Қашқадарё газетаси Илм-фан ИШОНЧ – БУ ШАРАФ, УЛКАН МАСЪУЛИЯТ
Илм-фан

ИШОНЧ – БУ ШАРАФ, УЛКАН МАСЪУЛИЯТ

Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган очиқ ва самимий мулоқотида юртимиз тараққиётида уларнинг ўрни ва масъулияти яна бир бор алоҳида эътироф этилди. Ушбу тарихий учрашувда билдирилган фикр ва ташаббуслар, айниқса, таълим сифати, инновация, рақамли технологиялар, тадбиркорлик ва ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасидаги вазифалар биз, олий таълим ташкилотлари жамоаси учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» энергетика, муҳандислик ва замонавий ишлаб чиқариш соҳалари янги билим ва кўникмаларни талаб этмоқда. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, ёшлар фақат дипломли эмас, балки рақобатбардош, ташаббускор ва кенг дунёқарашли мутахассис бўлиб етишиши зарур.

Интилиш ва натижа

Астойдил ҳаракат қилган одам, албатта, кўзлаган манзилига етади. Ёшлар билан учрашув натижаларимизни сарҳисоб қилиш ва янги режа-мақсадларни белгилаб олишимизга асос бўлди.

Университетимизда «Келажакка қадам» дастури, талабалар бандлигини таъминлаш борасидаги ишларимиз изчил давом этади. Эътиборли жиҳати, дастур орқали 151 нафар талабанинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида банклардан 6 миллиард 237 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Талабаларимиз мунтазам равишда «Мирзо Улуғбек ворислари» ва бошқа танловларда ғолиблар сафидан ўрин эгаллаб келмоқдалар. Жорий ўқув йилининг ўзида 13 нафар талабамиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли стипендиялар соҳиби бўлди.

Халқаро ҳамкорлик борасида ҳам ишларимиз кўлами кенгаймоқда. Ҳозирда 2 та қўшма таълим дастури бўйича фаолият олиб бормоқдамиз. Талабаларимиздан 350 нафари «Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)» дастури асосида Германия ва Болгарияда пул тўланадиган амалиёт жараёнларида иштирок этиш учун ҳужжат топширган. Айни пайтдан 1000 дан ортиқ талаба немис тили курсларида тил ўрганмоқда.

Китобхонликни кучайтириш мақсадида университетимизда «Бир ойда бир китоб», «Асардан иқтибос» каби танловлар йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан маҳаллалардаги ёшларга китоблар совға қилинди.

Талабаларнинг спорт соҳасидаги иқтидорини аниқлаш, уларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, малакали мураббийлар қўл остида шуғулланишларини таъминлаш мақсадида спорт федерациялари билан амалий ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Fоя, мақсад ва маҳсулот

Шу ўринда ёшларга айтар сўзимиз бор: «Билим олишга масъулият билан ёндашинг. Ҳар бир дарс, ҳар бир лаборатория машғулоти,    ҳар бир амалий топшириқ келажагингиз учун пойдевордир.

Инновацион фикрлашни ривожлантиринг. Стартап лойиҳалар, илмий тадқиқотлар ва амалий ишланмаларда фаол иштирок этинг.

Тил ўрганиш ва рақамли кўникмаларни ошириб боринг. Халқаро майдонда рақобат қила олиш учун бугун бу талаб эмас, балки зарурат».

Ҳозирда университетимизда 22 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Иқтидорли ёшларимиз томонидан 60 дан ортиқ стартап лойиҳалар яратилиб, улардан 10 га яқини жорий этишга тавсия қилинди. Ушбу стартапларнинг асосан маҳаллалар ва ҳудудий корхоналаридаги муаммолар ечимига қаратилаётгани аҳамиятлидир.

Талаба-ёшларнинг инновацион лойиҳалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида университетимизда замонавий экотизим яратилади, яъни муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази (Fab-lab) ишга туширилади. Марказ талаба-ёшларни 10 дан ортиқ касбга ўргатиш, 150 дан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлаш, стартапларнинг «ғоядан маҳсулотгача» тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.

Президентимиз топшириғига кўра, университетимизда ҳам ҳар пайшанба «Ёшлар куни» этиб белгиланди. Шу куни иқтидорли талабалар билан учрашиб, уларнинг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳалари ҳақида мулоқот қилдик. Тегишли тавсияларни бердик.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишонч – катта шараф ва улкан масъулиятдир. Бу ишончни амалий натижалар, янги ютуқлар ва юксак марралар билан оқлашга ҳаракат қилишимиз шарт. Аминманки, университетимиз талабалари нафақат Қашқадарё вилояти, балки бутун мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар бўлиб етишадилар.

Шерзод НЕЪМАТОВ,

Қарши давлат техника университети ректори

Exit mobile version