Немисларнинг сўнгги йиллардаги узоқ чўзилган инқирозлар туфайли иқтисодий йўқотишлари 1 триллион еврога яқинлашди. Кёльндаги Германия иқтисодиёти институти экспертлари шундай хулосага келишган.
Уларнинг баҳолашига кўра, 2020 йилдан бери реал ялпи ички маҳсулотдаги умумий йўқотишлар тахминан 940 миллиард еврони ташкил этади. Ҳар бир ходимга ҳисоб-китоб қилинса, бу қўшилган қиймат 20 минг евродан ортиққа камайишини англатади. Мутахассислар ушбу кўрсаткичларни коронавирус пандемияси, Украинадаги можаро, шунингдек, АҚШнинг адоватли иқтисодий сиёсати оқибатлари билан боғлашган.
Айтилишича, умумий йўқотишларнинг тахминан тўртдан бир қисми АҚШ президенти Дональд Трамп администрацияси билан божхона ихтилофлари фонида ўтган йилда бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Германия иқтисодиёти кетма-кет уч йиллик турғунликдан базўр қочиб қутулди: реал ишлаб чиқариш ҳажми бор-йўғи 0,2 фоизга ўсган.
Экспертлар ўз ҳисоб-китобларида ҳақиқий иқтисодий ўзгаришларни юқорида айтилган инқирозлар юз бермаган хаёлий сценарий билан таққослашган. Таҳлил шуни кўрсатганки, Германия охирги учта ўн йилликдаги ўртача ўсиш даражасини сақлаб қолса, ҳозирги йўқотишларининг салмоқли қисмидан қутулиб қоларди. Бироқ пандемия шокидан тикланганидан кейин мамлакатнинг иқтисодий фаоллиги, мана, кетма-кет уч йилдирки, 2019 йилги даражадан ошмаяпти.