Бундан ўн беш-йигирма йил муқаддам ҳозирги Кўкдала туманининг Ўтамайли, Кўкдала, Ҳардури ва бошқа қатор қишлоқлари деҳқонлари эртачи тарвуз етиштириш тажрибасини ўзлаштириб, бу ишдан яхши даромад ола бошлашган эди. Кўп ўтмай бу усул бутун туман бўйлаб оммалашди ва бугунга келиб эртачи тарвуз Кўкдаланинг асосий брендларидан бирига айланди.
Айни пайтда кўкдалалик деҳқонлар етиштираётган ҳосил нафақат мамлакатимиз, балки хориж бозорларида ҳам машҳур. Буни қуйидаги рақамлар ҳам англаниб турибди.
Ўтган 2024 йилда туман деҳқонлари 15 минг гектар майдонда эртачи тарвуз парваришлашган эди. Етиштирилган ҳосилнинг асосий қисмини ички бозорларимизга етказиб бериш билан бир қаторда, 8,5 миллион долларлик тарвуз экспорти ҳам амалга оширилди.
Жорий йилда эса ҳудуддаги эртачи тарвуз парваришланган майдонлар ҳажми 22 минг гектарга етди. Шунга кўра, маҳсулотнинг экспорти ҳам камида 10 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
Ҳозирда йиғиб олинаётган ҳосил пешма-пеш ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда. Деҳқоннинг чўнтагига даромад кираяпти.
Туманнинг Ўтамайли қишлоғи ҳудудида жойлашган «Байрамали-Жасурбек» фермер хўжалиги аъзолари ҳам 2 гектар майдонга тарвузнинг «Долби – Ф1» номли эртапишар турини экишган эди. Ҳосил кутилганидан ҳам яхши бўлди.
– Ерларимиз лалмикор майдонлар, – дейди фермер Шуҳрат Назаров. – Ер остидан сув олиб, деҳқончилик қиламиз. Бу йил январь ойи бошидаёқ ишга киришиб, кичик иссиқхоналарда уруғларни ўндиришни бошлаган эдик. Кейин уларни далага ўтқаздик. Об-ҳаво инжиқликларидан ҳимоя қилиш учун плёнка остида парваришладик. Қилган меҳнатимиз самарасида май ойининг бошиданоқ тарвузларимиз пишиб етилди. Ҳосилнинг асосий қисмини Қозоғистонга экспорт қилдик. Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан тадбиркорлар келиб, олиб кетишмоқда.
Айни пайтда туманда экспортни амалга ошириш бўйича махсус штаб ташкил этилган бўлиб, тегишли мутахассислардан иборат гуруҳ даладан узилган маҳсулотнинг ўз вақтида хориж бозорларига чиқариш учун суткасига 24 соатлик режимда иш олиб боришмоқда.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.