Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда туман-шаҳар бўлинмалари раҳбар-ходимлари иштирокида “Жадидлар мероси” мавзусида ижодий ишлар танлови ўтказилди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, дея таъкидлаган эди.
Маълумки, жадидлар фаолиятини яқиндан билиш учун уларнинг илмий-ижодий ишларини, асарларини пухта ўрганиш, мутолаа этиш даркор. Мазкур танлов шу мақсад рўёбига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Даставвал ўқиш зарур бўлган асар эълон қилинди. Бунинг учун жадид маърифатпарвари Абдурауф Фитратнинг “Нажот йўли” асари танланди. Маълумки, ушбу асар миллат тараққиёти, маърифат, дин ва жамиятни янгилашнинг асосий дастури сифатида ёзилган бўлиб, жаҳолат ва қолоқликдан қутулишнинг бирдан-бир йўли ИЛМ экани кўрсатилади. Шунингдек, динни сохта талқинлардан тозалаш зарурлиги, одамлар фаол бўлиши ва атрофидаги муаммоларга бефарқ қарамаслиги, жамиятнинг соғлом бўлиши ёш авлод тарбияси ва оила маданиятига бевосита боғлиқлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилади.
Танлов иштирокчилари иншо ва савол-жавоб шартлари асосида баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази Касби тумани етакчи мутахассиси Юлдуз Раҳматова 1-ўринни эгаллади. Марказ вилоят бўлими бош мутахассиси Латиф Қамбаров 2- ва Яккабоғ тумани бўлинмаси етакчи мутахассиси Насиба Раҳмонова 3-ўринни қўлга киритди. Маънавиятчилар қўшимча номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: танловдан лавҳалар.