Вилоят ҳокими Кўкдала туманида болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ёшларга эътибор
Унга асосан вилоятимиздаги энг ёш туманда ёшларнинг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишини ошириш ва уларнинг мусиқий таълимга бўлган талаб ва эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида 26-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби (БМСМ) очиладиган бўлди. Унинг фаолияти республика ҳукуматининг 2016 йил 5 майдаги қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида ташкил этилиши белгиланар экан, мутасадди ташкилотлар ва масъул шахслар зиммасига янги мактабнинг низомини тасдиқлатиш ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, ушбу масканда ўқувчи ёшларга мусиқа ва санъат соҳасида сифатли таълим беришни йўлга қўйиш, уни олий маълумотли мутахассис кадрлар ҳамда дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар, зарур мусиқа чолғу асбоблари ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Болалар мусиқа ва санъат мактаблари тўғрисида»ги низомга асосан бундай мактабларнинг асосий мақсади ёш авлоднинг мусиқа ва санъат турларига қизиқиши ва қобилиятини ривожлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни халқимиз анъаналарига ва миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий ва маърифий савиясини ҳар томонлама оширишдан иборатдир. Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларига кўра, уларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга йўналтирилган мусиқа (фортепиано, торли чолғулар, эстрада чолғу ижрочилиги, халқ чолғулари, дамли ва зарбли чолғулар, анъанавий чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, академик хонандалик, эстрада хонандалиги) ва санъат (хореография, театр санъати, тасвирий ва амалий санъат) йўналишларида фаолиятини амалга оширади.
Ўз мухбиримиз