Қашқадарё газетаси Жамият Қашқадарёга оид
Жамият

Қашқадарёга оид

Ҳар бир ҳудуд, маҳалла, қишлоқ ўз тарихига эга. Биргина номлар ҳақида излансангиз, муҳташам тарихнинг не сир-синоатлари юз очмайди дейсиз. Шаҳару қишлоқлар номини ишлатарканмиз, кўп-да унинг маъносига эътибор беравермаймиз. Баъзи номлар қаршисида эса манаман деган мутахассислар ҳам довдираб қолиши турган гап: айрим тахминлар илмий асосга эга бўлса, бошқаси шунчаки фараздан нарига ўтмайди. Нима бўлганда ҳам ўзимиз яшаб турган ҳудуд номлари ҳақида аниқ, асосли маълумотларга эга бўлганимиз ҳар жиҳатдан маъқул иш.

Китобдаги маҳаллага тошкентликлар кўчиб келганми?

Биласиз, Китоб туманида Алақўйлиқ номли маҳалла бор. Ушбу номнинг Тошкентдаги машҳур Қўйлиқ даҳасига бирор дахлдор жойи борми ёки шунчаки номлари ўхшашми?

Тўра Нафасовнинг «Қашқадарё қишлоқномаси» китобида қайд этилишича, ўзбек халқи таркибида турли қабилаларга тегишли алақўйли/олақўйли, қорақўйли/қорағуйли уруғлари бўлган. Жумладан, дўрмонлар таркибида оққўйли, минг қабиласида қорақўйли/қорағуйли, кенагасларда алақўйли уруғи бўлган. Бу уруғлар ўзбек халқининг бошқа қабила ва қабила иттифоқлари таркибида ҳам учрайди. Муаллиф шулардан келиб чиқиб, алақўйли, оққўйли, қорақўйли сўзларини умумтуркий этноним, дейди. Китоб, Шаҳрисабз қарлуқ лаҳжасида -ли қўшимчаси, асосан -лик тарзида қўлланилгани туфайли Алақўйлиқ топонимига айланган, – деб ёзади олим.

Маҳаллий аҳолининг фикрича, алақўйлиқликлар 200-300 йил илгари Тошкентнинг Қўйлиқ даҳаси ва Бектемир туманининг Алақўйлиқ ҳудудидан келиб қолишган. Аҳоли чорвадор бўлгани учун чорвасини ҳайдаб келиб, бир қисми Китоб туманининг ҳозирги Алақўйлиқ қишлоғини, қолган қисми Шаҳрисабзни маскан қилган. Кўчиб келган жойларига ўзлари туғилган жой номини беришган.

Дўлталининг маъноси нима?

Ғузор, Қамаши туманларида Дўлтали номли қишлоқлар учрайди. Шунингдек, Шаҳрисабз, Деҳқонобод туманлари ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Дўлтахона номли жойлар мавжуд.

«Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати»да Тўра Нафасовнинг фикрлари келтирилган бўлиб, унга кўра, рельеф турларини билдирувчи терминлар «хон» компоненти билан топоним ҳосил қилмайди: бундай терминларга -ли қўшимчаси ёки қирқ ва минг сони, одатда, «сон-саноқсиз» қўшилиши мумкин: масалан, Мингчуқур, Мингтепа, Қирққудуқ, Қирқўзак ва бошқалар.

Бинобарин, дўлта – йиртқич ҳайвон номи, унинг адабий номи – сиртлон, «хона» компоненти эса «уй», «хона», «мўл-кўллик ёки яшаш жойи» маъносида топонимларни ҳосил қилади: бўрихона – бўрилар яшайдиган жой, қулонхона – қулонлар яшайдиган жой.

Ўзбекистон жанубида, Самарқанд, Фарғона вилоятларида тоғлар, қишлоқлар, қудуқлар бор: Дўлта, Дўлтали, Дўлталик. Ушбу топонимларнинг барчасида тунги йиртқич ҳайвон номи – дўлта акс этган.

Галамулла – «муллалар кўп жой» деганими?

Шаҳрисабз-Яккабоғ томонларга ўтган киши йўл белгиси орқали Галамулла номли қишлоқ ҳақида тасаввурга эга. Бир қарашда қишлоқ номи «мулласи кўп қишлоқ» деган маънони англатади. Аслида ҳам шундайми?

«Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати»га кўра, расмий маълумотномаларда ҳам Галамулла шаклида қайд этиладиган ном аслида хато ёзиб келинади. Асли «мулла» эмас, мўла! Мўла сўзли жой номлари республиканинг кўпгина ҳудудларига хос: Бурчмўла, Узунмўла, Тошмўла, Мўлабулоқ, Мўлақўрғон, Каттамўла, Сўпимўла.

Энг қизиғи, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га мўла сўзи киритилмаган, изоҳланмаган экан. Суғорма деҳқончилик қилинган ҳудудлар аҳолиси нутқида мўла – экилган дон экинлари, полиз экинларини зараркунандалардан қўриқлаш, кузатиш, хабар бериш учун ер сатҳидан бир-бир ярим метр баландликда доира ёки тўртбурчак, узунчоқ шаклда чим ёки пахса лойдан кўтариб қилинган супасимон мослама; лалмикор деҳқончилик қилинадиган ҳудудларда ва чорвачилик билан шуғалланадиган жойларда сут маҳсулотларини қўйиш, сақлаш учун одам қўли етадиган баландликда лой, чим, кесаклардан қилинган супага ўхшаш мослама тушунилади.

Гала – кўп, меъёрдан ортиқ дегани. Галамўла – маккажўхори, арпа, буғдой, полиз экинлари экилган жойда қилинган кўп мўлали жой, деган маънони ифодалайди.

