Қашқадарё газетаси Долзарб КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҚАДРИ, ЭРКИНЛИК, ТЕНГЛИК ВА АДОЛАТ ГАРОВИ!
Долзарб Сиёсат

КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҚАДРИ, ЭРКИНЛИК, ТЕНГЛИК ВА АДОЛАТ ГАРОВИ!

Хабарингиз бор, Президент жорий йил 21 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» фармойиш чиқарди. 

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни унда белгиланган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш, «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий ҳамда бошқа тадбирларни самарали ташкил этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури ва Бош вазир Абдулла Арипов раислигидаги ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Дастурда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича ташкилий тадбирлар; маънавий-маърифий тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари; Конституция куни муносабати билан ўтказиладиган байрам ва бошқа кўнгилочар тадбирлар; «Конституция ойлиги» доирасида давлат органлари ва ташкилотларида ташкил этиладиган тадбирлар; «Конституция ойлиги» доирасида таълим ташкилотларида ташкил этиладиган тарғибот тадбирлари кўзда тутилган бўлиб, улар ижроси юзасидан амалга ошириладиган вазифалар батафсил 50 та бандда кўрсатиб ўтилган.

Ташкилий қўмитага дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда кўтаринки руҳда нишонланишини;

барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, бадиий кечалар, фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, кекса ва ёш авлод вакиллари, таниқли спортчиларни жалб этган ҳолда байрам тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш топширилган.

Жойларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамини Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида қуйидаги масалалар:

янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғояларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топаётганини кўрсатиб бериш;

янги таҳрирдаги Конституциянинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашдаги ўрни ва ролини ёритиш;

«Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигини очиб бериш;

янги таҳрирдаги Конституциянинг тадбиркорлик ва хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича янгидан янги ютуқлар ва натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратиб берганини кенг жамоатчиликка тушунтириш;

нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш;

Конституция байрами арафасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция  дарсларини, шу жумладан, атоқли ҳуқуқшунослар, олимлар, суд, адлия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбар ва ходимлари иштирокида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.

Фармойиш билан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилган.

Exit mobile version