Қашқадарё газетаси Маънавият КИМ ИЛМ ЎРГАНСА-Ю, АММО НАФСИНИ САҚЛАМАСА, ОЛГАН ИЛМИ УНГА ФОЙДА БЕРМАЙДИ
Маънавият

КИМ ИЛМ ЎРГАНСА-Ю, АММО НАФСИНИ САҚЛАМАСА, ОЛГАН ИЛМИ УНГА ФОЙДА БЕРМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Бир гал Бухорога йўл оларканман, ҳайдовчи йигит “гап йўғида гап” дедими, ё шунга одатланганми, халқаро аҳволдан гурунг бера кетди. Қайси давлат раҳбари кеча нима деганию, якун билмаётган урушнинг оқибати не кечишигача, телевизордан кўргани, интернетдан эшитгани бўйича сиёсий шарҳловчи мақомини бўйнига тақди. Ҳартугул шериклардан бири зиёратга бораётган экан, менга ҳам сон тегиб: “Имом Бухорий қабрини ҳам зиёрат қилинг”, дедим. У киши жамлаган ҳадислар тўплами – “Саҳиҳи Бухорий” Қуръони каримдан кейин турувчи мўътабар манба экани, 600 минг ҳадис ичидан энг ишонарли деб топилганларини шу асарида жамлаганлари-ю бутун дунё ислом аҳли муҳаддислар орасида энг зўри дея Имом Бухорийни тан олишгани, Хуршид Даврон мақоласида ёзган лавҳа: совет замонида, аниқроғи, 1956 йилда Ливандан Шайх Надим ал-Жиср зиёратга келгани, аммо қабрнинг хароб аҳволини кўриб, “Имом Бухорий хоки туробини олиб кетишга рухсат беринглар, мақбара атрофидаги тупроқларигача беринглар, эвазига ўша тупроқнинг оғирлиги қанча бўлса, ўшанга тенг ҳажмда тилла олиб келишга ваъда бераман!” деганини сўзлаб бердим. Ҳамма қизиқиб тинглади ва бояги “сиёсий шарҳловчи”, аниқроғи, ҳайдовчи “Бўлди, борамиз, Бухоронинг қаерида?” деб қолса денг. “Бухородамас, Самарқандда, Хартангда, ўз вақтида нодон ҳокимлар қувғини сабаб ўша ерга кўчиб кетишга мажбур бўлган”, дея билганимча айтдим…

Юқоридаги сўзлардан мурод шуки, қўлда тельефон, тельефонда интернет – гўё дунёдаги ҳар нени биламиз. Билишимиз керак нарсаларни, ота-боболаримизни, наф келтирадиган билимларни оёқ остидаги матоҳдек бир чеккага тепиб кетгудек шаштимиз бор.

Аслида Имом Бухорий ҳақида ўзбек тилида бадиий асарлар кўп эмас. Аҳмад Муҳаммад Турсун қаламига мансуб “Соҳилсиз денгиз” асари улар орасида энг кўп ўқилаётгани, десак, муболаға эмас. Сиз ҳам ушбу китобни албатта ўқиб чиқинг. Зинҳор ютқазмайсиз.

*  *  *

Агар кейингиларда Имом Бухорийни мақташ эшиклари очиладиган бўлса, унинг мадҳига қоғозлар етмай, нафаслар тоқат қила олмай қолур. Зеро, у бамисоли соҳили бўлмаган денгиз эрур.

*  *  *

Илм худди юган кўрмаган асов отга ўхшайди. Астойдил тиришиб, уни жиловлаб олмасанг, асло тутқич бермайди.

*  *  *

Кимда сабот бўлмаса, набот бўлмайди. Улуғларимиз айтишганки, ким Қуръонни ўрганса, унинг қадр-қиммати ошади. Ким фиқҳни ўрганса, динини теран тушунади. Ким ҳадисни ёзса, ҳужжати кучли бўлади. Ким илм ўрганса-ю, аммо нафсини сақламаса, олган илми унга фойда бермайди! Нафсни сақлаш ва ихлосли бўлиш фазилатлар асосидир.

*  *  *

Илм олиш муҳим ва нозик масала бўлиши билан бирга, унга устоз танлаш ҳам ўта муҳим ва зарур масаладир. Кўп маслаҳат ва катталарнинг кўрсатмаларини олиб, мазкур шарт-шароитларнинг кўпини ўзида мужассамлаган бир устозни топ! То уни тарк этиш ва дарсларидан қолишга эҳтиёж сезмагин! Мана шунда таълиминг баракотли ва хайрли бўлади. Илминг фойда берувчи ва ўзинг манфаатли илм соҳиби бўлиш учун устоз ҳузурида собит ва мустаҳкам турасан. Билгинки, ҳар бир ишда сабру чидам, қаноат ҳамда сабот каби юксак фазилат эгаси бўлиш, ўша ишни комил эгаллашда асл ва асос ҳисобланади. Афсуски, ушбу фазилат инсонларда кўпда топилмайдиган, кам учрайдиган ноёб хислатдир.

