Қашқадарё газетаси Маънавият ИНСОННИ ЎЛИМДАН САҚЛАБ ҚОЛГАН КИШИГИНА ҚАҲРАМОНДИР
Маънавият

ИНСОННИ ЎЛИМДАН САҚЛАБ ҚОЛГАН КИШИГИНА ҚАҲРАМОНДИР

Сараланган сатрлар

Бош қомусимизнинг 152-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади”, дея белгилаб қўйилган. Биламиз, собиқ тузум даврида ўзбек йигитлари ҳарбий хизматни олис ўлкаларда ўташар, сиёсий ўйинларнинг маҳсули бўлмиш ҳарбий ҳаракатларга жалб этиларди. Неча минглаб ўзбек ўғлонларининг ёстиғи қуримади дейсиз бу урушларда.

Маълумотларга кўра, 1979 йилдан 1989 йилга қадар давом этган Афғон урушида собиқ иттифоқдан 820 минг ҳарбий қатнашган ва расмий манбаларга кўра уларнинг 15 мингга яқини ҳалок бўлган. Ўзбекистондан эса бу урушда 65 минг нафарга яқин киши қатнашиб, бир ярим мингга яқини ҳалок бўлган, 2 минг 500 га яқини эса жароҳат олиб, бир умрга ногирон бўлиб қолган.

Ёзувчи Абдурашид Нурмуродовнинг “Қонли йўргаклар” китобида Афғон уруши фожиалари акс этган. Мустабид тузум давридаги ҳарбийларнинг машъум кечмишлари билан юзлашиш асносида бугунги тинч-осойишта кунларга шукрона айтасиз.

*  *  *

Бизга етти ёт бегона, ғанимимиз бўлмаган одамларни ўлдирдик, улар ҳам ўлдиришди. Ҳаммасини Ватан учун қиляпмиз деб ўйладик. Ҳатто ов милтиғини қўлида ушлаб кўрмаган, она сути оғзидан кетмаган болаларнинг жангга киришини бир тасаввур қилиб кўринг. Ҳаммаси аён бўлади-қолади.

*  *  *

Уруш инсон иродасини энг сўнгги бардошигача синаб кўради. Бу бардошни тинч замонда синаш асло мумкин эмасдир.

*  *  *

Дўстларинг ҳалок бўлганда, инсоний қиёфадаги чакмонни ечиб, ҳайвоний чопонни киярдинг. Ҳайвонга айланган дамларинг, фикрлашдан, ўйлашдан маҳрум бўлиб ёвузлашардинг ва шул ҳолатда дўстларинг бошини олганлардан қонли қасос олардинг. Бу қасос ҳам жонингга ором, кўнглингга таскин беролмасди. Яна қайта вужудингни ҳадик, хавотир кемира бошларди. Яна қайта ўзингни ўзинг бурдалай бошлардинг.

Одам боласи бир умр йиғлаб ўтиши мумкин эмас. Бир умр кулиб ўтиши ҳам… Аммо ул юртда бизлар то ортга қайтгунча ҳадик ва қўрқув ила яшадик. Бир неча йил шундай ҳолатда яшашни кўз олдингизга келтириб кўринг-чи, қанчалар даҳшатли умргузаронлик…

Ҳар куни, ҳар лаҳза атрофингда ўлим шарпаси кезиниб, бугун бир қадрдонингни, эртага ўртоғингни, индинга жони жигарингга айланган инсоннинг ҳалок бўлганини кўрганингдан кейин одам қандай қилиб инсоний туйғуларни сақлаб қолиши мумкин.

*  *  *

Кейин билсак, бу жулдурвоқи болалар афғонларнинг разведкачилари экан. Уларнинг мақсади қишлоқларга кирган аскарларни бир жойга тўплаб, афғонларга нишон қилиб беришдан иборат экан. Ҳа, у ерда болалар ҳам жангчига айланиб кетганди. Баъзида улар катталар қила олмайдиган ишларни қилишга қодир эди.

