Қашқадарё одамлари
Ўзбекистон халқ артисти, севимли санъаткоримиз Икрома Болтаева кинофильмларда, телепостановкаларда ва айниқса, театр саҳналарида ижро этган роллари билан халқимиз орасида машҳур эди. Минг афсуски, қатағон йиллари унинг умрига завол бўлди.
Зикир МУҲАММАДЖОНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Ўтган асрнинг 30-йилларида Тошкентда очилган Абулқосим Лоҳутий номидаги театр техникумини тамомлаб, Самарқанд театрида ишлай бошлаган Икрома Болтаева «Бой ила хизматчи»даги Жамила, «Холисхон»даги Холисхон, «Тор-мор»даги Дилбар роллари билан кенг томошабинлар оммасига таниш бўлиб қолди.
Унинг жуда кўп ижодий ишлари Ҳамза театри билан боғлиқ. «Отелло»даги Дездемона, «Ревизор»даги Мария Антоновна роллари, айниқса, ўзбек драматургиясидаги Абдулла Қаҳҳорнинг «Тобутдан товуш» асаридаги Нетайхон, «Шоҳи сўзана» пьесасидаги Салтанат, Баҳром Раҳмоновнинг «Юрак сирлари»даги Сурмахон образлари ҳамон театр мухлисларининг ёдида.
Афсус, бугун бу актриса орамизда йўқ. Аммо унинг санъатимиз ривожига қўшган ҳиссаси, яратган ўлмас образлари ҳали узоқ йиллар яшайверади. Мен қуйида у кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеани ҳикоя қилмоқчиман.
Театр санъатида шундай роллар бўладики, уни ҳар ким ҳам ижро этавермайди. Тўғрироғи, ижро эта олмаслиги ҳам мумкин. Шу боис театр жамоасида режиссёрлар актёрларни шундай ўрганган бўладики, роль тақсимотида ҳатто пьеса қабул қилинишадаёқ бош ролни қайси актёр ижро эта олиши мумкинлиги маълум бўлиб қолади. Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» пьесаси ўқилганида саҳналаштирувчи Баҳодир Йўлдошев асардаги бош роль Фармонбиби образини икки актриса – Зайнаб Садриева ва Икрома Болтаевага мўлжаллаган эди.
Аммо Икрома Болтаева бошқа пьесада банд бўлганлиги учун репетицияларни Зайнаб Садриева олиб бориб, спектаклда ролни муваффақият билан бажаргани ҳаммага маълум. Бироқ Зайнаб Садриеванинг бетоб бўлиб қолганлиги туфайли яна бир бор Икрома Болтаевага мурожаат қилишга тўғри келган эди. Албатта, ҳар бир ролни тайёрлашда, уни талқин этишда актёр учун ҳам, режиссёр учун ҳам турли изланишлар бўлиши табиий.
Актриса Икрома Болтаева бу ролни тайёрлашда Зайнаб Садриева ижро этган Фармонбибидан ўзгача талқин этиши шарт эди. Чунки ҳар бир актёрнинг индивидуал характери ўша ролни тайёрлашда маълум йўналиш танлаш ва изланишга ҳаракат қилишини тақозо этади. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев Икрома Болтаеванинг имкониятларидан фойдаланиб, ўзгача талқин этишга йўналиш беради ва натижада унинг ижросидаги Фармонбиби образи Зайнаб Садриева яратган қиёфадан мутлақо ўзгача бўлиб, томошабинларимизга маъқул тушган эди.
Одатда театр жамоаси спектаклдан сўнг бир пиёла чой устида бир-бирларини табриклашиб, ижрочининг ютуқ ва камчиликларини, келажакда яна қандай образга сайқаллар берилишини самимий маслаҳат қиладилар. Икрома Болтаева бу образни юзага келтиргунича кўп излангани, ниҳоятда қийналгани ва яна бундай мураккаб ролни кўп сайқал бериш орқали узоқ йиллар саҳнамизда яшаб қоладиган образ даражасига кўтаришга қувонч билан ваъда бериб турган эди, эшикдан кириб келган бир одам унинг қулоғига ниманидир пичирлади. Шунда зиёфат-зиёфатлигича қолди-ю, Икрома Болтаева уни сўраб келган киши ортидан ташқарига чиқиб кетди.
Кейин маълум бўлишича, Икрома Болтаеванинг ўғли Рустам Болтаевни қамоққа олишган экан. Ўша йиллари халқимиз даҳшатли кунларни бошидан кечираётган хавотирли замонлар эди. Икрома Болтаева бу даҳшатли хабарни эшитгач, йўл-йўлакай уйига боргунича хаёлидан нималар ўтмаган, дейсиз. Чиндан ҳам бу актрисамизнинг ҳаётида бундай фожиали воқеалар кўп бўлган экан. 30-йилларда бутун ер-сувлари тортиб олинган отаси Зоҳид ака ҳаётдан бевақт кўз юмган ва тўрт бола билан бева қолган онаси ўз болаларини интернатга топширишга мажбур бўлган.
