Агар юрагингиз тош қотмаган бўлса, бу китобни ўқиб, албатта йиғлайсиз. Юз бераётган воқеалар, кечинмалар бошқа бировга тегишли, биздан юз йил нари ва минглаб километр узоқда эканини била туриб, йиғлайсиз. Саҳифалар аро акс этган шунча дарду ситамни ўқиб ҳам кўзингиздан бир томчи ёш чиқмаса, ўзингизни яхшилаб тафтиш этинг: кўксингиздаги юрак деб юрганингиз қуруқ гўштга айланиб қолмаганми? Одам-гарчиликдан чиқиб кетганингиз йўқми? Ўзгалар дардидан куюниб, хурсандчилигидан қувонишдек дахлдорлик туйғуси ҳалиям борми сизда?
Хитой ёзувчиси Юй Хуа қаламига мансуб “Яшамоқ” китоби мутолаасидан кейин шу каби саволлар билан рўбарў келмасликнинг имкони йўқ. Ушбу асарга ўзбек китобхонлари томонидан “Кўз ёшларга ғарқ қилган асар” дея таъриф берилмоқда. Кейинги икки йилда эҳтимол энг кўп сотилган китоблардан бири ҳам шу бўлса керак. Ҳатто китобнинг қалбаки нусхалари ҳам урчиб кетганига нима дейсиз?! Талаб юқорики, фирибгарлар сохта маҳсулотни бозорга ёйишдан қўрқмаяпти ва нашрнинг асл эгалари шундайлар ҳақида тезкор хабар беришларидан огоҳлантирмоқда. Бу ўзаро, суд орқали ҳал қилинадиган масала, аммо бизнинг эътиборимизни жалб қилган жиҳат шуки, одамлар китоб ўқияпти! Яхши китоб бўлса бўлди экан – аслми, қалбакими демай ўқийдиган одам топилавераркан!
Хўш, “Яшамоқ” қандай асар ўзи? Унда қандай оламшумул мавзу қаламга олинганки, ютоқиб ўқиётганлар сони кўп?
Японларнинг “Ошин” деган сериалини кўргансиз. Инсон матонати ҳақида гўзал санъат асари. Унда фильм сифатидан кўра инсон иродаси кўпларни маҳлиё этгани-да рост. Бинобарин, “Яшамоқ” ҳам бир қарашда шунга яқин: фақат бунда қимор ва фаҳшга берилиб, бор будини йўқотган кишининг охир-оқибатда тақдир қаршисида якка-ёлғиз қолишигача бўлган йўл тасвирланади. Тўғри, у хатоларини тушуниб етади, аммо уларнинг бадали анча қимматга тушади…
Асарнинг яна бир эътиборли жиҳати, ўтган асрда Хитойда коммунизм қуриш ва унинг инсонлар тақдирига таъсири, муҳорабалар ясаган ўзгаришлар ҳақида ҳам гап боради. Шунга монанд, кўп лавҳалар гўё бизга бегона эмасдек туюлади. Ҳар ҳолда советлар зульми остида эзилган миллат вакили ўлароқ коммунизм деган хомхаёлнинг аянчли оқибатларини яхши биламиз, тушунамиз.
Муаллиф Юй Хуа 1960 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида туғилган. Стоматология йўналиши бўйича таҳсил олган. Мазкур соҳада беш йил фаолият юритиб, сўнг адабиётга ўзини бағишлаган.
“Яшамоқ” романи 1993 йилда нашр этилган ва у асосида суратга олинган фильм 1994 йилда нуфузли Канн кинофестивалида бош мукофотга сазовор бўлган.
Роман дунёнинг йигирмадан ортиқ тилига таржима қилинган.
Сараланган сатрлар
* * *
Ўзимга ўзим “Нима учун ялло қилиб яшаш имкони турганда, ота-боболарга лойиқ бўлишдек машаққатли ишга тутилишим керак?!” дердим. Бир вақтлар сулоламиз бир юз ўттиз гектардан кўпроқ ерга эгалик қилган, аммо падаримнинг қўлига ўтгач, бора-бора олтмиш беш гектар бўлиб қолибди. Дадамга қарата: “Хавотир олманг, ота-боболаримиз менинг ўғлим билан фахрланишади”, дердим.
“Келажак авлодга яхши нарсаларни қолдириш керак”. Онам бу гапни эшитганида қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва менга пичирлади: “Отанг ҳам ёшлигида бобонгга шундай дер экан!”
* * *
Сиртдан қараганда, турлича кўринсалар-да муносабатлар давом этган сайин, аёлларнинг бари бир хил бўлади. Бу ҳақиқатни билишимга қарамай, бошқа бир аёлга кўзим тушиб қолса, балки у бошқачадир, деб ўйлайверардим ичимда. Тушуниксиз ҳолат…
* * *
Ҳамма одамлар бир хил: бировнинг чўнтагидан пул олганда юзлари ёришиб кетади, кулишади. Аммо ютқазиш навбати ўзларига келганда гўё аза тутгандек кўз ёш тўкишади.
* * *
Император бир парча нон учун тиланчилик қилса ҳам, у императордир.
* * *
Қадимда Ху оиласи аъзолари фақатгина товуқ боқишган. Товуқлардан кейин ғозга, ғоздан кейин ҳўкиз боқишга ўтишган. Мана шундай қилиб бадавлат бўлишган. Навбат менга келганида ҳўкизлар ғозга айланди, ғозлар товуққа ва мана энди битта товуғимиз ҳам йўқ.
