Қашқадарё газетаси Маънавият ИЙМОННИНГ АСОСИЙ БЕЛГИЛАРИ ҲАММА ЖОЙДА ВА ҲАМИША БИР ХИЛ
Маънавият

ИЙМОННИНГ АСОСИЙ БЕЛГИЛАРИ ҲАММА ЖОЙДА ВА ҲАМИША БИР ХИЛ

Сараланган сатрлар

Жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан бири саналувчи, рус адиби Лев Толстой қаламига мансуб ушбу асарнинг ўзбек тилига ўгирилиши 2002-2011 йилларда Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилган Нуриддин Зайниев билан боғлиқ.

Гап шундаки, бир гуруҳ ижодкорлар Муборак газни қайта ишлаш заводига келишган. Ўшанда завод директори Нуриддин Зайниев бўлган. Атоқли адабиётшунос, таржимон Озод Шарафиддинов ўша суҳбатни эслаб, шундай ёзади: “Бу гурунгда мен Нуриддин Зайниевни батамом бошқа жиҳатдан кашф этиб, лол қолдим – энди у шунчаки ўз касбини мукаммал билган замонавий инженер сифатидагина эмас, жуда кўп ўқиган, оламшумул фалсафий муаммолар ҳақида ўйлайдиган мутафаккир, донишманд одам сифатида кўринди. У айниқса, улуғ адиб Л.Н.Толстой ҳақида ҳаяжонланиб гапирарди. Унинг бир асари ички дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборибди. Унда инсон ҳаётининг маъноси ҳақида ибратли гаплар ўртага ташланган экан:

– Ўшандан бери ўйлайман, – деди Нуриддин. – Ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётининг маъноси нима? Инсон туғилади, улғаяди, берилган муддатни яшаб бўлиб, оламдан ўтиб кетади. Хўш, унинг вафоти билан ҳаётининг маъноси ҳам йўқолиб кетадими?

– Сиз Толстойнинг “Иқрорнома”сини айтяпсиз-да? – деб луқма ташладим мен.

– Ҳа, ҳа, ўқиган экансиз, – Нуриддин тилини ва балки дилини тушунадиган суҳбатдош топилганидан мамнун бўлди. – Шу китобни бир замонлар ўқиган эдим, шундан бери излайман. Топиб бўлармикин-а?”

Айни шу суҳбатдан кейин Озод Шарафиддинов “Иқрорнома”ни ўзбек тилига таржима қилади. Унда руснинг оламга машҳур адиби ҳаётдаги хатою гуноҳлари, унга олиб келган омиллар, покланиш ва ҳаёт маъносини англаш йўлидаги изланишу руҳий тебранишлари ҳақида сўз юритади. Шуниси аниқки, бу каби иқрорий асарлар дунё адабиётида кўп эмас. 

“Иқрорнома”ни муаллиф 1879 йилда, яъни 51 ёшида ёза бошлаган, лекин унинг мазмуни ҳақида, асарда қўйилган ахлоқий-маънавий ва фалсафий масалалар тўғрисида камида 20 ёшидан ўйлай бошлаган. Демак, асар дафъатан туғилган, бирдан эсга тушиб қолган, фикр мулоҳазаларга асосланган эмас. Эҳтимол, шунинг учундирки, у бугунги китобхон учун ҳам ғоятда ардоқли, унинг маънавий янгиланишида ғоятда сезиларли тиргак бўладиган асардир”, дея қайд этади таржимон.

* * *

Одамнинг ҳаётига қараб, ишларига қараб, унинг Худога ишониш-ишонмаслигини билиб бўлмайди.

          * * *

Ёзувчилик борасидаги бу шерикларимнинг ҳаётга қараши шундан иборат эди: умуман ҳаёт ўз йўлида ривожланиб боради ва унинг бу ривожида биз, яъни фикрловчи одамлар асосий иштирокчилар сифатида кўринамиз; фикрловчи одамлар орасида эса биз – санъаткорлар, шоирлар асосий таъсир кучига эгамиз. Зиммамиздаги бурчимиз – одамларни ўргатиш. Аммо бунда ўз-ўзингга бериладиган савол кўндаланг бўлиши мумкин – хўш, мен ўзим нимани биламану, одамларга нимани ўргатаман? Шу савол кўндаланг бўлмасин учун юқоридаги назариямизда бир гап айтилди – санъаткор бировга бир нарса ўргатмоғи учун ўзи бирон нарса билиши шарт эмас, санъаткор билан шоир ғайришуурий тарзда ўргатишади.

