Қашқадарё газетаси Маънавият КУЧ БУЗИШГА МОЙИЛ, МУТЛАҚ КУЧ ЭСА МУТЛАҚ БУЗҒУНЧИ
Маънавият

КУЧ БУЗИШГА МОЙИЛ, МУТЛАҚ КУЧ ЭСА МУТЛАҚ БУЗҒУНЧИ

Сараланган сатрлар

Америкалик адиба Ҳарпер Ли қаламига мансуб “Мазахчини ўлдириш” романи “Энг яхши бадиий китоб учун” Пулицер мукофоти, ВВС талқинига кўра энг яхши 200 китоб рўйхатининг илк ўнталиги, “Тҳе Қуилл Боок Аwардс” ғолиби, “Тҳе Гуардиан” нашри талқинига кўра инглиз тилида ёзилган энг яхши 100 китоб рўйхатидан жой олгани, ВВС томонидан энг кучли руҳлантирувчи 100 китоб рўйхатига қўшилгани ҳақида эшитган чиқарсиз. Бу ҳақда газетамизда ҳам айтиб ўтгандик.

Ҳарпер Ли асли кўп асар ёзмаган. “Мазахчини ўлдириш” билан бирга “Тасбеҳ дарахти соясида” романлари чоп этилган, холос. Аммо шу икки асарнинг ўзиёқ муаллифга оламшумул шуҳрат келтирган. Бугун иккинчи роман ҳақида сўз юритамиз.

“Тасбеҳ дарахти соясида” романи “Мазахчини ўлдириш”нинг давоми саналади. Воқеалар Алабама штатининг тўқима Мейкомб шаҳарчасида кечади. Муаллиф уни ўзи туғилган Монровилл шаҳри асосида яратган, деб қаралади. Дарҳақиқат, асарда тасвирланган объектлар ва умумий манзара Монровиллдаги билан бир хил.

“Мазахчини ўлдириш”да Аттикус Финч ўзига хос қаҳрамон сифатида гавдаланади: хотини юрак хасталигидан вафот этгач, ёш ўғли ва қизига атрофлича ғамхўрлик қилади, улар тарбиясига доноларча ёндашади ва болаларига ҳар томонлама ўрнак бўлади. Энг муҳими, қора танлиларга паст назар билан қараш авж олган бир пайтда ҳамшаҳарларининг қаршилиги ва ёмон кўришларига қарамай қора танли Том Робинсонни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилади. “Тасбеҳ дарахти соясида” романида Аттикус анча кексайган, хасталик қаддини буккан, қолаверса, ирқий қарашлари ҳам маълум даражада ўзгаришларга юз тутган, қизи Жин Луиза Финч эса 26 ёшда, таътил вақтлари Нью-Йоркдан Мейкомбга келиб-кетади. Шаҳар бир вақтлардаги каби тинч ва сокин, аммо воқеалар ривожи у ерда мавжуд чуқур ижтимоий муаммоларни кўрсатиб беради.

Ушбу асарни болаликдаги ишончлардан мустақил қарашларга ўтиш жараёни ифодаси сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.

 Ўтган йили “Академнашр” нашриётида чиққан ушбу асарнинг яна бир эътиборга молик жиҳати – косонлик ёш таржимон Шоҳруҳ Усмонов томонидан тўғридан-тўғри инглиз тилидан ўзбекчага ўгирилганидир.

Дунё эътироф этган бу асарни Сиз ҳам ўқиб чиқинг!

*  *  *

Ҳар гал уйга келарканман, худди ўз дунёмга қайтаётгандек ҳис қиламан ва Мейкомбни тарк этаётганда дунёмни ташлаб кетаётгандек бўламан. Бемаънилик. Тушунтиришга ожизман, буни баттар бемаънилаштирадиган жиҳат шуки, Мейкомбда яшасам, томим кетиб қолган бўларди.

*  *  *

Оғриққа дош беролмаган пайтинг, тананинг ўзи ҳимояга ўтади, дейишади, ҳушингдан кетиб, ортиқ оғриқни ҳис қилмайсан. Яратган сенга ўзинг кўтаролмайдиган азобни юбормайди…

*  *  *

Ёлғизлик туфайли инсонлар ҳис қиладиган туйғулар айнан ўхшаш бўлади.

*  *  *

Кимдир сенга: “Ҳақиқат мана шу!” деса, сен ҳам унга ишонсанг, кейин у айтган нарса ҳақиқат эмаслигини пайқаб қолсанг, хаёлларинг чилпарчин бўлади ва қайтиб унинг тузоғига тушмаслик учун жуда эътиборли бўлиб қоласан. Бироқ ўша одам ҳаётини ҳақиқат йўлида фидо қилган бўлса, сен ҳам у ўзини фидо қилган нарсага ишонсанг, энди сен фақатгина хаёлларинг чилпарчин бўлгани учун кўзларини катта-катта очиб олган одам бўлмайсан, нима қиларини билмай муаллақ қолган одам бўласан.

*  *  *

Инсоннинг инсон экани қанчалик тайин бўлса, шу нарса ҳам шунчалик тайинки, одамзоднинг сабоқ олиш учун қарайдиган энг охирги жойи тарихдир.

*  *  *

Куч бузишга мойил, мутлақ куч эса мутлақ бузғунчи.

