Ўтган асрнинг 20-йилларида Германияга ўқишга юборилган ва қатағонга учраганлар орасида қашқадарёлик талабалар ҳам бўлган. Улардан бири жейновлик Сафар Ҳакимовдир. «Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар» китобида қайд этилишича, Сафар Ҳакимовнинг бобоси Гулмуродбой 300-400 қўйлик чорвадор бой бўлган. У Қашқадарёдан Бухорога қўй сотиб савдогарлик қилган. Отаси Ҳаким Гулмуродов ўртаҳол деҳқон бўлиб, мироблик қилган. Кейинчалик Ҳакимбой ҳам ота касби савдогарлик билан шуғулланиб, ўз дўконида Бухородан келтирилган мануфактура молларини сотган.
Қашқадарёга оид
1916 йили Ҳаким Гулмуродов вафотидан сўнг ўғли Сафар Ҳакимов ўқиш мақсадида Бухорои шарифга бориб, жадид мактабида таҳсил ола бошлайди. 1922 йили Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати томонидан Германияда таҳсил олиш учун танланган 56 нафар иқтидорли йигит орасидан Сафар Ҳакимов ҳам жой олади.
10 ёшдан 16 ёшгача бўлган 18 нафар бола, жумладан, Сафар Ҳакимов ҳам Шимолий Германиядаги Кёслинг шаҳридаги гимназияга жойлаштирилади. Ўзбекистон ССР тузилгач, шўро ҳукумати маъмурлари Германияда таҳсил олаётган талабаларнинг мафкуравий ҳолатини текшириш учун Мейерсон раҳбарлигида комиссия юборади. Мейерсон талаби билан барча талабалар Кёслингдан Берлинга олиб келинади. Мейерсон талабалар мафкуравий ишончсиз деган баҳона билан СССРга қайтишини талаб қилади. Шу вақтда аччиқ устида тошкентлик Аҳмаджон Шакурий қаердандир тўппонча топиб, Мейерсонга ўқ узади. Шўро маъмурлари бу ҳолдан фойдаланиб талабаларни зудлик билан ортга қайтаришга киришади.
Ватанга қайтган Сафар Ҳакимов Қашқадарё вилоятида халқ хўжалигини ривожлантиришга киришади. Тез орада ўзига яраша обрў қозонади. 1936 йили Тошкентга йўл олиб, 1943 йили қишлоғига қайтиб келади.
1943 йил 16 октябрь куни Ички ишлар халқ комиссарлиги Қашқадарё вилоят бўлими Сафар Ҳакимовни 1922-1929 йилларда Германияда ўқиган, олий маълумотли деб Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 66-моддаси иккинчи қисми билан айбловчи қарорни имзолайди. У 1943 йил 19 октябрь куни берилган ордер асосида қамоққа олинади.
Сафар Ҳакимовнинг Германия билан боғлиқ на бирор ҳужжати, на диплом, на сурат топилади. Улар аллақачон йўқ қилиб юборилганди. Узоқ давом этган тергов жараёнида ҳам у ўзининг Германияда ўқиганини мутлақо рад этади. Шу боис бугунги кунда ҳам Жейновдан Германияга бориб таҳсил олган воҳадошимиз борлигини кўпчилик билмайди.
Хуллас, Сафар Ҳакимовга қўйилган айбловлар ўз исботини топмайди. 1944 йил 5 майдаги қайта суд Сафар Ҳакимовнинг умуман айбсизлигини тан олиб, оқлашга мажбур бўлади.
Чақар нима дегани?
Қарши шаҳрида Чақар номли маҳалла бор. Хўш, бу сўзнинг маъноси нима? Атоқли олим Тўра Нафасов ҳамда жамоатчилик фаоли Шуҳрат Турсунов муаллифлигидаги «Қарши шаҳри маҳалла ва кўча номлари» рисоласида қайд этилишича, Бешкентариқнинг ўнг қирғоғидаги қадимий маҳалла, гузар Чақар деб аталган.
XI асрда туркий тилда тор ва кичик йўлни чағир деб аташган. Бундай йўл аҳоли масканлари ичида эмас, асосан дала-даштда бўлган. «Чағир» сўзи товуш жиҳатидан ўзгариб, «чақар» шаклига ўтиши мумкин бўлса ҳам, Чақар номига дахлдор деб қараш қийин. Чунки Чақар деган гузар, маҳаллалар шаҳар ва йирик аҳоли масканларида бўлган.
«Бобурнома»да «Темурбекнинг набираси Жаҳонгир мирзонинг ўғли Муҳаммад Султон мирзо Самарқанднинг тош қўрғонида – чақарда бир мадраса солибтур» жумласи бор. Бундан кўринадики, чақар – тош қўрғон маъносини ифодалайди.
Эски ўзбек тилида шаҳар қалъасидан ташқарида, сал нарироқ масофада гирди девор билан қуршалган жой чақар деб аталган. Бундай чақарнинг девори тошдан, пишиқ ғиштдан қилинган, пойдевори мустаҳкам қилиб тош қаланган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Марғилон, Жиззах каби қадимий шаҳарларда Чақар деган гузар, маҳаллалар бор. Республиканинг кўпгина туманларида ҳам шу номдаги гузар, маҳалла, қишлоқлар борлиги маълум. Яккабоғ, Ғузор туманларида Чақар қишлоғи мавжуд.