Мана орадан қанча вақт ўтди. Уруш ичида туғилган афғон болалари дунёга келиб урушдан ўзга нимани кўрди? Ҳеч нарсани. Улар қўлидан нима иш келади бугун? “Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек, одам ўлдириш, портлатиш, ёндириш. Жамият учун бундан ортиқ фожианинг ўзи йўқдир.

*  *  *

Ҳаётнинг энг оғир дамларида шахснинг кимлиги, нимага қодирлигини тез англайсан. Бу англашнинг тинчлик замонига алоқаси йўқдир. Тотувлик кунларида сизнинг ботир одамингизга айланган одам урушда қўрқоқ, олчоқ кимсага айланиши ҳеч гапмас. Уруш ўз оти билан уруш. Сиз унимас, у сизни бошқаради. Қисматингиз унинг қўлида бўлади.

*  *  *

Нега тоғ овчиларининг юзига тез ажин тушади? Улар ҳам пистирмада отмоқчи бўлган ҳайвонини таъқиб қилган ҳар лаҳзада асаблари таранг тортилади. Ўлжани тезроқ қўлга тушириш пайида бўлишади. Миясида минг хил фикр кечади. Йиртқич қанчалик хавфли бўлмасин – ҳайвон…

Аммо бир-бирини ўлдиришга чоғланган икки ақлли, айёр одамни кўз олдингизга келтириб кўринг-чи. Унда овчининг юзига йиллаб тушган ажинлари лаҳзалар ичида пешонангизда зоҳир бўлади. Сониялар ичида ўнлаб йилларни яшайсиз.

*  *  *

Бу урушни мен тутқаноғи тутган одамга ўхшатаман. Беморнинг ҳар куни тутқаноғи тутмайди. Аҳён-аҳёнда тутиб туради. Бу юртдаги урушнинг ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳза тутқаноғи тутиб турарди.

*  *  *

Орқада генерал келаётган БМП портлаб, у контузия бўлган. Натижада ҳарбий машқ қолдирилган. Уруш вақтида ҳарбий машқ. Бу ақлга сиғмайдиган иш. Хўп генералларимиз бор-да…

*  *  *

Уруш нималигини билганим учунми, уруш ҳақидаги киноларни кўрсам, уларнинг ёлғонлигидан бўғилиб кетаман.

Яқинда Афғонистон ҳақида бир филм кўрсатди. Унда душман олдинма-кетин келаётган машиналардан “Урал”ни портлатди. Бу турган-битгани аҳмоқликдир. Чунки душманга биринчи бўлиб машинани портлатишдан нима фойда? Олдин у қурол-яроғли БМПни портлатиб, кейин машинага ҳужум қилади.

*  *  *

Бутун ваҳима билан, худди парадда кетаётгандай пиёдалар командири БМП туйнугидан бошини чиқариб олган, ҳайдовчи механикнинг боши ҳам ўз туйнугидан кўринади. Уларнинг жанг майдонига бундай кириб келиши ҳам кулгили, ҳам ачинарли эди. Мен энди ўқдан қўрқмай қўйган эдим. Уларга бошимни кўрсатиб, “бошларингни ичкарига олинглар”, деб қанча ҳаракат қилмай тушунишмади. “Нима гап”, дегандай бошини силкитади. Уларнинг машинаси капотига битта ўқ келиб текканини аниқ кўрдим. Иккови ҳам юмронқозиқдай бошларини ичкарига олишди. Кулиб юбордим.

*  *  *

Кўп бор ўлим кўргандан кейин одам бемеҳр бўлиб қолар экан. Хаёлинг ҳам кирди-чиқди бўлиб, ёнингга келаётган дўстингни ҳам унутиб қўясан. Баъзида миянгга ўша кунлар хотираси тиқилиб қолиб, ҳозир ёрилиб кетади, деб ўйлайсан. Шундай вақтларда, дод деб юборгинг келади. Ҳеч жойга сиғмай қоласан…

*  *  *

Ана шу ерда, ростини айцам, Совет армиясига бўлган тасаввурим ўзгарди. Ўзим тасаввур қилган армияга эмас, бутунлай бошқа бир армияга келиб қолгандай эдим. Офисерларнинг қўполлиги, рус тилини яхши билмаганимиз учун устимиздан кулиши менга жуда қаттиқ таъсир қилган эди. У ердаги ҳаёт радио, телевидение ва бошқа матбуот органларининг таърифига кўп томонлари билан зид келар эди.