*  *  *

Роҳавайҳ бир ҳадисни зикр қилатуриб, Ато Қайҳаронийнинг номини тилга олди. Шогирдлардан бири устоздан “Қайҳарон нима дегани?” деб сўраб қолди. Бу сўз Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг хотирига келмадими ёки бу ҳақда маълумоти йўқ эдими, ҳарқалай жавоб бера олмай, соқолини тутамлаганича бир дам хаёл суриб қолди. Кейин бир нарса эсига тушгандай, “ялт” этиб Муҳаммадга қаради. “Эй Абу Абдуллоҳ, Қайҳарон дегани нима ўзи, жой номиими ёки бирор қабилами?” деб шогирди берган саволни қайтарди. Имом Бухорий ўйлаб ҳам ўтирмай, тезда жавоб қилди: “Қайҳарон Ямандаги бир кентнинг номидир. Муовия халифалиги даврида бир саҳобийни Яманга юборган эди. Ўшанда Ато ундан мана шу ҳадисни эшитган”. Бундай тўлиқ ва мукаммал жавобни эшитган Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳайратини яшира олмади: “Эй Абу Абдуллоҳ, гўё сен ўша қавмнинг ичида бўлгандек ҳикоя қиласан-а!”

*  *  *

Фатҳ ибн Нуҳ Найсобурий шундай деди: “Алий ибн Мадиний ҳузурига келганимда кўрдимки, Муҳаммад ибн Исмоил унинг ўнг томонида ўтирар, устоз ҳар гал ҳадис айтаётганида Бухорийга ҳадиксираб қараб-қараб қўяр эди”. Яна бир биродари Абу Амр Хаффоф бундай деди: “Агар Муҳаммад ибн Исмоил олдимга шу эшикдан кириб келсалар, агар ўшанда ҳадис айтиб турган бўлсам, қўрқувга тўлиб кетаман”.

*  *  *

Қанчалик тотли ва оромбахш бўлмасин, ҳар бир ширин дамнинг ўз интиҳоси бор. Қанчалик азобли ва қайғули бўлмасин, ҳар бир мусибатнинг ўз ниҳояси бор.

*  *  *

Ҳазратимиз жисман нозик, жуссада озғин бўлсалар ҳам нафсларини бир маромда ушлаганлар. Таомни жуда кам истеъмол қиладиган тамкинли инсонлар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммамизга ибрат бўларли. У зотнинг ҳалқаларига қўшилганимдан буён гувоҳманки, устоз ноннинг ўзи билангина кифояланиб, турли хуштаъм егуликлар, нонхурушлардан тийилганлар. Ҳаётларида кўп касалга чалинсалар ҳам умрларининг қирқ йили мобайнида нонга бирор хуруш қўшмаганлар, деб эшитганман. Охирги бетобликларида табиблар, шайхлар ва илм аҳллари кўп илтимос қилишавергач, нонга бироз ширинлик қўшиб ейдиган бўлган эканлар.

*  *  *

Бир куни Ҳазратнинг нафақалари тугаб қолиб, кимдан пул сўрашга бошлари қотиб қолибди. Охири ўйлай-ўйлай олдинлари ҳам бир неча марта жонларига ора кирган Одам ибн Абу Иёзнинг ҳузурига борибдилар. У хижолатда қолибди, ҳозир олимга бергани пули йўқлигини айтиб, узр сўрабди. Устоз бошқадан пул сўрашга ҳаддилари сиғмай, ноилож ортга қайтибдилар. Ўшанда бир неча кун мобайнида ўт-ўлан еб, кун кўрган эканлар. Аммо буни ҳеч кимга билдирмабдилар. Ҳатто биз – шогирдлари ҳам у кишининг ҳолларидан бехабар қолганмиз. Кейин ўзларининг айтишларича, бир куни ҳадис ёзиб ўтирсалар, нотаниш киши хоналарига кириб келибди. У тушига марҳум отаси кириб, “Фалон жойда Аллоҳнинг Муҳаммад исмли бир бандаси қийналиб қолди, шунга ёрдамлашиб юбор!” деб айтган эмиш. У Ҳазратга бир ҳамён олтин узатиб, “Манавини ўзингизга ишлатинг!” деб чиқиб кетибди.

