Қашқадарё газетаси Олам “Жаҳаннам дарвозаси” шуъласи сўнмоқда
Олам

“Жаҳаннам дарвозаси” шуъласи сўнмоқда

Туркманистон «Жаҳаннам дарвозаси» номи билан машҳур газ кратерини сўндириш бўйича ишлар олдинга силжиганини эълон қилди. 1971 йилдан буён узлуксиз ёниб турган ушбу табиий объект маҳаллий энергетиклар саъй-ҳаракатлари билан ва ниҳоят ўз босим кучини йўқота бошлади, дейилади ҳукумат сайтидаги хабарда.

«Туркмангаз» давлат компанияси раҳбари Ирина Лурьева сўзларига кўра, ёнғин интенсивлиги уч бараварга пасайган.

«Агар авваллари газ кратери шуъласи бир неча километрлардан ҳам кўриниб турган бўлса, ҳозир фақат кучсиз ёнғин манбаси қолди», деган у Ашхободда ўтган экология форумида.  

Қорақум чўлида жойлашган ва совет геологлари томонидан қудуқ бурғилаш жараёнида тасодифан алангаланган «Жаҳаннам дарвозаси»дан атмосферага бир неча ўн йиллар давомида жуда катта ҳажмдаги метан – энг хавфли иссиқхона газларидан бири чиқариб юборилган. Бироқ, янги маълумотларга кўра, кратер атрофида ундан чиқаётган табиий ресурсни тутиб қолиш учун махсус қудуқлар қазилган ва бу алангани сезиларли даражада пасайтириш имконини берган.

Exit mobile version