Қашқадарё газетаси Илм-фан “Келажакка қадам” марказлари битирувчи талабаларга қандай ёрдам бера олади?
Илм-фан

“Келажакка қадам” марказлари битирувчи талабаларга қандай ёрдам бера олади?

Олий таълим

Мамлакатимизда амалга оширилаётган «Келажакка қадам» дастури доирасида Қашқадарёнинг иккита олий таълим муассасасида битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи марказлар очилди. 

Вазирлик мутасаддиларининг маълум қилишича, жорий йил 28 март ҳолатида «Келажакка қадам» марказлари Тошкент шаҳридаги 12 та ва республикамиз бошқа ҳудудларида жойлашган 21 та олий таълим муассасаси, шу жумладан, вилоятимиздаги Қарши давлат университети ва Шаҳрисабз давлат педагогика институтида иш бошлаган.

– Мазкур марказлар ёшларнинг касбий ривожланиши, замонавий меҳнат бозори талабларига мос малакали кадр бўлиб шаклланиши ҳамда амалий тажриба орттириш, стажировка ва иш билан таъминланиш жараёнларига кўмаклашиш каби муҳим вазифаларни бажаради, – дейилади Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Telegram мессенжеридаги каналида. – Ушбу ташаббус Президент қарорига асосан амалга оширилиб, олий таълим тизими битирувчиларининг бандлиги ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида кенг имкониятлар яратади.

Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралдаги қарорига кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва «Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида рўёбга чиқарилаётган «Келажакка қадам» дастурида ўз бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари учун мазкур банк томонидан бизнес ғояни тайёр лойиҳагача олиб бориш жараёнида тўлиқ ҳамроҳлик қилиш, шу жумладан, қулай шартларда молиялаштириш ҳамда битирувчи ва қуйи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиб, ғолибларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш назарда тутилган. Дастур ҳудудларда ташкил этиладиган «Келажакка қадам» марказлари орқали амалга оширилиб, барча олий таълим ташкилотлари унинг иштирокчилари ҳисобланади ва талабаларни ишга жойлашга кўмаклашиш бўйича марказлар билан ҳамкорлик келишувларини тузади.

– Марказимиз ва Шаҳрисабз давлат педагогика институти ўртасидаги ҳамкорлик келишуви шу йил 24 мартда имзоланган бўлса, кейинги икки кун ичида битирувчи талабалар билан учрашувлар ўтказилиб, дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари батафсил тушунтирилди, – дейди ШДПИда ташкил этилган «Келажакка қадам» маркази етакчиси Абдулазиз Раҳматуллаев. – Хусусан, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган битирувчилар учун имтиёзли кредитлар ва молиявий ёрдам механизмлари, ҳақ тўланадиган амалиёт-стажировка дастурларига ажратиладиган грантлар, стартап-лойиҳаларни ривожлантириш ва ғоядан лойиҳагача бўлган жараёнда давлат ва хусусий сектор билан ҳамкорлик имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Дарвоқе, қарорга асосан «Келажакка қадам» дастури доирасида салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар, шу жумладан, йирик корхоналарнинг олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёжини аниқлаш ва мутахассисларга қўйиладиган талабларни шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш  режалаштирилган бўлиб, битирувчи талабалар ўртасида ўтказиладиган танлов ғолиблари иш берувчилар буюртмасига кўра индивидуал касбий таълим дастурлари асосида касбга дастлабки тайёрланади ва бу борадаги тадбирлар белгиланган тартибда молиялаштирилади. Айни пайтда индивидуал касбий таълим дастурларида ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет элдаги олий таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш имконияти ҳам яратилади.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version