Бола ҳуқуқлари – ҳимояда
Бир неча йил аввал гувоҳ бўлганим – ушбу воқеа қалбимни ларзага солган эди. Ёш қўшни аёл вафот этди. Турмуш ўртоғи эса унинг йилини ҳам кутмасдан икки боласи билан эридан ажрашган бир аёлга уйланиб олди. Шу вақтга қадар рўшнолик кўрмаган, икки боласи билан ижарама-ижара саргардон юрган аёл бирданига данғиллама ҳовлига, тайёр уй-жойга, фаровон турмушга эга бўлди. Халқимизда «Кўрмаганнинг кўргани қурсин» деган нақл бор. Бу аёл ҳам шу уй-жойларни қургунча раҳматли бўлиб кетган қўшнимизнинг қанча меҳнат қилгани, елиб-югургани, ҳатто соғлигини йўқотиб, ҳаётдан кўз юмгани ҳақида ўйламади. Рўзғордаги тартиб, бадастирликни кўриб, ўзини йўқотиб қўйди. Ҳали 7 ёшга ҳам кирмаган Адҳамни биринчи кундан турткилай бошлади. Ўзининг болалари билан писта чақиб, пўчоғини тердиради, ҳали кучи етмайдиган ишларни – полларни артиш, идишларни ювиш каби юмушларни бажаришга мажбурлайди. Бирор бир юмуш болакайнинг эсидан чиқса, аямасдан уради. «Дадангга айтсанг, ўлдираман», деб таҳдид қилади. Бола шунчалик қўрқадики, хатто тушларида ҳам «Урманг, урманг», деб алаҳсирайдиган бўлади. Ўгай онанинг қаҳри шунчалик қотдики, ҳатто бир тишлам нонни ҳам гўдак учун кўп кўрарди.
Отанинг эса бу қийноқлардан хабари йўқ эди. Аслида хабари йўқ дейиш ҳам нотўғри. Чунки маккора аёлнинг макри отанинг кўзини, қалбини кўр қилганди. Яхшиямки, синф раҳбарининг сезгирлиги, оналик меҳри фожианинг олдини олди…
Сир-у синоатга тўла бу ҳаётда тасаввур қилишимиз қийин шу каби воқеаларга аҳён-аҳёнда бўлса ҳам дуч келамиз. Афсуски, бешафқат ҳаётнинг ана шундай аянчли кўргиликлари борлиги ҳам ҳақиқат. Адҳам ҳам бир маҳаллар онажонисининг тилаб олган, ер-кўкка ишонмай парвариш қилаётган гул-ниҳоли эди. Ҳамма яхши нарсаларни онажониси унга илинар, косачасидаги овқатини охиригача еса, онажониси учун байрам бўлиб, шунақа мақтар эдики… Дунёда Адҳамдан ақлли бола йўқ эди. Онаси шундай дерди.
Бугун эса ўгай онасини кўрса, ўзидан-ўзи қўлчалари титрайдиган бўлган. «Бунча кўп овқат ейсан», дея бақиришидан қўрқиб, ширин чойини ҳам охиригача ичолмайди… Кеча ҳадеб туфлингни тешиб келаверасанми, деб оёқчаларига роса тепди. Бўлмаса, футболни ҳам оёқ яланг ўйнайди…
Мактабдан уйига қайтиш бир оғир, бир азоб… Илгари мактаб дарвозаси ёнида онажониси кутиб турар, у келгач севиниб-севиниб бирга қайтишарди. Бугун эса… Бир маҳаллар қадрдон бўлган дарвозадан ичкарига киришга юраги бетламайди. Астагина ичкари ҳатлайди. Жовдираб атрофга қарайди. Ўгай онасининг қаҳрли нигоҳларига дуч келишдан ҳадиксирайди. Бир маҳаллар қушдек эркин юрадиган уйи энди хавотирли, қўрқинчли масканга айланган. Ҳар лаҳзасида изтироб, ҳадик…
…Уруш вақтлари, бир тишлам нон топиш оғир бўлган, қаҳатчилик кезларида ҳам Оналар ўзи емай, бегона бўлса-да, гўдакларни ўйлашган. Шомаҳмудовлар оиласини дунё билади. Бу оила инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган. Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатларнинг қаровсиз ва етим қолган бир эмас, нақ 16 боласини асраб олишган. Ўқиган эдим, уруш йилларида ўзбек оилалари жами 4,5 минг нафардан зиёд етим болаларни асраб олишган экан. Ўзбекистонга юборилган етим болаларни олиш учун ўзбек оналари вокзалларда соатлаб поезд кутишар экан. Шомаҳмудовлар сингари самарқандлик Самадовлар ўн уч, Қосимовалар ўн болани парваришлаб ўстирган.
Адҳамнинг ўгай онаси бошига солаётган ситамларни кўриб-эшитиб, «Ўзи аёлларимизга нима бўлаяпти?», деган фикр хаёлдан ўтади.
Яқинда Аҳмад Лутфи Қозончининг «Ўгай она» асарини йиғлаб ўқидим. Ҳусн ва илму одобда бенуқсон бўлган ўн тўққиз ёшли Фотима нега икки етим фарзанднинг отасига турмушга чиқди? Фотиманинг бундай фикрга келишига қўшниси – кичик ёшида онасидан айрилиб, золим ўгай она қўлида азобланаётган Исмоил исмли болакайнинг аянчли тақдири сабаб бўлади. Саниҳа исмли бағритош ўгай она етим болаларини тинмай калтаклар, уларга зулм қиларди. Бу ачинарли ҳолатни кўриб ўсган Фотиманинг қалби ларзага келади ва ўзига: «Агар мен ўгай она бўлсам, зинҳор бундай қилмайман, етимларни бахтли қиламан», деб сўз беради. Ва оиласи вафот этиб, икки боласи билан қолган Одилбекка турмушга чиқади. Фотима гўдакларни зулмдан асрашни ўз зиммасига олади. Зулмнинг эса ҳар қандай тури ёмон, аммо энг ёмони етимга қилинган зулм.
