Қашқадарё газетаси Маънавият Жадидлар изидан Германияга бориб келган қиз
Маънавият

Жадидлар изидан Германияга бориб келган қиз

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида ўтказилаётган Наврўз – ёшлик ва шижоат айёми тантаналарида Янги Ўзбекистон фарзандларининг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари халқимиз томонидан самимий олқишланмоқда.

Ҳар қанча мақтовларга лойиқ иқтидорли ёшларимиздан бири – Китоб туманидаги 4-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Жасмина Азимова яқинда «Жадидлар изидан» республика танловининг ғолиблари сафида Германияга таълим саёҳатига бориб келди.

Хабарингиз бор: ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан юртимизда «Жадидлар изидан» республика танлови ўтказилган эди. Ўқувчиларда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ва аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали ёшларни китобхонликка жалб этиш мақсадида ташкил этилган бу танлов низомига кўра, унинг 14 нафар ғолиби учун Германияга таълим саёҳати уюштирилиб, ХХ асрнинг бошларида ўзбек жадидлари таҳсил олган таълим даргоҳлари фаолияти билан танишиш имконияти яратилди.

Сафар давомида жадид боболаримизнинг ёш издошлари Берлиндаги  Ҳумболдт университети, Берлин давлат кутубхонаси, Германия парламенти – бундестаг ва унинг тарихий биноси – рейхстаг,  бошқа диққатга сазовор жойларга бориб, ушбу мамлакатнинг олий таълим тизими, маданий ҳаёти, ички ва ташқи сиёсати, шунингдек, ёшлар сиёсати ҳақида кенг маълумотлар ва бой таассуротларга эга бўлишди. Китоб тумани ҳокимлигининг Telegram-каналида маълум қилинишича, таълим саёҳати доирасида Жасмина Азимова Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференцияда фаол иштирок этиб, инглиз тилида нутқ сўзлади.

Exit mobile version