Танлов
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» мавзусида видеороликлар танлови эълон қилинган эди. Куни кеча Қарши шаҳридаги Маънавият масканида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Қайд этиш жоиз, видеороликлар «Мустақиллик берган имкониятлар», «Истиқлол – шахслар тақдирида», «Мустақиллик иншоотлари», «Обод манзиллар таровати» каби йўналишлар асосида кўриб чиқилди ва тегишли низомга мувофиқ баҳоланди.
Истиқлол моҳияти, шахслар тақдиридаги аҳамиятини Туркия, Хитой, Қатар каби мамлакатларда бўлиб, ўзига хос услубда ифода этгани учун Қашқадарё телерадиоканали мухбири Нигора Тоғаева 1-ўринга муносиб кўрилди.
«Янги Ўзбекистон нафаси Қашқадарёда» рукнида кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини акс эттиргани учун «Зўр ТВ» вилоят бўйича мухбири Акбарали Худойбердиев 2-ўринни қўлга киритди.
Президентнинг 2022 йил 26 октябрдаги «Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Шаҳрисабз аэропортига авиақатновлар тикланганидан хабарингиз бор. Бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишларини акс эттиргани учун «Қарши халқаро аэропорти» МЧЖ ахборот технологияларига хизмат кўрсатиш гуруҳи мутахассиси Наврўз Гулмуродов 3-ўринга лойиқ деб топилди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Б.САЙФИЕВ