Қашқадарё газетаси Илм-фан Еттинчи стипендия дастурида етти нафар талаба ғалаба қозонди
Илм-фан

Еттинчи стипендия дастурида етти нафар талаба ғалаба қозонди

Эътироф

Юртимиздаги 6 та олий таълим ташкилотининг 7 нафар талабаси Қашқадарёнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири – «Uzbekistan GTL» масъулияти чекланган жамиятининг VII стипендия дастурида ғолиб чиқди.

«Uzbekistan GTL» МЧЖ масъулларининг маълум қилишича, стипендия дастури доирасидаги танлов мамлакатимиз Президентининг «Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди ва унда Ўзбекистоннинг техника ва технология йўналишларига ихтисослашган олий таълим муассасаларида 3-4-босқич бакалавриат ҳамда 1-2-босқич магистратура босқичларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар иштирок этишди.

Танлов жараёни уч босқичда ташкил этилди. Дастлаб талабгорлардан онлайн-анкета орқали рўйхатдан ўтиш талаб этилди. Сўнгра сараланган  ёшлар ўз мутахассислик йўналишлари ҳамда хорижий тил бўйича ёзма имтиҳон топширдилар. Якунида эса юқори натижа кўрсатган талабалар билан суҳбат ўтказилди.

Натижада танловда механика йўналиши бўйича Қарши давлат техника университети талабаси Муҳаммад Равшанов, лаборатория йўналиши бўйича Қарши давлат университети ва Ўзбекистон Миллий университети талабалари Асилбек Зокиров ва Аббосхўжа Бахромов, меҳнат муҳофазаси ҳамда назорат-ўлчов асбоблари ва автоматикаси йўналишлари бўйича Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабалари Санжарбек Бозоров ва Рустам Исматов, технология йўналиши бўйича Янги Ўзбекистон университети талабаси Жавоҳир Неъматжонов ва электр таъминоти йўналиши бўйича Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабаси Ҳожиакбар Ойдинов ғалаба қозонишди. Низомга кўра, уларга 2025-2026 ўқув йили мобайнида ҳар ой белгиланган миқдорда стипендия тўлаб борилади. шунингдек, «Uzbekistan GTL» МЧЖ стипендиатлари корхона кадрлар захирасига киритилади.

Танловда технология йўналиши бўйича қатнашган яна бир талаба – Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабаси Одинаимузайяна Валиева «Uzbekistan GTL» стипендия дастурининг фаол иштирокчиси деб топилди.

Завод мутасаддилари стипендия дастури ғолибларини табриклар эканлар, ушбу муваффақият иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, келажакдаги касбий ва шахсий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонч билдиришди.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version