*  *  *

Шу йиллар ичида бир нарсага амин бўлдимки, қаҳрамонлик фавқулодда содир бўлар экан. Агар ўша ҳолат бир лаҳза кечикса, ўққа қарши қадам ташлаш етти ухлаб тушингизга ҳам кирмайди. Ҳатто ўрнингиздан туриш ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам даҳшат. Одамзодни қаҳрамонликка ундовчи куч эса ортда сизнинг ҳар бир ҳаракатингизни кузатиб турувчи инсонлар нигоҳидир.

*  *  *

Ҳа, ҳамма вақт энг кучлилар, энг чиройлилар, энг тоза қалбли инсонлар ҳалок бўлишган. Ҳар доим жуда интизор кутган ва севган кишилар ҳалок бўлишган.

*  *  *

Эзгулик, у қайси жамиятда бўлмасин, ёвузликка қурбон бўлиб келган.

Инсоннинг яхши деган номини бир лаҳзада ёмонга чиқариш мумкин. Бу ҳол не-не машаққатлар билан қад кўтарган бинонинг ҳалокатига ўхшайди. Ҳар бир ғишт минг эгилиб-туришлар оқибатида деворни тиклайди. Бузиш нима, ундан осони йўқ.

*  *  *

Совет аскари ва офисерининг итоаткорлиги ва иродалигига тасаннолар айцанг бўлади. Бундай шароитда бирон бир мамлакатнинг ҳарбийлари бир кун ҳам яшамаган бўларди.

*  *  *

Аслида одам ўлдирган инсон қаҳрамон саналадими? Йўқ. Инсонни ўлимдан сақлаб қолган кишигина қаҳрамондир. Ўлдирилган инсон ортида қанча-қанча армонли юраклар бор. Уларнинг оҳу ноласи-чи. Ҳа, ҳа, одам ўлдирган на мард, на жасур. У қонхўр. Бизларни шундай ёвузликка бошлаганлар эса инсон боласи бўлмаган.

*  *  *

Водий табиатининг гўзаллигига тўймайсан. Ҳеч ким сенга халақит бермаса-ю, мусаффо осмонга, тоғу тошларга тикилиб ётаверсанг. Табиатнинг тирилиб, замин кўм-кўк либосга ўралганда элнинг тотувлигини бузиш, ҳапқириб-ҳапқириб қўяётган юрагига найза санчиш катта гуноҳ эди, гуноҳ. Биз бу гуноҳларни қандай ювамиз, ё лаънат тамғаси бўлиб пешонамизга муҳрланадими?

*  *  *

Одамнинг ички дунёси ёвузлашгандан кейин кўзлари ҳам сўниб қолар экан.

*  *  *

Халқимиз ҳеч қачон эру хотин жанжалига аралашма, улар бир-бири билан ярашиб кетиб, ўртада юзинг шувут бўлиб қолади, дейишади. Бу ҳақ гап. Шул боис ҳам “Ер-хотиннинг уруши – дока рўмол қуриши”, деб бежиз нақл қилишмаган. Бу бир оилага нисбатан айтилган гаплар. Бутун бошли жамиятни ва унинг халқлари ҳаётига аралашишга муносиб иборанинг ҳам, сўзнинг ҳам қандай аталишини мен билмайман. Нафақат мен, ўзгалар ҳам билмайди. Гар ул сўз, иборанинг қандай аталишини билмас эканмиз, ўзга юрт, халқнинг ички дунёсига, турмуш тарзига аралашишга мутлақо ҳаққимиз йўқ экан.

*  *  *

Ёвузлик борасида боболаримиздан қанчалар юксакликка чиқиб кетмадик, дейсан. Боболар улкан дарё қирғоғида отнинг томирларини кесиб қон сўришганди, биз эса бир-биримизнинг…

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version