қалтис, нотаниш бир пиллапоя қошидаги тараддуднок ҳолатни эслатмайдими? Дастлаб қўрқа-писа, иккилана-иккилана илк поғонасига қадам қўясиз – ҳеч гап эмас экан-ку, олға – кейин навбатдагисига, ундан кейин яна, яна… Бир вақт қарабсизки – кечагина ваҳимали туюлган пиллапоя ўзингизники, пастдан юқорига, юқоридан пастга бемалол ирғишлаб-сакраб юрибсиз! Бундан гуноҳ ясаб сизни саннаб-чандиган кимсалар аллақачон чарчаб улгурган, сиз ҳам аллақачон кўникиб кетгансиз! Аммо… лекин… бироқ!

*  *  *

Лофдир, маҳобатдир, баланд тоғлару бепоён дашту далалардан иборат бу воҳада шу одамнинг қўли етмаган жой қолмаган, катта-кичик лавозимларга тайинлов ёки мўмайроқ бирон олди-берди шусиз ҳал бўлмас эди. Катта бешикни тебратишга юборилган диёнатли бир раҳбар аҳволни кўриб, “Йўқ, бу ерда ишлаб бўлмайди, бу ернинг эгаси бор экан!” дея шартта ариза бериб, ярим йилга етмаёқ Тошкентга қайтиб кетган, дейишади.

Хўш, бошқарма бошлиғи ҳам эмас, тўрт бўлимдан биттагинасига ҳукмфармо саналган подполковник унвонидаги бу эррайим қаёқдан шу қадар қурб-у қудратга эга бўлди? Айтишларича, ҳозир Тошкентга юксалиб кетган акахони бир вақтлар шу ерда бошқармага хўжайин, ёш маёр эса унинг ўнг қўли бўлган, қўшни давлатдан келадиган баъзи қора карвонларга икковлон биргаликда сарбонлик қила-қила сарвату шуҳрат топишган эмиш.

*  *  *

Аёнки, итнинг касби – вовулламоқ, акилламоқ, ирилламоқ. Ит бўлганидан кейин шусиз куни ўтармиди – ҳуронғич, қопағонлигига боради-да!

Буни эшитаверган қулоқ-чи, у ҳам кўникиб кетади денг! Бора-бора ўрганиб, ҳаттоки ана шу вовуллаш, акиллаш-у ириллашларсиз туролмайдиган, уни тусайверадиган, қўмсайверадиган бўлиб қолади.

Иттифоқо, бир кун қулоқ қоматга келиб, ичкаридан ҳам бир садо эшитилиши мумкинки, ана шуниси, чато-оқ!

*  *  *

Бу юртда азадор хонадонга кўнгил сўраб борган киши марҳумнинг ҳурмати учун бир-икки соат ўтириб кетмаса ҳисоб эмас – ахир, мусибатдор ранжиши, одамгарчилиги йўқ экан, тошмеҳр экан, деб ўйлаши мумкин! Айниқса, тўда-тўда бўлиб кириб келадиган хотин-халаж уйни бошига кўтаргудек чуввос солиб, ҳар ким ўз дарди билан бирпас ув-увлаб олади-ю, кейин туйқусдан жимиб, мутлақо беғам, одатдаги тетик овозда у ёқ-бу ёқдан гурунг қилмоққа тушиб кетади.

*  *  *

Одам боласи кўпинча ҳасратли дамларида нажот кутибми, боши узра олисларга кўз тикади: кўкда чарх уриб учаётган паррандаларга – эркин, беармон парвоз қилиб юрган қанотли жониворларга ҳавас билан боқади. Ҳойнаҳой, шу қушгиналарнинг ҳам ўзига яраша, сиз-у бизга номаълум ташвишлари бордир? Осмонларда омонат қанот қоқиб кезаркан, эҳтимол, уларнинг-да ер юзини муқим макон тутган одамзодга ҳаваси келар? Англанмаган бир ҳавас. Балки ҳавас атаб ҳам бўлмас, лекин моҳиятан шу. Биз уни билолмаймиз, холос.

Дунёси ҳам мана шу сой-у адирликдан иборат атроф-жавониб мисол нотекис, нотўкис экан-да, ажаб…

*  *  *

Ўтмиш кунларни-да на таҳрир қилиб бўлади, на таржима…

*  *  *

Сойликка энгач, машинага кираётиб Ойравшан орқасига ўгирилиб қаради. Ясси тепалик. Якка гужум. Аравачада мунғайиб ўтирган ғариб бир одам қўл силкиб турибди…

Бир кун сенинг-да паймонанг тўлиб дунёдан ўтаркансан, мана шу манзара кўз олдингдан кетмас…

*  *  *

Кутган-кутмаганингиз бари ағдар-тўнтар бўлиб кетишига бир ҳафтагина кифоя экан! Гоҳо ойлаб, ҳатто йиллаб сокин, бир маромда кўринган сув ногаҳон кўпириб, жунбишга келиб тескари оққан мисоли!

*  *  *

Бандалик, эртадир-кечдир, ҳаммамизнинг ҳам бошимизда бор савдо. Энди неки савол-жавоб десангиз – ўша ёқда. Бу дунёнинг одами аралашолмайди. Бу дунё одамининг бурч-у аъмоли энди – шайтонга хизматкор эдими, у, раҳмонгами, барибир – марҳумнинг иззатини жойига қўймоқ, Худодан унга мағфират тиламоқ, вассалом! Таомил шу.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version