Овоз беришнинг иккинчи тури якунларига кўра, собиқ иқтисодий хавфсизлик вазири Санаэ Такаити Япония ҳукмрон Либерал-демократик партияси янги раиси этиб сайланди. Бу ҳақда ТАСС манбаси хабар тарқатган.
У умумий ҳисобда 341 овоздан 185 тасини олган. Унинг рақиби – собиқ бош вазир Дзюнъитиро Коидзумининг ўғли Синдзиро Коидзуми 156 та овоз тўплаган.
Шу тарзда, эҳтимол Санаэ Такаити Сигэру Исибанинг яқин орада кутилаётган истеъфосидан сўнг кейинги бош вазирга айланади.
«Бунга сабаб шуки, япон мухолифат партиялари парламентда умумий сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этса-да, сиёсий қарашлари бўйича кўплаб жиддий фарқларга эга ва уларнинг барчаси овоз беришга тайёр ягона бош вазир номзоди борасида якдил тўхтамга кела олмайди», дейилади хабарда.
64 ёшли Санаэ Такаити Кобэ университетини тугатиб, демократлар партиясидан Вакиллар палатаси аъзоси Патриция Шрёдерга ёрдамчи бўлиб ишлаш учун АҚШга кўчиб ўтган. Японияга қайтгач, сиёсий карьерасини бошлаган. 1996 йилда Либерал-демократик партиясига қўшилган.