 * * *

Ёзувчилик иймонининг чинлигига шубҳа пайдо бўлгандан кейин мен унинг муҳиблари ҳаётини синчиклаб кузата бошладим ва амин бўлдимки, бу иймоннинг деярли ҳамма муҳиблари – ёзувчилар виждонсиз одамлар экан, уларнинг кўпчилиги ярамас одамлар экан, уларни икки пулга арзимайдиган каслар деса ҳам бўлади; улар аввалги бебош ҳаётимда, ҳарбий ҳаётимда учратган одамларнинг кўпидан тубан туради, лекин улар жуда ҳам ўзларига бино қўиган ва ўз-ўзларидан бениҳоя мамнун одамлар. Фақат авлиёларгина ўз-ўзларидан шунақа мамнун бўлишлари мумкин ёки авлиёлик нималигини билмайдиганларгина шунақа бўлсалар, эҳтимол. Мен одамларни ёмон кўриб қолдим, ўзимдан ҳам кўнглим қолди. Шунда англадимки, бу иймон – ёлғон!

           * * *

Мендаги эътиқод бизнинг давримиздаги ўқимишли одамларнинг кўпчилигида бўлгани каби одатий бир шаклга кирди. Бу эътиқод “тараққий” деган сўз билан ифодаланар эди. У пайтларда менга бу сўз аллақандай маъно англатадигандай туюлар эди. У пайтларда ҳали тушунмас эдимки, мен “қандай қилиб яхшироқ яшамоғим керак?” деганга ўхшаш саволлар гирдобида изтироб чекаётган ҳар қандай одам каби “тараққийга мувофиқ яшамоқ керак”, деб жавоб берар эканман, тўлқинлар юзида шамол ҳар томонга судраётган қайиққа тушиб қолган одам “йўл бўлсин?” деган унинг учун ягона ва асосий саволга жавоб бериш ўрнига “аллақаёққа елиб кетиб боряпмиз” дегандек бўлган эканман.

 * * *

Одамзод дарди бедаво бир дардга чалинадиган бўлса, одатда шундай бўлади. Аввалига хасталикнинг арзимас белгилари намоён бўлади. Бемор уларга эътибор бермайди. Кейин бу белгилар такрор-такрор учрайверади ва бора-бора бўлинмайдиган, битта яхлит дардга айланади. Дард кучайгандан кучаяди ва бемор бирор тадорикни кўриб улгурмай англайдики, у оддий хасталик деб қабул қилган нарса унинг учун дунёдаги энг муҳим нарса экан. Бу – ажал экан!

           * * *

Авваллари ёлғон ҳаёт қувончлари аждаҳодан тараладиган даҳшатни босиб турарди, энди бу мени ортиқ алдай олмайди. Менга “сен ҳаётнинг маъносини тушуна олмайсан, бу ҳақда ҳадеб ўйлайверма, яшайвер” деб ҳар қанча уқтиришмасин, мен буни қилолмайман, чунки авваллари буни анча узоқ муддат давомида қилганман. Эндиликда қаршимда югуриб кетаётган ва мени ўлим сари элтаётган кун билан тунни кўрмаслигимнинг иложи йўқ. Мен фақат шуни кўраман, негаки фақат шугина ҳақиқатдир. Қолган нарсаларнинг ҳаммаси – ёлғон!

* * *

Илм оҳанглари жуда сипо ва ўта жиддий, унинг кўпгина қонун-қоидаларининг инсон ҳаётига дахли йўқ – илм уларни тасдиқлаш билан овора.

 * * *

Тажрибага асосланган илмлар соҳасида “қандай яшамоғим керак?” деб чин юракдан сўрайдиган одам “чексиз маконда чексиз замонда чексиз мураккаблик билан содир бўладиган чексиз зарралар ўзгаришини ўрган, шунда сен ўз ҳаётингни англайсан”, деган жавобга қаноат ҳосил қилолмайди. Худди шунга ўхшаш самимий одам “биз инсониятнинг на ибтидосини, на интиҳосини биламиз, биз унинг кичик бир қисмини ҳам била олмаймиз. Лекин сен ана шу инсониятни яхлит олиб, унинг нималигини англа. Шунда ўзингнинг кимлигингни англаб оласан” деган жавобга ҳам қаноат қила олмайди. Худди тажрибага асосланган чала илмларда бўлгани каби бу чала илмлар ҳам ўз вазифаларидан нечоғлик чалғиб кетсалар, улардаги мужмалликлар, чалкашликлар, бемаъниликлар ва зиддиятлар шунчалик кўпайиб бораверади.

* * *

Бу ёруғ дунёда ҳеч қанақа янги нарса йўқ. Баъзан бирон нарса тилга тушади – “қара, бу янгилик” дейишади. Аммо бу биздан аввал неча асрлар муқаддам рўй берган бўлади.