Ғалаба парадида қатнашган ғузорлик жангчи
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба муносабати билан 1945 йил 24 июнда Москва шаҳри марказидаги Қизил майдонда Ғалаба паради ўтказилади. Парадда қатнашиш учун урушнинг бошидан охиригача иштирок этган, жангларда қаҳрамонлик кўрсатган жангчилар танлаб олинган.
Тор-мор қилинган фашист армиясининг 200 та байроғини мавзолейнинг пойига солдатлар колоннаси ташлайди. Мана шу солдатлар ичида ғузорлик Чори Назаров ҳам бор эди. Парадга маршал К.К.Рокоссовский қўмондонлик қилиб, парадни Олий бош қўмондон ўринбосари, маршал Г.К.Жуков қабул этади. Параддан сўнг иштирокчиларга маршал К.К.Рокоссовскийнинг фахрий ёрлиқлари топширилган.
Чори Назаров 1923 йил 1 апрелда Ғузор туманидаги Янгикент қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Колхозда механизатор бўлиб ишлаб юрган вақтида армияга чақирилади. Ҳарбий хизмат тугаш арафасида Иккинчи жаҳон уруши бошланади.
1941 йил декабрдан 1945 йил майигача Чори Назаров 453-ўқчи полкда хизмат қилиб, Украина ва Европанинг қўплаб шаҳар ва қишлоқларини немис фашист босқинчиларидан озод қилишда иштирок этади. Жангларда кўрсатган қаҳрамонликлари учун Чори Назаровга полк командири Мемедовнинг шахсан ўзи фахрий ёрлиқ ва медалларни топширган. Бу ҳол ўша пайтлар жанги учун шараф ва юқори тақдирланиш бўлган.
1985 йил 9 май куни Москва шаҳридаги Қизил майдонда Ғалабанинг 40 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган ҳарбий парадда иштирок этиш учун Чори Назаров иккинчи бора фахрий ветеран сифатида Москвага чақирилади. Ўша куни у «Ғалабанинг 40 йиллиги» медали билан тақдирланади.
Чори Назаров 2007 йил 9 сентябрда 84 ёшида бу оламни тарк этди.
«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида таърифланган китоблик полвон ким?
Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида шундай лавҳа бор:
«Китоблик Сайфиддин Ходиев бор-ку, яқинда ўша билан ўтириб қолдим. Тренерлар мени жаҳон чемпиони қилиб етиштирдим, деб суюнади, билмайдиларки, мен болалигимдан тўйларда олишиб юрган тайёр полвон эдим, дейди.
– Айтгандай, шу бола икки марта жаҳон чемпиони бўлди-я.
– Ҳа-да, Мўғулистонда қандай қилиб жаҳон чемпиони бўлганини гапириб берди. Олиш вақти тугашига бир неча сония қолганда ёнбошга олиб уриб очко олдим, дейди. Бундай ҳунар бошқа бирор олишда йўқ, фақат бизнинг олишимизда бор, дейди.
– Ота-бовамизнинг ҳунарини маҳкам ушласак, жаҳоннинг энг зўр полвони биз бўламизку-я, нима дедингиз, шўро бова?»
Қиссада тилга олинган машҳур ўзбек курашчиси, самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони Сайфиддин Ходиев 1950 йилда Китоб туманининг Янгиқишлоқ қишлоғида туғилган.
У 1966 йилда ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабини тамомлаб, 1967 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига ўқишга киради.
Ёшлигидан спорт билан шуғулланиб, тўйларда кураш тушиб катта бўлган Сайфиддин Ходиев институтда ҳам ўзининг абжирлиги, маҳорати билан тезда кўзга ташланади. Самбо бўйича кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллай бошлайди. Натижада унинг иқтидори ёш ва таниқли мураббий Геннадий Калеткин эътиборини тортади. Калеткин Сайфиддин Ходиевни ўз жамоасига қабул қилиб, шуғуллантира бошлайди.
Сайфиддин Ходиев 1967-1974 йилларда Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ миқёсида ўтказилган кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, юқори ўринларни забт этди. Собиқ иттифоқ терма жамоаси сафига қабул қилинди.
1974 йилнинг 26-29 июль кунлари Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида Сайфиддин Ходиев собиқ иттифоқ терма жамоаси сафида иштирок этиб, 48 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритади.
1975 йилда Белоруссиянинг Минск шаҳрида ўтказилган самбо бўйича жаҳон чемпионатида ҳам аввалги натижасини такрорлаб, шоҳсупанинг энг баланд поғонасига кўтарилади.
Тошкентдаги Республика олий спорт мактабида мураббий бўлиб ишлаш асносида ўзи ҳам кўплаб шогирдлар чиқаради.
Сайфиддин Ходиев 1980-йиллар бошида Тошкент давлат юридик университетида ўқиб, ҳуқуқшунослик мутахассислигига ҳам эга бўлди. Шундан сўнг умрининг сўнгига қадар адвокат сифатида фаолият юритди.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.