Қашқадарё газетаси Маънавият ИЛМ БОҒЛАР КАБИ ҚУРИБ ҚОЛМАЙДИ, БИНОЛАР КАБИ БУЗИЛИБ КЕТМАЙДИ
Маънавият

ИЛМ БОҒЛАР КАБИ ҚУРИБ ҚОЛМАЙДИ, БИНОЛАР КАБИ БУЗИЛИБ КЕТМАЙДИ

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 35-модда

Сараланган сатрлар

“Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими”, дейишади. Дарҳақиқат, бундан ўн йил муқаддам Ислом олами жуда катта йўқотишга учраган, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари боқий дунёга рихлат қилган эди.

У зот халқимизга қолдирган маънавий мерос чек-чегарасиз. 4 жуздан иборат “Одоблар хазинаси”, 8 қисмли “Зикр аҳлидан сўранг”, 3 жузли “Кифоя”, “Руҳий тарбия”, Қуръони Карим тафсири бўлмиш 6 жузли “Тафсири Ҳилол”, 5 жузли “Хислатли ҳикматлар шарҳи”,  6 жузли “Олтин силсила. “Саҳиҳул Бухорий”, 39 жузли “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласи каби юзлаб бебаҳо асарлар халқимиз диний саводхонлигини оширишда, турли ихтилофларга барҳам беришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Шайх ҳазратлари ҳақида ёзилган биринчи китоб Эркин Маликнинг “Хотира уйғонса гўзал” китоби эди. Ушбу хотира китобида Ҳазрат сийрати ҳақида эътиборли манзаралар, илм ихлосмандлари у кишини нақадар яхши кўрганлари ҳақидаги лавҳаларга гувоҳ бўлиш мумкин.

*  *  *

Бу китобни албатта мутолаа қилинг. Орамизда яшаб ўтган улуғ зот ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлиш асносида умр, эътиқод, илм борасидаги фикрларингиз теранлашади.

Китоб ўқимаган одамнинг руҳи ҳам, тарбияси ҳам, келажаги ҳам бўлмайди.

*  *  *

Ҳа, одам боласи шу дамлар, дақиқалар, фурсатлар оралиғида яшайди. Олган дамимиз, нафасимиз бизники, кейингисига етамизми-йўқми, ҳамма гап шунда! Ҳа, Аллоҳ насиб қилса унга етамиз, бўлмаса йўқ. Кейинги нафас меники дея олмаймиз.

*  *  *

Оҳ, умид… у қанчалар сеҳрли, мўъжизакор? У сўнгги жон чиқиш сонияларида ҳам кишини тарк этмайди. Умид деганлари жондек вафодор, чиқса ҳам жон билан чиқади.

*  *  *

Илм ва Ислом оламида кимнинг номи шу кунгача яшаб келаётган бўлса ва бундан кейин ҳам яшаб қоладиган бўлса, билингки, улар ҳеч қачон нафснинг қули бўлмаган, аксинча, нафси уларнинг қули бўлган.

*  *  *

Абул Ҳасан Ҳараконий: “Неъматларнинг энг ҳалоли ўз меҳнатинг ила қўлга киритганингдир”, деганлар. Бўлмаса, дунё таниган бу мужтаҳид олимларнинг атрофида минглаб шогирдлари, муридлари бўлган, Хожа Аҳрор Валий ҳазратларининг давлати подшолик хазинасидан бир неча бор кўп бўлган. Ҳатто юрт босқинга учраб, жуда катта бож талаб қилинганида, бир йиллик божни у киши ўз ёнларидан тўлаб юборганлар.

*  *  *

Сўраш камчилик эмас, фазилат ҳисобланади.

*  *  *

Бир одамнинг исми Жаҳш, яъни хўтик экан. Унинг ҳам исмини чиройли исмга ўзгартирганлар. Яна бир кишининг исми Ҳарб – уруш экан, унга “Сенинг исминг Салом бўлсин” деган эканлар. Салом – бу тинчлик дегани. Бу борада тобеинлардан бири ривоят қилиб шундай дейди: “Менинг отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борганларида у зот: “Исминг нима?” деб сўрадилар. У: “Ҳазар”, деб жавоб берган. (Бу маҳзунлик, хафалик дегани экан.) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўғ-эй, сенинг исминг Сурур – хурсандчилик бўлсин”, дедилар. У киши: “Отам қўйган исмни ўзгартирмайман”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майли, ўзгартирмасанг ўзгартирма”, дедилар. Аммо бизнинг хонадонимизда ҳамиша маҳзунлик, хафагарчилик ҳукм сурган. Ўшанда отам “Хўп” деб исмларини чиройли исмга ўзгартирганларида оиламизда доимо хурсандчилик ҳукм сурган бўларди”, деб эслайди.

