Томорқада қилинган меҳнат тадбиркорлик билан уйғунлашса, олинадиган ҳосил ҳам, топиладиган даромад ҳам ортади. Буни қашқадарёлик кўплаб томорқачилар аллақачон исботлаб бўлган. Касби тумани Жизза маҳалласида яшовчи 73 ёшли Тўра Дониёров ҳам улардан бири. Унинг ҳаётий шиори оддий: «ишлаган одам учун ер – хазина».
– Ёшликдан деҳқончилик ва чорвачиликка меҳрим баланд, – дейди бобо. – Илгари очиқ майдонда сабзавот ва полиз экинлари етиштирган бўлсак, эндиликда бозор талабини ўрганиб, иссиқхонада янги ва даромадли маҳсулот етиштиришга ўтдик.
Томорқачи 2023 йилда 10 сотих майдонда замонавий иссиқхона барпо этди. Интернет орқали банан етиштириш тажрибаси билан танишиб, таваккал қилди. Аввал 250 туп, кейин яна 500 туп банан кўчати экиб, бугун 750 туп ниҳолдан тўлиқ ҳосил кутмоқда.
Мутахассислар фикрича, бир туп банан дарахтидан ўртача 20-25 килограмм ҳосил олиш мумкин. Ҳатто энг кам ҳисобда ҳам 750 тупдан 15 тонна маҳсулот етиштирилади. Бу эса 10 сотих ердан салмоқли даромад дегани. Шу боис Тўра бобо фарзандлари билан яна 10 сотихли янги иссиқхона қурилишини бошлаб юборган.
Ушбу хонадонда барака фақат иссиқхонадан эмас. Айни пайтда 1000 дан ортиқ бройлер товуқ ҳам боқилмоқда. Шунингдек, қўй ва тухум йўналишидаги товуқлар ҳам парвариш қилинади. Мева-сабзавот, сут-қатиқ, гўшт, тухум каби маҳсулотлар аввало оила эҳтиёжига сарфланади, ортиғи бозорга чиқарилади.
– Тўра бобонинг маслаҳати ва амалий кўмаги билан жорий йилда яна 15 та хонадон банан етиштиришни бошлаш арафасида, – дейди маҳалла раиси Шермаҳмад Панжиев.- У кишидай ташаббускорлар бошқаларга ҳам кучли туртки бермоқда: бройлерчилик ҳам маҳалламизнинг драйвер йўналишларидан бирига айланмоқда. Ҳозир 5 та хонадонда 25 мингга яқин жўжа боқилмоқда.
Шу маҳаллалик Маҳлиё Муқимова эса кўчатчилик орқали оиласи даромадини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. У 13 йилдан буён помидор, бақлажон, булғор қалампири, бодринг каби экинлар ниҳолларини тайёрлаш билан шуғулланади.
– Ишни декабрь ойида бошлаймиз, – дейди у. – Аввал уруғ экиб, январь охирида кўчатларни алоҳида идишларга ўтқазамиз. Бу мавсум 40 минг туп кўчат тайёрладик. Барчасига харидор тайёр, февраль ўртасидан плёнка остига, мартдан эса очиқ далага экиш учун деҳқонлар келиб, олиб кетишади. Ушбу фаолиятдан бир мавсумнинг ўзидаёқ 60-70 миллион сўм даромад олинаётгани меҳнат ва пухта режанинг самарасидир.
Жизза маҳалласида бир ҳақиқатни англайсиз: ер ҳеч қачон инсонни алдамайди. У меҳнатни қадрлайди. Меҳр бериб, изланиб ишлаган одам учун ҳатто бир парча томорқа ҳам катта бойлик манбаига айланади.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.