 * * *

Ҳамма нарсанинг ва ҳамманинг қисмати бир. Батавфиқ одамнинг ҳам, бетавфиқнинг ҳам, яхши-ёмоннинг ҳам, покиза ва ифлоснинг ҳам, қурбонлик қилган ва қилмаганнинг ҳам, серсаховат ва гуноҳкорнинг ҳам, қасам ичувчи ва қасамхўрнинг ҳам қисмати битта. Ёруғ дунёдаги ҳамма ишларда қисматнинг битта экани ёмон, шу туфайли бани одамнинг юраги ёмонликка тўла, уларнинг юрагидан ақл қочган, ҳаётларидан ҳам ақл кетган. Шундан кейин улар ўтганлар сафидан ўрин олади. Тириклар орасида қолганлар ҳали нималардандир умидвор бўлса бўлади, негаки, ўлик арслон бўлгандан кўра тирик кучук бўлган яхши.

           * * *

Теварак-атрофимдаги одамларга, бутун инсониятга ўгирилиб қараб турдимки, одамлар яшаяпти ва ҳаётнинг маъносини биламиз дейишяпти. Ўзимга ўгирилиб қарадим: мен ҳаёт маъносини билганим даражада яшаган эканман. Бошқа одамларга ўхшаб менга ҳам ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини иймон берган экан.

Ундан нарига ўгирилиб, бошқа мамлакатларнинг менга замондош ва ўтиб кетган одамларига қараб ҳам яна ўша аҳволнинг ўзини кўрдим. Қаердаки ҳаёт бўлса, ўша жойда инсоният пайдо бўлгандан бери унга яшаш имконини берадиган иймон бор. Ва иймоннинг асосий белгилари ҳамма жойда ва ҳамиша бир хил.

           * * *

Мабодо бутун умрини қийноқларда одамларнинг бошини олиш билан ўтказган бир жаллод ёки бутун умрини бир қоронғи хонада ўтказган, бу хонасини нажосатга тўлатиб, ифлос қилиб ташлаган ва “шу хонадан чиқсам муқаррар ҳалок бўламан” деган фикрни сингдириб олган бирор учига чиққан пиёниста ёхуд жинни ўз-ўзига “Ҳаёт нима?” деб савол берса нима бўларди? Ўз-ўзидан аёнки, “Ҳаёт нима?” деган саволга улар “Ҳаёт энг катта ёвузликдир” деган жавобдан бошқа жавоб ола билмас эдилар. Бунда жиннининг жавоби мутлақо тўғри бўларди, бироқ фақат унинг ўзи учун тўғри бўларди. Унда қандоқ бўлади – мен ҳам ўшанга ўхшаган бир телбаманми? Наҳотки, бизнинг ҳаммамиз – бадавлат, ўқимишли одамлар шунга ўхшаш телба бўлсак?

* * *

Мен фақат уни ҳис қилган чоғларимда, уни излаган чоғларимдагина чиндан ҳам яшайман. “Хўш, мен яна нимани излаяпман? – деб садо беради дилимдаги овоз. – Мана у. Усиз яшаб бўлмайди. Худони танимоқ ва яшамоқ – айнан бир нарса. Худо – ҳаётдир”.

“Яша, Худони излаб топ, шунда ҳаётинг Худосиз бўлмайди”. Шунда дилимдаги ва атрофимдаги нарсаларнинг ҳаммаси ҳар қачонгидан кучлироқ нурланиб кетди ва бу нур мени ортиқ тарк этмади.

Шу тарзда мен жонимга суиқасд қилишдан қутулиб қолдим.

* * *

Ҳаётни англамоқ учун мен истиснолар ҳаётини, ўзимизнинг, яъни ҳаёт дарахтига ёпишиб олган текинхўрлар ҳаётини эмас, оддий меҳнаткаш халқ ҳаётини англамоғим, шу халқ ҳаётга берадиган маънони тушунмоғим лозим эди.

 * * *

Одамнинг ҳаётдаги вазифаси – ўз жонини сақлаб қолишдир. Ўз жонини сақлаб қолиш учун Худонинг буюрганларига амал қилиб яшамоқ лозим.

* * *

Одамлар чинакамига ишонган нимаики бўлса, у ҳақиқат бўлмоғи керак; у ҳар хил йўсинда ифодаланмоғи мумкин, бироқ у ёлғон бўлмоғи мумкин эмас, шунинг учун ҳам мабодо у менга ёлғон бўлиб туюлса, бунинг маъносй шундан иборатки, уни мен англамабман. Бундай ташқари яна ўзимга дедим: ҳар қандай иймоннинг моҳияти шундан иборатки, у ҳаётга ўлим маҳв этолмайдиган маъно беради.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version