Жамиятдаги «Ўгай она бағритош бўлади» деган салбий қараш Фотиманинг чексиз меҳри орқали чил-чил бўлади. У болаларга туққан онасидек меҳр беради. Фотима хонадонга келган илк кунлариданоқ айнан Фарид ва Ҳилолга чин оналик меҳрини бериб, уларни гўзал ахлоқли инсонлар қилиб тарбиялайди. Роман сўнгида қўшни бола – Исмоил шифокорлик дипломини олиб, Фотиманинг ҳузурига келади. У дипломни Фотиманинг оёқлари остига қўйиб, йиғлаган ҳолда: «Агар сиз бўлмаганингизда, мен бу кунларга етолмасдим, кўчаларда нобуд бўлардим. Сиз менинг ҳақиқий онамсиз!», дейди.
Тасаввур этинг, бугун ҳимоясиз қолган, меҳрни сезмаган бола эртага ким бўлади? Камситилган, калтакланган, хўрланган, хорланган бола ким бўлиб вояга етади?
Оила психологи Шоира Исоқованинг сўзларига кўра, болалигида ҳар қандай зўравонликка учраган болаларнинг асаб тизими ишдан чиқади, бундай болалар асабий, агрессив, тажовузкор бўлиб улғайишади. Қаттиқ жисмоний жазо олган болалар соғлиғида турли жароҳатлар ва сурункали стресс кузатилади.
Қаттиқ қаҳр, айтилган ҳақорат ва берилган озор учун жавобгарлик муқаррарлигини ҳаёт кўрсатаяпти. Гарчанд ўгай она Адҳамга зулм қилган, азоб берган бўлса-да, шафоатни айнан Адҳамдан кўрди. Эрка, ичкиликка берилган ўз ўғлининг калтакларидан вақти келиб, қийинчиликларда тобланган Адҳам уни ҳимоя қила олди. Нима эксанг, шуни ўрасан, деган халқ мақоли билиб айтилган. Маънавияти суст онанинг тарбияси ўзига ўхшаган ношудни вояга етказди. Адҳамни эса меҳнаткаш, ақли расо Она дунёга келтиргани ҳам бор ҳақиқат эди.
Ўгай она тимсолини икки аёл – Адҳамнинг онаси ва Фотима ҳаракатларида – икки хил тарбия натижасини кўрамиз. Бу албатта одоб-ахлоқ билан боғлиқ. Инсон туғилган, улғайган муҳит унинг тарбиясида муҳим. Онасидан меҳр кўрмаган, отасининг тарбиясини олмаган, худбин, бемеҳр бўлиб вояга етган қизлар бола тарбиясида ҳам ўз хулқ- атворини намоён этади. Болаларни қийнаб, азоблаб, уларга зуғум, зўравонлик қилиш оила муҳитида олинган ёмон тарбиянинг аччиқ мевасидир. Маънавиятсиз, қўлига китоб олмаган оилаларда қаҳри қаттиқ, қалби сўқир, беқадр қизлар вояга етади.
Эътиборли жиҳати, бугун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш қонунларимиз билан кафолатланмоқда. Бу соҳада қонунчиликнинг ҳуқуқий асослари тобора такомиллашмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти жорий этилгани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига муросасизлик муҳитини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида 2025 йил 24 декабрда Президентимизнинг «2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол бўлиб ўсиши, ишончли ҳимоя қилиш мақсадидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Стратегияда оилаларни қўллаб-қувватлаш, зўравонлик оқибатида оиласидан ажратилган болаларга оилавий муҳитга максимал даражада яқин шароитда ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, шунингдек, бола ва оила учун ижтимоий хизматлар тизимини такомиллаштириш назарда тутилган. 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилди. Болаларнинг хавфсиз ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояланган муҳитда яшаши ва ривожланишини таъминлаш, зўравонлик хавфи остида яшаётган болаларни эрта аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш, идоралараро ҳамкорлик стратегиянинг асосий мақсади ва вазифаси ҳисобланади.
«Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» Давлат дастурида 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш назарда тутилди.
Болага нисбатан ҳар қандай зўравонлик оғир жиноят ҳисобланади. Бу келажакка қарши, қадриятларимиз, инсонийликка қарши жиноят. Жиноят эса ҳеч қачон тасодифан содир этилмайди. Бу қайсидир бўғинда назоратнинг, масъулиятнинг сустлиги, жамоатчиликнинг эътиборсизлиги. Оила, маҳалла, мактаб, мутасаддиларнинг бепарволиги. Шунинг учун ҳам назорат ҳамма жойда бўлиши лозим. Менга нима демаслигимиз, эътиборсиз қарамаслигимиз керак. Ҳар бир бола ҳимояда эканини сезиши, ишониши керак. Болага нисбатан зўравонликни амалга ошириш ёки бундай ҳолатларни яшириш, юмшатиш қонунбузарлик эканлиги, қонун эса барчага баробарлигини теран англашимиз лозим.
Комила КАРОМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор