Қашқадарё газетаси Илм-фан Касб-ҳунар таълими ўқитувчилари хориждаги малака ошириш курсини тамомлашди
Илм-фан

Касб-ҳунар таълими ўқитувчилари хориждаги малака ошириш курсини тамомлашди

Германиянинг Лейпциг шаҳар Ҳунармандчилик палатаси Таълим ва технологиялар марказида икки ойлик малака ошириш курсини муваффақиятли якунлаган Қашқадарё вилоятининг политехникумлари ўқитувчиларига сертификатлар топширилди.

Қашқадарё ва дунё

Вилоятда амалга оширилаётган Германия стандартлари бўйича касб-ҳунарга ўқитиш пилот лойиҳаси доирасида Лейпциг Ҳунармандчилик палатаси «AVESTOS GmbH» компанияси билан ҳамкорликда ҳудуднинг танлаб олинган олтита политехникумидан 24 нафар ўқитувчини икки ойлик малака ошириш курсига жалб этган эди. Ушбу курсни муваффақиятли якунлаган тингловчилар немис стандартлари бўйича ўқитиш ҳуқуқини берадиган халқаро малака сертификатини қўлга киритишди. Эндиликда улар жорий ўқув йилидан бошлаб маҳаллий ёшларга қурилиш ва металл технологияси йўналишлари бўйича таълим берадилар. Шу асосда тайёрланган мутахассислар Германиянинг касб малака имтиҳонини муваффақиятли топширса, ушбу мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берадиган дипломга эга бўлишади, деб ёзади dunyo.info сайти.

– Германия стандартлари бўйича касб-ҳунарга ўқитишни Ўзбекистондаги танланган таълим ташкилотларида жорий этиш бўйича йирик лойиҳани амалга ошириш жараёнида биз муҳим босқичга етдик, – деган сертификат топшириш тадбирида «AVESTOS GmbH» компанияси раҳбари Клаус Михел. – Саралаб олинган маҳаллий ўқитувчиларни малака оширтиришга эришганимиздан мамнунмиз. Улар энди тегишли йўналишдаги касблар бўйича синфларда ёшларга немис стандартлари асосида амалий таълим беришни бошлашлари мумкин.

Маълумки, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қашқадарё вилояти политехникумларида қурилиш ва металлар технологияси бўйича тўлиқ немис стандартларига асосланган касб-ҳунарга ўқитиш тизими пилот лойиҳа сифатида муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.

– Дастлаб лойиҳа учун иккита политехникум танлаб олинган эди, жорий йилда уларнинг сони яна тўрттага кенгайтирилди, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлонов. – Жорий ўқув йилидан бошлаб уларда «Ausbildung» тизими бўйича ўқувчиларни қабул қилаяпмиз. Лойиҳа доирасидаги таълим жараёни тўлиқ Германия стандартлари асосида йўлга қўйилади ва немис экспертлари томонидан мониторинг қилиб борилади.

Айтилишича, хорижлик ҳамкорлар томонидан бунинг учун зарур ўқув адабиётлари аллақачон етказиб берилган. Оралиқ ва якуний имтиҳонлар ҳам Лейпциг Ҳунармандчилик палатаси томонидан қабул қилинади. Мақсад – маҳаллий ёшларни жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган мутахассислар этиб тайёрлаш.

– Мен икки ой давомида металлар технологияси йўналиши бўйича малака оширдим, – дейди Ғузор туманидаги 1-сон политехникумининг ишлаб чиқариш таълим устаси Ғанишер Холматов. – Немис стандарти асосида ўзимга керакли янги билим ва кўникмаларни олдим. Энди уни юртимиздаги ёшларга ўргатиб, ўз касбининг етуклари бўлган мутахассислар тайёрлашга бор куч-ғайратимни сарфлайман. Ўйлайманки, улар келажакда Германиянинг йирик корхоналарида ишлайди.

– Курс доирасидаги ўқув семинарлари лабораторияларда олиб борилди, – дейди Қарши шаҳридаги 2-сон политехникум ўқитувчиси Ўктам Ражабов. – Қурилиш йўналишида бешта мутахассислик бўйича тўртинчи даражали мутахассислар    тайёрлаш бўйича малака оширдим. Германиялик усталар немис қурилиш тизими стандартлари асосида ғишт теришдан тортиб, сувоқ қилиш, қопламалар ётқизишгача бўлган барча жараёнларни назарий ва амалий жиҳатдан кўрсатиб беришди. Курс якунида тегишли йўналишда тўртинчи даражали  мутахассислар тайёрлаш бўйича ўқитиш сертификатига эга бўлдим.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version