Эзгу ташаббус
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида нишонлик Муҳриддин Болтаевда мураккаб буйрак трансплантацияси амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Унга ўз акаси донорлик қилди, операция харажатларини эса «Вақф» хайрия жамоат фонди қоплаб берди.
Хабарингиз бор, Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан давлат мақсадли жамғармалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилган 690 миллиард сўм маблағ «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Мазкур маблағлар ҳисобига оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни текширув, даволаш ва операциялар билан қамраб олиш, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини амалга ошириш харажатларини қоплаш ҳам белгиланган эди.
– Фарзанднинг оғриғини кўришдан оғир дард йўқ экан, – дейди Муҳриддин Болтаевнинг онаси Малика Сафарова. – Ўғлимнинг аҳволи кун сайин оғирлашаётганидан юрагим эзиларди. Аллоҳга шукр, амалиёт муваффақиятли ўтди. Бунинг учун Президентимиз ҳамда фарзандларим ҳаёти учун курашган шифокорлардан чексиз миннатдорман.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, беморда сурункали буйрак етишмовчилиги касаллиги аниқланган бўлиб, у узоқ вақт давомида мураккаб даволаниш жараёнларини бошдан кечирган.
– Буйрак трансплантацияси тиббиётнинг энг мураккаб ва масъулиятли йўналишларидан бири ҳисобланади, – дейди марказнинг умумий хирургия бўлими бошлиғи Машраб Умиров. – Амалиётдан олдин донор ва реципиентда ўнлаб лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказилди. Трансплантация жараёни муваффақиятли бажарилди. Кўчириб ўтказилган буйракнинг фаолияти яхши. Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи барқарор.
Мухриддин Болтаев бу кунларни ҳаётининг янги босқичи сифатида баҳолайди:
– Охирги йилларда кунларим асосан касалхонада даволаниш билан ўтди. Ҳар куни эртанги кун ҳақида ўйлардим. Акамнинг мен учун донор бўлишга рози бўлганини эшитганимда кўзларимга ёш келган. Бугун ўзимни яхши ҳис қиляпман. Менга иккинчи ҳаёт бахш этган акамдан, давлат раҳбари ва шифокорлардан умримнинг охиригача миннатдор бўлиб яшайман.
Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар Қашқадарёда жами 1239 нафар беморга «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан махсус ваучерлар ажратилди. Уларнинг 1049 нафарини болалар, 162 нафарини эса буйрак етишмовчилиги, онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган фуқаролар ташкил этади.
Бу рақамлар ушбу эзгу ташаббус кўламининг нақадар кенг эканини кўрсатади. Энг муҳими, ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, оила қувончи ва сақлаб қолинаётган ҳаёт мужассам.
Шаҳрисабзлик Отабек Ҳусановга оғиз бўшлиғи туби саратони ташхиси қўйилган. У Президентнинг Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд фуқаролар, оғир дардга чалинганларга кўмак кўрсатиш ташаббуси доирасида Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалига стационар даволаниш учун ётқизилган 15 нафар бемордан бири. Аллақачон унда мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
– Беморда барча зарур текширувлар ўтказилгач, юқори малакали мутахассислар иштирокида ўсма тўқималари тўлиқ олиб ташланди, – дейди филиалнинг бош-бўйин ўсмалари бўлими шифокори Ўрол Жўраев. – Ҳозир беморнинг аҳволи қониқарли, тикланиш жараёни шифокорлар назорати остида давом этмоқда. Умуман, шифохонамизга давлат раҳбарининг эзгу ташаббуси доирасида ётқизилган 15 нафар бемордан 10 нафарида мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилди.
Шифокорнинг таъкидлашича, бундай касалликларда эрта ташхис ва зарур муолажаларнинг самарали бажарилиши беморларнинг тўла соғайиб кетиш имкониятини сезиларли даражада оширади.
– Ташхисни эшитган кунимиз бутун оиламиз учун оғир кечди, – дейди Отабек Ҳусановнинг турмуш ўртоғи Дилнора Бойматова. – Операция зарурлиги айтилганда эса хавотиримиз янада ортди. Бу синовлар бизни иқтисодий имкониятимиз сабаб ҳам тушкунликка тушириб қўйган эди. Аллоҳга шукур, бизга ҳам «Вақф» фонди орқали кўмак беришди. Бугун хўжайинимнинг аҳволи яхшиланиб бораётганини кўриб, қалбимга яна умид қайтди.
Хайрия фонди ваучерлари асосида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига жарроҳлик амалиёти учун ётқизилган 164 нафар боланинг яқинлари дилида ҳам бугун Дилнора Бойматовада бўлгани сингари некбин уйлар уйғонган. Айни вақтга қадар уларнинг 96 нафарида зарур операциялар муваффақиятли ўтказилди.
– Ўғлим Сунатбекда бажарилган амалиёт муваффақиятли ўтди, – дейди Шаҳрисабз туманининг олис тоғли Оммағон қишлоғида яшовчи Ирода Абдураҳимова. – Унда туғма крипторхизм аниқланган эди. Ҳозир аҳволи яхши. Фарзандимнинг саломатлиги тикланиши мен учун энг унутилмас ҳайитлик бўлди.
Умуман, бу хайрли ишлар нафақат жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик қадриятларини янада мустаҳкамлашга, балки юқори технологияли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириб, кўплаб оғир бемор инсонлар ҳаёти, уларнинг оилаларига қувонч олиб кираётгани билан ҳам аҳамиятли. Зеро, инсон саломатлиги ва ҳаётидан азизроқ қадрият йўқ.
Шоҳиста БОЗОРОВА