Қашқадарё газетаси Фаолият Келажак бунёдкори соя донидан янги маҳсулот олишни йўлга қўйди
Фаолият

Келажак бунёдкори соя донидан янги маҳсулот олишни йўлга қўйди

Иқтидор

Президентимизнинг «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, кўплаб ёшлар «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотландилар. Улар орасида Қарши давлат техника университетининг таянч докторанти Ситора Ҳодиева ҳам бор. 

Ситоранинг бундай нуфузли мукофотга сазовор бўлгани бежиз эмас. У талабалик йилларидан илмий тадқиқот ишлари билан жиддий шуғулланди. Олима бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди ва бу йўлда изланишдан тўхтамади.

– Бугунги кун ёшларига ҳавас қиламиз, – дейди  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологияси кафедраси мудири,  профессор Муабара Ҳакимова. – Сабаби уларнинг ўз иқтидори ва қобилиятларини амалда намоён этишлари учун катта имкониятлар яратилган. Ситора ана шу имкониятлардан унумли фойдалана олган ва илм йўлида баракали меҳнат қилиб келаётган ёш олималардан бири ҳисобланади. Талабалик йилларидан бери танловларда юқори ўринларни эгаллаб келди. Халқаро форумларда фаол иштирок этди. Магистратурада таҳсил олди. 2022 йили Ўзбекистон Республикаси Ёшлар академияси томонидан ўтказилган «Бўлажак олим» танловида «Соя донидан оқсилга бой тофу маҳсулотини олиш» мавзусидаги стартап лойиҳаси билан қатнашиб, ғолиб бўлди ва унинг бу лойиҳаси 380 миллион 800 минг сўм маблағ билан молиялаштирилди.

Бу ғоя бугунги кунга келиб реал фаолиятга айланди. Ситора Ҳодиева лойиҳа учун ажратилган маблағ эвазига тофу маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 5 нафар талабани иш билан таъминлади.

Тофу ва унинг фойдали жиҳатлари ҳақида кишилар етарли маълумотга эга эмаслар. Бу маҳсулот юқори сифатли ўсимлик оқсили манбаи ҳисобланади. Таркибида холестерин миқдори кам бўлиб, юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиришга ёрдам беради. Тофу паст калорияли, соғлом вазнни сақлашга хизмат қилади, витаминлар ва минералларга бой. Қандли диабет билан оғриган беморлар учун ҳам   фойдали маҳсулотдир.

Соя донидан оқсилга бой тофу маҳсулотини олиш ғояси Ситора Ҳодиеванинг «ташриф қоғози»га айланган. Ёш олима келгусида бу маҳсулотни у севиб истеъмол қилинадиган Хитой, Жанубий Корея каби давлатларга экспорт қилишни мўлжаллаяпти.

– Шу пайтгача олган билимларимиз, илмимиз, тажрибамиз – ҳамма-ҳаммаси Президентимиз томонидан эътироф этилгани биз учун, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий иш қилаётган тадқиқотчи қизлар учун жуда катта куч берди, – дейди «Келажак бунёдкори» медали соҳибаси Ситора Ҳодиева. – Бизга билдирилган бу ишонч ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Бундан-да катта ғоялар устида ишлашга, улкан мақсадлар сари интилиб яшашга ундайди.

Дарҳақиқат, «бирники – мингга» деганларидек, иқтидори ва интилишлари рағбат топаётган, муносиб тақдирланаётган ёшлар тенгдошлари учун намуна бўладилар. Уларни ҳам изланишга ундайдилар, янги ғоялар сари илҳомлантирадилар. Буларнинг барчаси ёш авлодга бўлган эътибор, ғамхўрликнинг мевасидир.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Exit mobile version