Муборакнинг теран илдизлари

Нефть ва газ ҳудуди бўлмиш Муборак 1974 йилдан шаҳар мақомига эга. Хўш, ҳудуд нега Муборак деб аталади? Маълумотларга қараганда, Имом Бухорий отасининг устозларидан саналган Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийга атаб ҳудудда Хўжамуборак қишлоғи барпо қилинган ва кейинчалик бу туман номига ҳам асос бўлган.

Абдуллоҳ ибн Муборак (736-797) қомусий олим, машҳур сўфий, муҳаддис саналади. Хоразм туркийларидан Муборак ибн Возиҳнинг ўғли. Хуросоннинг илмий-маданий маркази Марвда туғилган. Бутун умрини илм ва ибодат йўлига бахш этган. Ҳадис, фиқҳда замонасининг етакчи олими бўлган. Кўп мамлакатларга саёҳат қилган. Саёҳатларида Абу Ҳанифа билан кўришган ва унинг энг мумтоз шогирдлари сафидан ўрин олган.

Сўфийлик, фиқҳ, ҳадисшунослик, тарих, филология ва тафсирга оид асарлар ёзган. 20 минг ҳадисни ўз ичига олган 20 асарини Абу Ҳанифанинг абвоби фиқҳига кўра тартиб этган. Жиҳод ҳақида илк асар таълиф этган ва илк дафъа «Арбаъин» (қирқ ҳадис) ёзган. Абдуллоҳ ибн Муборакдан баҳраманд бўлганлардан бири Аҳмад ибн Ханбалдир.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил Абдуллоҳ ибн Муборакнинг шогирдларидан бўлган.

Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳозирги Муборак заминида бўлган-бўлмагани номаълум, аммо ҳудуд номи ана шу буюк инсон ҳурматига атаб қўйилгани эътиборли.

Туркий халқларнинг энг чекка шаҳри

Ғузор кўп асрлик тарихга эга ҳудудлардан саналади. Ғузор Бухоро амирлигидаги 27 бекликдан бири бўлган. Қадимги туркий битикларда Хузор, Хузар, Хазар тарзида битилган номнинг таркиби, маъноси, қайси тилга мансублиги номаълум. Муҳими – V-VII аср қадимги туркий ёдномаларда Ғузор ҳақида ёзиб қолдирилгани ва туркий  халқлар яшайдиган энг чекка ҳудуддаги шаҳар, дея изоҳланганида.

Илмий бўлмаган мулоҳазаларда Ғузор мўғулча «газар» – чўл, дашт, жой; хол газар – энг чекка жой маъноларини англатиши ҳақида айтилади.

«Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати»га кўра, Ғузор номи туркий хазар этноними билан боғлиқ бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Хазар – қадимги туркий қабила, халқ номи бўлиб, хазар қабилалар иттифоқи яқин ўтмишда Афғонистон ҳудудида яшаганлиги маълум. Кавказда – Каспий денгизи атрофида ўтмишда Хазар давлати бўлган. Каспий денгизи ҳам турли манбаларда Хазар денгизи деб аталади.

Ўзбекистоннинг турли вилоят ва туманларида Хазара, Ғазара, Ғазира, Ҳазира, Ҳазора, Ҳазара каби товуш қиёфасида фарқланадиган қишлоқ номлари бир нечта бўлиб, улар ҳам Ғузор номи билан адашликка эга. Бинобарин, қадимги туркий қабила, халқ номидан Ғузор номи яралган.

Ноёб қушнинг довруғи

1937 йилда ташкил этилган Қамаши тумани ҳам ўтмиши узоқ асрларга туташиши билан ажралиб туради. Қамаши энг кўп чегараларга эга туман сифатида ҳам эътиборга молик. Шимолдан Чироқчи, Яккабоғ, Шаҳрисабз, ғарбдан Косон, жанубдан Ғузор, Деҳқонобод туманлари, шарқдан Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани билан чегарадош. Қашқадарёдаги энг йирик сув иншоотларидан бири  Чимқўрғон сув омбори ҳам шу ерда жойлашган. Собиқ иттифоқ даврида Бош вазир мақомида ишлаган Раҳмонқул Қурбонов шу тумандан. Қашқадарёда 1995-1998 йилларда ҳокимлик қилган Озод Пармонов, 2022 йилдан Сурхондарёда ҳокимлик қилаётган Улуғбек Қосимов ҳам шу ерлик. Поён Равшанов, Назар Эшонқул, Темирпўлат Тиллаев, Жавлон Жовлиев, Байрам Али каби таниқли ижодкорлар шу заминда туғилиб-ўсган. Туман ҳудудидан «Катта Лангар Қуръони» деб аталувчи Қуръони каримнинг энг қадимги нусхаларидан бири топилган. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, Қамаши сўзининг маъноси нима?

Маълумотларга кўра, Қамаши номи ўзбек-қўнғирот қабиласи таркибидаги қамайчи уруғи номидан олинган. Тўра Нафасовнинг ёзишича, қамай қадимги туркий этноним бўлиб, қабила номи тотем асосида шаклланган. Бу этник гуруҳ вакиллари учун лочинсимонлар туркуми, қарчиғайлар оиласига мансуб қамай қуши тотем сифатида қабул қилинган. Бу қушнинг ҳозирги ўзбек тилидаги номи – қумой ва у Ҳисор тоғларида учрайди. Қумой табиатда камёб тур саналади. Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган. Ривоятга кўра, қумой қуши учганда сояси кимнинг бошига тушса, у давлат, салтанат ва бахтга эришади. Қуш дастлаб тотем бўлган, кейинчалик уруғ, шаҳар ва туман номига айланган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version