* * *
Юзларидаги ажинлар қуёш нури ва балчиққа тўла, кулган пайтларида кўринадиган бўм-бўш оғизларида бир ёки иккита тиши қолган одамлар… Тез-тез йиғлаб туришса-да, бу уларнинг бахтсиз эканлигидан эмас. Баъзида жуда бахтиёр ва ҳузурбахш умр кечираётган бўлишса ҳам йиғлашади.
* * *
Қашшоқлик ва машаққатлар бошқаларнинг хотирасига салбий таъсир кўрсатган бўлиши эҳтимол. Улар кўпинча ўтмишлари ҳақида ўйлаганда мискин, фақир ва камбағал бўлганликларини эслашади, холос. Нима қилишларини билмай, ўтмишни ғалати бир табассум билан унутиб юборишади. Ўз кечмишларига нисбатан гўёки бир ривоятдек қарашади. Ҳаётий тажрибаларига нисбатан эътиборсизлар. Баъзи бировлари ўз ўтмишларини қисман эсласалар-да, булар ҳам кўпинча ҳаётлари билан умуман алоқаси бўлмаган нарсалар бўларди. Бошларига тушган шунча ташвишни ифода этишлари учун бир-икки жумланинг ўзи кифоя қилади. Баъзида ёшлар бундай одамлар ҳақида гапираётиб, “Улар қаригач, итдек яшай бошлашади”, деганларини эшитиб қолардим.
* * *
Фақирлик инсоннинг ғурурини синдиради.
* * *
Бировни қийин аҳволдан қутқариб олиш мумкин, аммо қашшоқликдан асло чиқариб бўлмайди!
* * *
Секин қанот қоқадиган қуш эртароқ уча бошлаши шарт.
* * *
Ҳар куни ўлгудек чарчаб ишласангиз, бошқа нарсалар ҳақида ўйлашга вақтингиз ҳам қолмайди.
* * *
Бўладиган нарса бўлмай қолмайди. Шундай ибора ҳам бор-ку: “Бир фалокатдан қутулгандан кейин ортидан албатта яхши кунлар келади”.
* * *
Жиашеннинг сўлғин ва суяги бўртиб чиққан юзига қарадим, турмуш қурганимиздан бери унинг бирор марта ҳам бахтни ҳис этишига имкон яратиб бермаганимни ўйлаб куюндим.
Жиашен эса хурсанд кўринарди. “Давоси йўқ эканлиги яхши бўлди, акс ҳолда, даволаш учун пулни қаердан топган бўлардик?”, деди. Қишлоққа кираверишда Жиашен ўзини яхши ҳис этаётганини ва ўзи юра олишини айтди. “Ючинни қўрқитмайлик”, деди. Рафиқам ўғлимиз онасини бу аҳволда кўриб, хафа бўлмасин, деб қайғураётган эди. Оналар мана шундай майда-чуйдалар ҳақида ҳам ўйлашади.
* * *
Аёлларнинг асаби чидамли, айтмаган ёки қилмаган нарсалари қолмайди.
* * *
Халқда шундай ибора юради: “Бало келяпман, деб огоҳлантирмайди!”
* * *
Ўғлимни тупроққа топширишим керак эди, бироқ ундан ажрала олмаётгандим. Ота-онамнинг қабрлари пойига чўкдим ва Ючинни бағримга босдим – уни ерга қўёлмаётгандим. Уни аста елкамга суядим, юзлари ҳам қотиб қолганди, худди елкамда бир парча муз тургандек гўё… Кечки шамол баргларни тўзғитар, ўғлимнинг танаси қировдан нам бўлиб улгурган эди. Бугун эрталаб мактабга кетаётгандаги ҳолати кўз олдимда шундоққина турибди: у югургилаб борар экан, елкасига илган мактаб сумкаси бир юқорига, бир пастга сакрарди. Ючин энди ақалли бир оғиз сўз айта олмаслигини ёки мактабга ялангоёқ чопиб бормаслигини ўйлаш юрагимга тиғдай ботарди. Йиғлайвериб кўзимнинг ёши қуриб қолди.
* * *
Инсонлар асло эсдан чиқармаслиги керак бўлган тўртта қоида бор: ножоиз сўзни гапирмаслик, ножоиз ётоқда ётмаслик, ножоиз эшикдан кириш ва қўлини бегона чўнтакка суқиш.
* * *
Аёллар қайсар бўлишади, бир нарсани тутиб олдиларми, ҳеч ким буни ўзгартира олмайди. Ҳаммамиз оддий инсонмиз. Албатта, мамлакат муаммоларига нисбатан бееътибор эмасдик, фақат уларни тушунмасдик, холос.
* * *
Кун бўйи ётоқда ётиш далада жавлон ургандан ҳам кўпроқ чарчатади одамни. Бунинг устига танасини қимирлата олмаса…
* * *
Халқда шундай мақол бор, биласанми, яшил тоғлар бор бўлса, ёқадиган ўтиннинг ғамини емаса ҳам бўлади.
* * *
Ичкарига кирсангиз, ҳамма жойда, ҳатто ҳожатхонада ҳам Олий Раис Маонинг сўзлари ёзилган бўларди. Фенгхианинг ёстиқ жилдида “Синфий курашни асло унутма!”, деб ёзиб қўйилганди. Кўрпачаларнинг устида бўлса: “Катта бўронларга қарши марш!” деган ёзувлар бор эди. Фенгхиа ва Эрчи ҳар куни Раис Маонинг сўзлари устида ухлашарди.
* * *
Инсон ҳаёти давомида қанақа қийинчиликларга учрашига қарамасдан, ўлими яқинлашганда ўзини овутадиган бир нарсалар топа оларкан.
* * *
Оддий ҳаёт энг тўғриси, менимча. У билан жанжаллаш, бу билан кураш деб, натижада ўз ҳаётингни қўлдан чиқариб қўясан.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.