Ҳукумат қарорига асосан тез орада юртимизнинг 38 та тоғли ва чўл ҳудуди, шу жумладан, вилоятимизнинг Шаҳрисабз ва Китоб туманларида зиплайн хизматлари ва канатли парк (тайпарк) экстремал туризм мажмуаси ташкил қилиниши режалаштирилган.
Ривожланиш стратегияси
Туризм соҳаси мутахассисларининг тушунтиришича, зиплайн хизмати деганда сайёҳларнинг махсус ускуналар (роликли тизим, маҳкамлаш элементлари ва хавфсизликни таъминловчи анжомлар) ёрдамида маълум бир қияликда тортилган пўлат арқон бўйлаб сирпаниб тушишидан иборат бўлган фаол дам олиш тури тушунилади. Бутун дунёда экстремал туризмнинг бу йўналиши жуда ривожланган бўлиб, кўпгина одамлар, айниқса, ёшлар унга қўрқувни енгиш ва ҳаяжонли лаҳзалардан завқланиб, ёрқин таассуротларга эга бўлиш ҳамда табиат манзараларни баландликдан томоша қилиш имконини бергани учун қизиқишади.
Ўз навбатида канатли (арқонли) парк ёки тайпарк ердан камида икки метр баландликда жойлашган ва бир-бири билан уйғунлашиб кетган арқонли аттракционлар мажмуасидир. У ерга кирган ҳар қандай инсон арқон ёрдамида «чўққи»ларни забт этиб ёки тўсиқлардан кечиб ўтиб ёхуд арқонли тўр ва зинапоялардан баландликка кўтарилиб, бир томондан, чаққонлигини намойиш қилади, иккинчи томондан ўзига бўлган ишончни ошириб, жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилайди. Муҳими, зиплайн хизмати мажмуаларидагидек арқонли паркларда ҳам хавфсизлик чораларига алоҳида эътибор қаратилиб, ташриф буюрувчилар махсус камар ва дубулға, бошқа зарур анжомлар билан таъминланади, шунингдек, аттракционлардан фойдаланиш бўйича сайёҳларнинг ёши ва тайёргарлик даражасига қараб айрим чекловлар қўйилади.
Республика ҳукуматининг жорий йил 19 июндаги қарори ва унга асосан тасдиқланган вақтинчалик низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг тоғли ва чўл ҳудудларда зиплайн хизматлари (пўлат арқоннинг икки учи махсус устунларга қотириб маҳкамланган аттракционда пўлат арқон бўйлаб ердан кўтарилган ҳолда тортишиш кучи таъсирида ҳаво орқали махсус мослама ёрдамида тушиш бўйича экстремал туризм хизматлари) ва канатли парк (тайпарк) экстремал туризм мажмуаси (ер сатҳидан маълум масофа баландликда арқонлар ёрдамида маҳкамланган аттракционлардан ташкил топган, турли даражадаги қийинчиликдаги вазифаларни бажариш учун мўлжалланган спорт ва сайёҳлик мажмуаси)ни ташкил қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланган. Хусусан, тоғли ва чўл ҳудудларда умумий масофаси 200 метрдан кам бўлмаган зиплайн экстремал туризм мажмуасини барпо этишга сарфланган маблағни қисман қоплаш учун 100 миллион сўм, 150 квадрат метрдан кам бўлмаган канатли парк (тайпарк) экстремал туризм мажмуасини барпо этишга сарфланган маблағни қисман қоплаш учун эса 80 миллион сўм миқдорида бир марталик субсидия ажратилади. Бундай субсидиялар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, экстремал туризм мажмуалари тўлиқ фойдаланишга топширилгандан кейин берилади.
Сирасини айтганда, ушбу чора-тадбирлар республикамизнинг олис ҳудудлари имкониятларидан самарали фойдаланиб, туризм йўналишига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, экстремал туризм хизматларини кенгайтириб, замонавий инфратузилма объектларини барпо этиш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шароитлар яратиш орқали аҳолини даромадли иш ўринлари билан таъминлашга замин ҳозирлайди.