*  *  *

Имом Бухорийга Аллоҳ таоло ўткир заковат, кучли ҳофиза ва ҳар бир ишни пухта бажариш қобилиятини берди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишининг гўдаклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаганини котиб яхши билади. Ўн бир ёшли бола бўлатуриб, устози Дохилийнинг хатосини тузатгани ҳам бунга энг яхши далил бўла олади. Яна бунга Бухорийнинг ўзи котибга сўзлаб берган болалигидаги бир воқеа ҳам мисол: ёш Муҳаммад ўшанда отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг “Жомеъ” китобини  тинглар эди. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилган эди, бола унинг хатосини айтди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна айтди. Учинчи марта хато қилган эди, яна ундан қайтарди. Абу Ҳафс Муҳаммадни танимас экан шекилли, бир муддат сукут сақлаб турди-да:

– Бу бола ким ўзи? – деди.

– Ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардизба, – дейишди.

– Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Бу бир куни албатта катта олим бўлади, – деди Абу Ҳафс.

*  *  *

Аллоҳдан эмас, махлуқдан қўрқиш инсоннинг шахсиятини бузади, хорлик ва шармандаликка солади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: “Мендан кейин мен билан кўришишни, бирга бўлишни истасанг, Аллоҳдан қўрқувни кучайтир. Аллоҳдан қўрқув инсонни яхши амалларга йўллайди… Аллоҳдан қўрққанлар кўп нарсадан қўрқадилар, эҳтиёт бўладилар… Аллоҳдан бошқасидан қўрққанларни эса Аллоҳ ҳамма нарсадан қўрқитади…”

*  *  *

Имом Бухорий отасидан катта мол-дунё мерос қолганига, юриб турган тижорати борлигига қарамай, ҳаётда ўзини кўп нарсадан қантариб-тийиб яшади. Кийинишда ҳам исрофдан қўрқди, бир сидирғагина кийим билан кифояланди. Кийимлари тўзиб, кийимсиз қолган пайтлари ҳам кўп бўлди.

*  *  *

Имом Бухорий Фирабрда дарс бераётганида Бухоро ташқарисида садақаи жория сифатида бир работ бино қилишга киришди. Унинг работ қура бошлаганини эшитган бухороликлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёрдамга ошиқишди. Имомнинг ўзи ҳам бир неча кун қурилишда ишлаб, ғишт ташиди, чуқур кавлади. Унинг бу ишини кўрганлар “Сиз қўяверинг, бошқалар ишлаяпти-ку!” деб қайтармоқчи бўлишганида “Бунинг бизга фойдаси бор”, деганча замбилни кўтариб кетди.

Қурилиш бошланганида юзга яқин одам ёрдамга келди. Буни кутмаган Имом ҳашарчилар учун қорамол сўйдириб, таом тайёрлатди, Фирабрдан нон олдириб келди. Ўзи эса сузилган таомни ҳашарчиларга ташиди, уларни дастурхонга тинмай таклиф қилиб турди.

*  *  *

Гоҳо бир савдодан беш минг дирҳам фойда кўрган кунлари ҳам бўлди. Аммо у зот охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларининг баридан воз кечиб юборди. Ҳар ойда топадиган беш юз дирҳам фойдасининг ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборди. Талабаларга ёрдам кўрсатишда ҳатто исроф қилиш даражасига борганини сўзлашади. Гоҳ бир фақир талабага бошдан-оёқ кийим олиб беради. Баъзан бирор китобга етиша олмай юрган шогирдига уни харид қилиб топширади. Маблағларини кўпинча дарсхона, масжид харжларига ҳам сарфлаб юборади. Одамларнинг эътирозларига жавобан “Бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, дейди.

*  *  *

Имом Бухорийнинг қабридан мушку анбар иси таралиши бир неча кунгача давом этди. Охири қабрнинг очилиб қолишидан хавотирга тушган шогирдлар унинг атрофини панжара билан ўрашга мажбур бўлишди.

Дафн бўлаётган пайтда одамлар Аллоҳ таолонинг яна бир мўъжизасига гувоҳ бўлишди. Имом Бухорийни қабрга қўйиб бўлишгандан кейин оппоқ нурли устунлар осмонга кўтарилганча бир муддат туриб қолди. Бу ҳолни кўрган бир неча одам бараварига такбир айтиб юборди. Дафн чоғида содир бўлган бу ажабтовур воқеалар кейинчалик қатор тарих китобларида ҳам қайд қилинди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version