*  *  *

Бу ўлкада мени қўрқитадиган ягона нарса шуки, давлат кун келиб шундай ҳайвонлашадики, энг кичик шахслар оёқ остида эзилади ва ортиқ яшашнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди. Шу ҳориган дунёмизда Американинг ҳануз ягона ва бетакрор бўлган жиҳати бу ерда бир киши мияси бардош бера оладиган жойгача бора олишидир.

*  *  *

Катталар ҳар доим энг ёмонига ишонишади.

*  *  *

Одам қандайдир ножўя ишга аралашгандек кўриниши мумкин, лекин унинг мақсадини, шу ишга сабаб бўлган турткини англамай туриб уни ёмонотлиққа чиқаришга шошилма. Киши ичидан ёниб кетаётган бўлиши мумкин, мулойим жавоб қаҳрини намоён этишдан кўпроқ иш беришини билади. Киши душманларини қўлга олиши мумкин, лекин уларни яқиндан билиш донороқ қарор ҳисобланади.

*  *  *

Ҳеч ўйлаб кўрганмисан инсонлар ўзи яшаб келаётган жамиятга фойда бера олиши учун унинг маълум бир талабларига мос келишга мажбурлигини.

*  *  *

Бозорлик пулидан аёлини чув туширадиган баъзи эркаклар сотувчини чув туширишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Эркаклар виждонини почта қутиларида сақлашга мойил бўлишади. Яъни, бир томондан, товонигача ростгўй бўлса, бошқа томондан, ҳатто ўзларини ҳам алдашади.

*  *  *

Федерал ҳукумат мен учун, яъни оддий фуқаро учун кўпроқ диққинафас йўлаклар-у узоқ кутишдан бошқа нарса эмаслигини биламан. Эҳтиёжларимиз қанча ортса, кутишларимиз ҳам шунча кўпаяди, чарчоғимиз ҳам шунча кўпаяди.

*  *  *

Бир шиор эшитгандим, ҳалигача миямга муҳрланиб қолган: “Тенг ҳуқуқлар ҳаммага, махсус имтиёз ҳеч кимга!” дейилганди ўша шиорда ва мен учун бу сўзма-сўз нима деётган бўлса, айни ўша маънони билдирарди. Лекин у ерда барча салмоқли қарталар оқ танлига, қолган рақамли қарталар эса қора танлига дейилмаганди…

*  *  *

“Испан-Америка урушидан репортаж тайёрлаш учун газета рассомини юборган ҳалиги кекса ноширга ўхшаяпсиз. “Сен расмларни чиз. Урушни менга қўйиб бер”.

*  *  *

Жефферсоннинг фикрига кўра, бутун фуқаролик жамияти шунчаки осонгина берилиб, яна осонгина қайтариб олинадиган эмас, ҳар бир киши курашиб оладиган имтиёз эди. Унинг фикрича, инсон шунчаки инсон бўлгани учун овоз бера олмасди. Масъулиятли шахс бўлиши керак эди. Жефферсоннинг наздида овоз, шахснинг “мен ҳам яшай, улар ҳам яшасин” қабилидаги иқтисодида пешона тери билан топилган қадрли имтиёз эди.

*  *  *

Гитлер ва Россиядаги маълум гуруҳлар ўз мамлакатлари учун баъзи яхшиликларни қилишди, аммо буни қилиш баробарида миллионлаб инсонларни қатл этишди.

*  *  *

Ўйлашимча, киши қалби яраланганда, энг биринчи иши бошқа бировдан аламини олиш бўлади.

*  *  *

Ҳар бир инсон ўз онги ва виждонига ўзи эгалик қилади. Оммавий виждон тушунчаси мавжуд эмас.

*  *  *

Мутаассиб кимса ўз қарашларига қарши бўлган, уларни номаъқулга чиқарган одамга дуч келганида нима қилади? Паст кетмайди. Чиранади, маҳкам туриб олади. Эшитишни ҳам истамайди, фақатгина ғалаён қилади.

*  *  *

Адвокат зотининг териси қалин бўлади.

*  *  *

Ортга назар ташлаб, кечага, ўн йил аввалга қараб ўша пайтдаги ҳолимизни кўриш ҳар доим осон. Айни маҳалдаги ўзимизни кўра олишимиз қийин. Бунинг уддасидан чиқсанг, ҳаммаси яхши бўлади.

*  *  *

Жирканч сўз ҳисобланган “хурофот” билан покиза калима бўлган “эътиқод”нинг умумий бир жиҳати бор, иккиси ҳам мантиқ тугаган жойда бошланади.

*  *  *

Мен ҳақимда исталганча гапиришлари мумкин, токи ёлғон экан, бунга парво қилмайман.

*  *  *

Ўз дунём остин-устун бўлишини хоҳламадим, бироқ дунёмни мен учун қўриқлашга ҳаракат қилган одамни эзиб ташламоқчи бўлдим. Унга ўхшаган барча одамларни йўқ қилишни хоҳлардим. Менимча, бу худди самолётга ўхшайди: улар ҳавонинг аэродинамик қаршилиги, биз эса итариш кучимиз – биргаликда нарсаларни учира оламиз. Агар биз кўпайиб кетсак, олд қисм оғирлашади, агар улар кўпайиб кетса, орт қисм оғирлашиб кетади – бу ёғи энди мувозанат масаласи.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version