Сараланган сатрлар
Журналистлик, сўз айтиш – улкан масъулият. Жамиятга ҳаққоний, аниқ ва холис ахборот етказиш вазифасини зиммасига олган киши эътирофу мақтовлар баробарида танқид-у дашномларга, ҳатто таъқибга ҳам дуч келиши мумкин. Бу майдонга юрак ютиб кирадиган киши борки, оғир-у енгилга, яхши-ю ёмонга кўниб, чидаб яшаши, ишлаши даркор.
Яхши журналист бўлмоқ учун нима керак? Таниқли адиб, журналистика соҳасида узоқ йилар фаолият кўрсатган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Журналист бўлмоқчимисиз?” китобида бу саволга атрофлича жавоб топиш мумкин. Ҳар ҳолда ушбу китобни ўқиб, журналистика катталар қатнашадиган тадбирларда қўр тўкиб, қовоқ уйиб ўтириш эмас, ўзи ҳам ишонмайдиган гапларни ёзиб, амалдорларга маддоҳлик қилиш эмас, телеграмда канал очиб, бўлар-бўлмас гапларни айтиш эмас, шаллақилик, сурбетлик, тамагирлик билан одамлар шаънига тегиш эмас, ўз манфаати йўлида, буюртма учун ишлаш эмас, бирор нарса ёзмаса-да, қўлида телефон кўтариб журналист деган ном ортига биқиниш ҳам эмас, ҲАҚ СЎЗНИ АЙТИШ эканини англаш мумкин. Шу холос.
* * *
Журналист қанчалик кўп нарсани билса шунча кам, бироқ, бу – журналист барча мавзуда бирдек маҳорат билан ёза олади, дегани эмас. Қизиқишингизни жиловлаб олиш деганда, ўзингиз қизиқадиган, яъни ўзингиз ҚИЗИҚИШ билан ўрганадиган, қизиқиб ёза оладиган мавзуларни аниқлаб олишни назарда тутган эдим. Чунки, биринчидан, одам қизиққан мавзуси билан қанчалик кўп шуғулланмасин сира чарчамайди. Зерикмайди. Ўзи зерикмайдиган мавзудагина одам бошқаларни ҚИЗИҚТИРА оладиган нарса ёзади.
* * *
Ёза бошладингизми, ижоднинг мана шу уч хил ҳолатига руҳан шай туринг: олқишласалар – ютуқлардан эсанкираб, мағрурликка берилманг, назарга тушмасангиз – ўкинманг, танқидга учрасангиз – гангиб қолманг, балки мардонавор дош беринг!
Ижодни давом эттиришнинг бирдан-бир синалган йўли, чораси ҳам шу!
* * *
Журналист биринчи навбатда воқиф бўлмоғи шарт! Воқифлик эса хабардор бўлиш демакдир. Хабардорлик эса ахборот тўплаш билан бўлади.
Ҳар қандай зиёли одам ўзини қизиқтирган янгиликлардан бохабар бўлиб юради. Профессионаллашиш орзусидаги журналист эса ўзи учун ахборот йиғиш тизимини яратиб олгани маъқул. Компьютер ва интернет бу борада энг замонавий ёрдамчи албатта. Лекин қизларимизга оналаримиз гўдаклигидан бисот тўплагани сингари журналист ўзи учун ўзи бисот тўплайди. Бу бисот – ўзингиз қизиққан ва ёндош соҳа ва мавзуларга доир маълумот, факт ва рақамлар жамғармасидан ташкил топади. Бундай жамғармани тўплаш учун эса тинимсиз ишлашга мажбурсиз. Ҳар куни радио ва ТВ орқали, газета ва журналлар орқали озмунча ахборот эшитасизми, ўқийсизми?! Уларнинг ўзингиз учун энг муҳимларини, ҳатто ўша дақиқада муҳим туюлмаганларини ҳам мумкин қадар қоғозга туширинг ва “бисот”га қўшиб қўйинг. Вақти келганда, шундай асқатадики!..
* * *
Сарлавҳада ҳикмат кўп. Ҳатто сарлавҳа мақоланинг ярим мазмун-моҳиятини ўтайди дейишади. Амалиётда такрорланавериб сийқаси чиқиб кетган, осонгина ишла-тилаверадиган сарлавҳалар шу қадар кўпки, улар газетхоннинг ғашини келтиради, ҳатто хабар ё мақола қизиқарли бўлган тақдирда ҳам сарлавҳа ўқувчининг ҳафсаласини пир қилади. Раъйини қайтаради. Ихлосини сўндиради.
* * *
Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, эълон қилинганда мақола ёки асарнинг жанри кўрсатилмаслиги ҳам мумкин, лекин уни қайси жанрда ёза-ётганингизни ижод жараёнида ўзингиз учун аниқлаб олмоғингиз керак. Шунда ўз-ўзидан ортиқча тафсилотларга берилмайсиз, муҳимни номуҳимдан ажратиб оласиз, яхлитликка эришасиз. Шакл ва мазмун мутаносиблиги журналист маҳоратининг муҳим кўрсаткичи эканидан ташқари, бундай мутаносиблик ва уйғунлик сақланган мақоланинг таъсир кучи, ўқишлилиги ортади.