*  *  *

Мухлис сўрайди: “Ҳазрат, эслаб қолиш қобилиятининг яхши бўлиши учун нималар қилиш лозим? Бунинг учун қандай дуо ёки чораларни тавсия қилган бўлар эдингиз?”

Ҳазрат жавоб бериб: “Имом Шофеъий ўз устозлари Вақеъ ибн Жарроҳга хотира сустлигидан шикоят қилганларида, устозлари у кишига гуноҳлардан узоқ бўлишни, тақвони маҳкам тутишни тавсия қилганлар ва: “Эй ўғлим, мен ўз ҳаётим мобайнида бундан кўра ҳифзни кучайтирадиган нарсани кўрмадим”, деганлар. Бунда суннатда келган дуолардан фойдаланилса, янада яхши бўлади”, дейдилар.

*  *  *

Беихтиёр Ҳазратнинг шогирди Озодбекнинг гапларини эсладим. Ҳазрат билан “Тафсири Ҳилол”ни русчага таржима қилиб ўтиришган экан. Бунақа пайтда устозга бир қултум сув ичиш ҳам малол келаркан, ишни кўзлари қиймас, вақтни қизғанарканлар. Шундай бир паллада Ҳазратнинг котиблари Фозилжон хижолат билан хонага кириб келибди. Кексароқ одам билан бир ёш йигит зиёратга келганини айтибди. “Аҳволни тушунтирмадингизми?” – дебдилар Ҳазрат. “Айтдим, – дебди Фозилжон, – ёшроғи “Халақит қилмасам, кўпроқ савоб оларканман” деб, салом айтиб, қайтиб кетди. Кексароғи эса “Майли, бўшашларини кутаман”, деб ўтирибди”. Шунда Ҳазрат “Халақит қилмасам, кўпроқ савоб оларканман”, деган йигитни “Тушунган инсон экан” деб, унинг ҳаққига узоқ дуо қилган эканлар.

*  *  *

Нью-Йоркда эгизак бинолар портлаган йили Ҳазрат Америка сафарида бўлдилар. У ерда турли тоифадаги одамлар, шу жумладан, журналистлар билан ҳам учрашдилар. Илк учрашувларнинг бирида Ҳазрат журналистларнинг саволларига жавоб бермай индамай туравердилар. Ниҳоят, савол берувчилар жимиб қолишди. Шунда Ҳазрат журналистларга қараб:

– Ислом одобида мен меҳмон, сизлар мезбонсизлар. Одатда, мезбонлар меҳмонни саволга тутмайдилар, аксинча, олдин меҳмон мезбонга савол билан мурожаат қилади, дейдилар.

Бу мантиқли гапдан кейин журналистлардан бирови:

– Сўранг, биз жавоб беришга тайёрмиз, – дейди. Шайх ҳазратлари гапда давом этиб:

– Исломда кўпгаплик исрофга киради, шунинг учун менинг саволларимга бир оғиз “ҳа” ёки “йўқ”, деб жавоб берсангиз бўлди, – дейдилар.

Журналистлар янада ҳушёр тортадилар. Ҳазрат сўрайдилар:

– Аввало айтинглар-чи, сизлар мен билан Ислом дини, шариат илми бўйича мунозарага қалбан тайёрмисизлар, бу соҳадаги билимингиз етарли деб ўйлайсизларми?

– Йўқ.

– Американи демократиянинг бешиги дейишади, сизлар турли газета-журналлар, радио ва телекомпанияларнинг вакилисизлар. Айтинглар-чи, демократия талабларидан келиб чиқиб, ўз компаниянгизни ўз матбуотингизда танқид қила оласизларми?

– Йўқ…

*  *  *

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Касбларнинг шарафлиси кишининг ўз қўли билан бажарадиган касбидир”, – деганлар. Амалга чорловчи оятлар, ҳадислар, асарлар жуда ҳам кўп. Биргина мисол келтирсак кифоя қилар: “Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бекорчи одамларни учратиб қолиб, “Сизлар кимсизлар?” деб сўрадилар. Улар: “Биз таваккалчилармиз”, дейишибди. “Ёлғон” гапиряпсизлар, – дебдилар Ҳазрати Умар. – Таваккалчи ерга уруғни сочиб қўйиб, сўнгра Аллоҳга умид боғлаган кишидир. Бирортангиз “Аллоҳим, Ўзинг ризқ бергин”, деб ризқ талаб қилишга ўрганиб қолманг. Биласизки, осмондан тилла ёки кумуш ёғмайди”.

