Олма отада бир нечта аёл жамоат жойида ниқоб – юзнинг кўздан ташқари қисмини тўлиқ ёпиб турувчи мато тақиб юргани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси маълум қилган.
Идора ходимлари ижтимоий тармоқлардаги видео материалларни кўздан кечириш жараёнида мазкур қоидабузарликка дуч келишган. Тасвирда жамоат жойида юзлари беркитилган бир нечта аёл ҳамроҳлигида турган эркак кўринган. Аниқланишича, видеоролик атай саҳналаштириб олинган бўлиб, тижорат лойиҳаси доирасида тайёрланган.
Унинг айрим иштирокчилари ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик – жамоат жойларида юзни танишга халал берадиган либосда юриш аломатлари кўринган. «Айбдорлар маъмурий жавобгарликка тортилди», дейилади хабарда.
Қозоғистонда жамоат жойларида юзни яширувчи либосда юришга тақиқ 2025 йилнинг ёзидан буён амал қилади. Унга оид ҳужжатни президент Қосим-Жомарт Тоқаев ўтган йили 30 июнда имзолаган.