* * *
Саволнинг тури кўп, бу, Сизнинг ўз олдингизга қўйган мақсадингиздан келиб чиқади. Яъни: ахборот олиш учун савол; баҳс қўзғовчи савол; “ҳужумкор” савол; қитмир савол; илмоқли савол ва ҳоказо. Кўряпсизми, ҳар “қадамда”, турли шароит ва турфа ниятларда савол беришингизга тўғри келади. Баъзан бемалол, баъзан ўта шошилинч вазиятларга тушасиз. Ундан қатъи назар, Сиз савол беришга ва жавоб олишга улгуришингиз шарт!
* * *
Қонунлар жамиятдаги барча муносабатларни уйғунлаштирувчи, мувозанатга солувчи асосий восита экан, жамиятга қарата сўз айтувчи касб эгаси – журналист қонундан ташқарида яшолмайди ҳам, ишлолмайди ҳам. Телеэкран орқали айтилган икки оғиз сўзни озмунча томошабин кўрадими? Радиони озмунча одам эшитадими! Газетани қанчадан-қанча муштарий ўқийди.
* * *
Журналист касб тақозосидан келиб чиқиб доимо жамият “пульс”идан бохабар туради. Унинг ёзганларидан (ТВда кўрсатганлари, радиода эшиттирганларидан) кўпчилик баҳ-раманд бўлади, демак, таъсирланади. Таъсирлангани, таъсирга берилди дегани. Кўринадики, журналист жуда кўп сонли фуқарони маълум бир таъсир доирасига олиб кириш қудратига эга. Бу – ҳам шараф, ҳам масъулият.
* * *
Журналист муносабатлар, ҳолат-вазиятлар кескин ўзгарувчан фавқулодда шароитларда ишлайди. Боши берк кўчаларга кириб қолиши, таҳликали ҳолатларда ўзини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.
Касбий шахси-камоли журналистни мана шундай вазиятлардан халос этади. Яъни, у ўз позисиясида қаддини ғоз тутиб қолади.
* * *
Журналистнинг тафаккури ахборот оқимлари кесишган, тўқнашган нуқталарда “яшаши”, шакл-ланишидан келиб чиқилса, бундай ахборот “издиҳом”ида ўзлигини сақлаб қолиш учун ҳам журналистнинг шахси мустаҳкам бўлмоғи зарур. Акс ҳолда у ҳар мақомга йўрғалаётганини ўзи сезмай қолади. Сўзидан путур кетади, чиқишлари ўз таъсирини йўқотади. Омма эса жуда зийрак ва ҳушёр, зеро, у журналистдаги бундай ўзгаришларни дарҳол пайқайди. Матбуотда бой берилган нуфузни тиклаш жуда-жуда қийин кечади.
* * *
Ҳар қандай мавзуни ёзаётганда масалага дунё нуқтаи назарларидан қарашга одатланиш зарур, акс ҳолда қарашлар, мезонлар торайиб кетади, журналист майда мақсадлар, ғоялар атрофида ўралашиб қолади. Майдалашган журналистнинг ижоди ҳам майдалашади. Ваҳоланки, майда ва “арзимас” мавзуда ҳам жиддий ва “арзирли” мақолалар ёзиш мумкин, ахир сиз глобаллашув асри журналисти бўлмоқ-чисиз!
* * *
Интернет бамисоли жунгли, жунглидан йўл топиб, ундан ўзимизга, жамиятимизга “ахборот” дея аталмиш энг зарур доривор гиёҳларни йиғиб-териш учун ҳам тажрибали сайёҳнинг компаси, малакали журналистнинг нигоҳи бўлиши зарур.
* * *
“15-ноябрдан 16-ноябрга ўтар кечаси” қабилидаги иборалар кўп қулоққа чалинади, кўзга ташланади. Бунда “15-ноябрдан” деган жумлага ҳожат йўқ. Чунки ҳеч қачон 14-ноябрдан 16-ноябрга сакраб ўтилмайди, “16-ноябрга ўтар кечаси” дейилса ҳам 15-ноябрдан ўтилаётгани англашилаверади.
* * *
Бир нарсани унутманг – устоздан ўзиш, лоақал устоздан ўзгачароқ, янгичароқ ёзишга уринмаган журналист узоққа бормайди. Давр тинимсиз ўзгаради, кечаги кун журналистикаси – кечаги кунники, бугун – кечагидан, эртага – бугунгидан ўзгача журналистика жамоатчиликка маъқул келади. Сиз эса мана шу ўзгарувчанликка шай турмоғингиз шарт. Зеро, журналистика фақат бугунги кун нафаси билан яшайди!
* * *
Сенсациябозликка, тўртта мақола ёзмай туриб, кенг жамоатчиликнинг, эл-юртнинг назарига тушишга шошилманг. Журналистлик меҳнатингиз учун аввалдан манфаат кутманг, тамагирликдан ўзингизни асранг. Журналист шуҳрат қозониши қийин, лекин назардан қолиши жуда осон.
* * *
Кишилар орасидаги келишмов-чиликларга шахсан дахлдор бўлсангиз, яхшиси, ёзманг.
* * *
Баҳс-мунозарага киришаяпсизми, аввало, нуқтаи назарингизда қатъиятли бўлинг, сўнг баҳс маданиятини унутмаган ҳолда ўзгалар фикрига ҳам тоқатли бўлинг.
* * *
Одамларни танқид қилишингиз мумкин, лекин шахсига, иззат-нафсига тегишга ҳаққингиз йўқ.
* * *
Юмор туйғуси кўп ҳолатларда мушкулингизни осон қилади.
* * *
Ҳамкасбларнинг ижодий ютуғидан қувониш доимий фазилатингизга айлансин.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.