Етимлик билан қашшоқ ҳаёт кечирган, ўқишни битириб, Самарқанд театрида иш бошлаган Икрома севган йигити Ризо ака билан бир ёстиққа бош қўйган куни уйдан куёвнинг отаси «халқ душмани» сифатида олиб чиқиб кетилган. Ундан кейин оилага кетма-кет қақшатқич зарбалар тушгани, ҳатто биринчи гўдаги шу қўрқувларда нобуд бўлгани ва бугун эса кўз қорачиғидан айрилиш хавфи унинг кўз олдидан бирма-бир ўтар эди…
Улар эшик олдига етиб келишганида бир неча одам Икрома Болтаева яшайдиган уйни қуршаб туришган экан. Машина чироғи нурида остона ҳатлашлари билан ҳалиги турган одамлардан уч киши ёпирилиб уйга кирдилар. Икрома опани бир чеккага ўтқазиб қўйиб, сўрамай-нетмай уйдаги нарсаларни остин-устун қилиб, ниманидир излашарди. Бу актрисамиз унақа бой оилалардан эмасди, улар қулф солинган сандиқчани очишни буюришади. Унинг ичида эса Икрома опанинг барча тақинчоқлари сақланар эди. Икрома Болтаева бундай тинтувларни кўп кўрган экан. Ҳали гўдаклигида уйларидаги намату кўрпачалар дейсизми, қозон-товоқларгача олиб чиқиб кетилганига гувоҳ бўлган.
Қайнотаси қамалгандаги тинтувда кўпроқ китобларни, ёзувларни қидиришган эди. Бу гал энди қимматбаҳо буюмларни излашарди. Қимматбаҳо тошлар ёки олтиндан ясалган буюмлар эмас, спектаклларда фойдаланиладиган зебу зийнатларни опа сандиқчасида сақлар экан. Улар сандиқчани очиши билан гўё ҳамма қидирган бойликларини топиб олгандек кўзлари чақнаб кетади. Очкўзлар ҳали буларнинг ҳаммаси саҳна учун тайёрланган ясама нусхалар эканини билишмайди. Опа «уларга тегманг», дейиши билан биттаси ҳаммасини ҳовучлаб олади-ю, сумкага солиб машинага олиб чиқиб кетади. Улар шундай қимматбаҳо буюмларни топганидан қувончлари ичларига сиғмай опани ҳам машинага ўтказиб олиб кетадилар. Албатта, эртасигаёқ экспертизада буюмларнинг нусха эканлиги аниқ бўлгач, тақинчоқлар билан бирга опани ҳам уйига олиб келиб қўйишади.
Аммо Икрома Болтаева ўғли қаерда эканлигини суриштириб, ҳеч нарса аниқлай олмагач, нима қилишини билмай, ўзи туғилиб ўсган Китобга йўл олади. Китоб туманига кириб борганида одамларнинг руҳи тушкун, қавму қариндошларнинг деярли ҳаммаси ташвишли кўринар эди. Тошкентга қайтиб келиб, ўғлининг қаерда эканлигини билмоқ учун бормаган жойи қолмади. Маълум бўлишича, ўша ҳибсга олинганларнинг бир нечтаси Москвага олиб кетилган экан. У Москвада тўрт ярим йил қатнайди.
Шуниси оғир бўлдики, шу йиллар ичида битта қамоқхонада асраб туриш мумкин бўлмаганлигидан (Суд қилиниб, жазосини олмаган кимсанинг жойини ҳар 9 ойда алмаштириб туришган) Икрома Болтаева фарзандини қидириб, баъзан Москвага, баъзан Куйбишевга, баъзан Горькийга, хуллас Россия ҳудудидаги барча қамоқхоналарга бир-бир бош суқиб чиқади.
Театр жамоаси Икрома Болтаеванинг бошига тушган қайғули кунларда унинг дардига даво бўлмоқ учун нелар қилмади, дейсиз. У замонларда бирон жойга бориб шикоят қилган билан оқибатсиз қолаверарди. Аммо Икрома Болтаева ўша беш йилча вақт давомида Москвадаги бормаган идораси, шикоят қилмаган жойи қолмади. Ҳатто ўша вақтдаги бош секретарга ҳам шикоят ёзган эди. Аммо бирортасидан натижа чиқмагач, кундан-кун ич-ичидан зил кетиб, сўлиб борарди.
Хайриятки, Ўзбекистон мустақил бўлди-ю, «пахта иши», «ўзбек иши» юзасидан ҳибсга олинганлар ҳақиқат қарор топиб, озод бўлишига йўл очилди. Ўғли Рустамни Наманганда суд қилишганда опа ўша ерда ҳозир бўлган эди. Судда прокурор Рустам Болтаевда ҳеч қандай айб йўқлиги, асоссиз «ўтиргани» ҳақида гапирганида опа титроқдан ўзини ташлаб юборган.
Бу унинг бардоши шунча вақт кўрган азобларига енгилиб, вужудидаги ҳорғинлик, бетоблик юзага чиққан кун эди…