*  *  *

Саудия Арабистонида подшоҳ Фаҳд ибн Абдул Азиз билан учрашиш учун Жидда шаҳридан Ар-Риёз шаҳрига махсус самолётда учдик. Бир киши меҳмондорчилик уюштириб, хизмат қилиб турдилар. Кейин билсам, исмлари Али Ризо бўлиб, самолёт ҳам у кишиники экан. Мен ул зотдан: “Бизда Саудия ҳукумати нефтни сотиб, пулни босиб олган, хоҳлаганини қилаверади, деган тасаввур бор эди. Лекин келганимиздан бери ҳукуматники деган нарсани кўрмадик, дўконлар, таксилар, меҳмонхоналар ва бошқа нарсалар, жумладан, самолётлар ҳам шахсий экан. “Ҳукумат нима иш қилади?” – деб сўрадим. Али Ризо: “Муфтий ҳазрат, бизда ҳукумат ҳукм қилади, ишни биз бажарамиз”,  деди.

*  *  *

Вақт ғаниматлигини билган одам ҳеч нарсага шошилмаса ҳам, илм олишга, билганини бошқаларга етказишга шошиши керак экан.

*  *  *

Кўр-кўрона тақлид билан яшаш инсон деган буюк номга муносиб эмас. Бундай тақлид инсонлик шарафини топтайди, даражасини пайсатиради.

*  *  *

Филни, эшакни, отни олайлик. Мияси катта, лекин инсондек ўйлаш, фикрлаш шарафига эга эмас. Уларда илм олиш, маърифат ҳосил қилиш хусусиятлари йўқ. Шунинг учун улар нафсининг кўйида нима қилса қилиб юраверади.

*  *  *

Мўмин-мусулмон банда бировга энг кичкина, энг озгина яхшилик қилса ҳам, у дунёда савобини олади. Хўп, савоби нимага у дунёга олиб қўйилади, дейилса, уламолар айтадиларки – инсоннинг ўша энг арзимас, кичкина ишига бериладиган ажр бу дунёга сиғмайди. Сабаби, бу дунё жуда тор дунё. Бевафо дунё. Бу дунё беш кунлик дунё. Шунинг учун савобларини охиратга олиб қўяди. Охират абадийлик дунёсидир. Чеки йўқ, чексиз дунёдир. Абадий даво этадиган дунёдир. Савоблар ўша дунёгагина сиғади. Бандасининг у дунёдаги мартабаси савобининг мартабасига қараб белгиланади. Аксинча, гуноҳ қилса, бу дунёда жафосини тортади. Бахтсиз бўлади… Яна шуни айтиш керакки, гуноҳ ишларнинг энг кичигига бериладиган жазо ҳам бу дунёга сиғмайди. У ҳам охиратга олиб қўйилади. Мана шу нарсалар ҳар бир инсоннинг фикри-ёдида сақланиши керак.

*  *  *

Ўшанда Ҳазрат билан шундай бир издиҳомга борган эдик. Тузалган дастурхонни кўриб: “Ўҳ-ҳў… ўтиришга ҳам жой қолмабди-ку”, деган эдилар. Устоз зиёфатбозликни ёқтирмасдилар. “Бунинг ўрнига бир оғиз бўлса ҳам илм, маърифат ҳақида гап бўлсин”, дер эдилар.

*  *  *

Одатда инсон зоти ўтгандан кейин орқасида қолган солиҳ фарзандларидан, яратган боғларидан, қурган кўприклари, биноларидан савоб бориб туради, дейишади. Ўйлаб қарасак, орқада қолган фарзандлар ҳам бу дунёдан ўътадилар, боғлар ҳам абадий эмас, қурийди, кўпригу бинолар ҳам бир кун келиб бузилади. Илм йўлида қилинган ишнинг савоблари эса узилмай, бардавом бўлиб охиратгача бориб турар экан. Сабаби, илм боғлар каби қуриб қолмайди, бинолар каби бузилиб кетмайди, балки авлоддан-авлодга ўтиб, йўлчи юлдуз бўлиб яшайверади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version