(Эссе)
26 апрель – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф туғилган кун
Бир муаллим танишим бор. Ажойиб одам. Яна унинг қизиқ бир одати бор. Ён дафтарчасига машҳур ҳофизу, кино юлдузлари, номдор спортчиларнинг имзоларини қўйдириб, кўнгил етар оғайниларига, таниш-билишларига кўрсатиб, мақтаниб юради. Мен учун қизиғи унинг кундалигида элимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳам дастхати борлиги бўлди. Ундан бу қандай рўй берганини сўрадим.
“ – Ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Қишлоқдаги мактабда муаллим бўлиб ишлардим. Кунларнинг бирида китоб ахтариб кутубхонага боргандим, мудира опа менга:
– Ҳозиргина сизни эслаб тургандим. Биласиз, ҳозир жойларда Абдулла Ориповнинг эллик йиллиги кенг нишонланмоқда. Туманимизга ҳам келармиш. Энг қизиғи, бизнинг кутубхонада шоир билан учрашув ва шеърхонлик бўлар экан. Ҳозиргина катталаримиз қўнғироқ қилишди. Шунга ҳозирлик кўришим керак. Сиздан илтимос, мактаб ўқувчиларидан гуруҳ тузиб, шоирнинг сара шеърларидан ёд олдирсангиз…
Мен мудирага бажонидил ёрдам беришимни айтдим ва аълочи ўқувчиларни саралаб, шоирнинг шеърларини тарқатдим. Шу орада қандайдир бир журъат билан ўзим ҳам шоирга атаб битган ҳазил шеъримни иккинчи синфда ўқийдиган Санобар исмли қизчага ёд олдирдим.
Ниҳоят, бизлар орзиқиб кутган кун келди. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов сафдошлари Муҳаммад Юсуф, Исмоил Тўхтамишев ва бошқалар билан қишлоғимизга келди. Табриклар, шеърхонлик анча давом этди. Сўнгра навбатни каминанинг ўқувчиларига беришди. Ичимда: “Ишқилиб, бирортаси шоирнинг шеърини айтишда адашиб кетмасин-да”, деган ҳадик билан турибман. Шунда денг, ҳалиги каминанинг ёзганини ҳам бояги қизча дона-дона қилиб ёддан ўқиб берди, денг… Шеър кўпчиликка манзур бўлди, озгина қийқириқлар билан қарсаклар чалинди. Абдулла ака эса кулимсираб, ёнида ўтирган Муҳаммад Юсуфнинг қулоғига алланималар деб қўйди. Кўнглим жойига тушиб, ҳатто озина гердайиб ҳам қўйдим. Ахир Абдулла акадай шоирга атаб шеър битиш ва маъқул келтириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, шундай эмасми?..
* * *
Учрашув тугаб, меҳмонлар бир пиёла чойга таклиф этилгач, кимдир мени чақиргандай бўлди. Бурилиб қарасам, хўжалик раиси экан. Ёнига бордим.
Раис менга:
– Домла, жуда пишиқ одамсиз-да, шундай зўр танишингиз бор экан-у, нима қилиб юрибсиз мактабда, кетмайсизми ёнларига, – деди.
– Қандай таниш?- дедим ҳайрон бўлиб.
– Шоир сизни сўраяпти, – дея Муҳаммад Юсуф томонга ишора қилди.
Қарасам, ишонсангиз, ҳақиқатдан ҳам Муҳаммад Юсуф мен томонга жилмайиб қараб турибди. Ички ҳаяжон билан бориб саломлашдим.
Шоир мен билан танишгач, сўради.
– Анови қизча айтган шеърни сиз ёзганмисиз?
– Ҳа.
– Абдулла акага ёқди, агар имкони бўлса, ўша шеърнинг охирги мисрасини яна айтинг?..
– Мен шошилиб айтдим:
Соқол қўймасангиз, шоир амаки,
Ишонмаймиз ҳатто юзга кирсангиз…
– Яхши топибсиз. Яна бир гап, сиз шоирни жиян деб атабсиз, шу гап ростми?
– Ҳа, она тарафи бизлардан, – дедим ўзимни бироз ўнглаб олиб.
Кейин шоирни кимдир чақирди, мен эса эски одатим қолмай дастхат ёзиб беришни илтимос қилдим. Шоир дафтаримга имзо қўйди ва сафдошлари ёнига қайтди.
* * *
Адашмасам, орадан икки ёки уч йил ўтиб, пойтахтга малака ошириш курсига ўқишга бордим ва кунларнинг бирида кўчадаги эълонга кўзим тушди. Унда хонанда Тошпўлат Маткаримов контсерти ва Муҳаммад Юсуфнинг ҳам унда фахрий меҳмон бўлиши ҳақида битилган эди. Ўша йилларда шоирнинг айниқса “Туркман қизига” атаб ёзган шеъри хушовоз хонанда Охунжон Мадалиев томонидан қўшиқ қилинган, радио ва телевизорда эрта-ю кеч жарангларди. Сурхонлик ҳамхонам билан чипта олиб, томоша бўладиган жойга эртароқ бордик. Қарасам, биздан уч-тўрт қадам нарида Муҳаммад Юсуф биров билан суҳбатлашиб турибди. Бориб саломлашмоқчи бўлдим-у, аммо ҳаёлимга:
“Ҳой, нодон, ўзи узоқ бир қишлоқдан келган муаллим бўлсанг, сенга кимнинг кўзи учиб турибди?” деган ўй келди.
Шунда денг, шоирнинг кўзи бехосдан менга тушиб: “Эй, жўра, келинг, мен сизни дарров танидим”, деб ёнларига чақирди. Нодонлигимдан уялиб кетдим. Аммо, сир бой бермадим. Таҳсил олгани келганимни ва унга атаб бир нима битганимни ҳам айтдим.
Муҳаммад Юсуф менга қаради ва ҳар доимгидек:
– Қани, бўлмаса, ўша шеърнинг охирини ўқинг-чи? – деди қизиқиб.
Мен ҳам бўш келмадим ва айтдим:
Эй, Муҳаммад, Аллоҳ сенга тузим берсин,
Набирангга ёвмит туркман қизин берсин.
Шоир кулди ва сўради:
– Ёвмит дегани нимаси?
– Туркман қардошларнинг уруғла-ридан бири.
Биз биргаликда маданият саройига кирдик. Ўша куни шоирнинг “Оқ тулпор” шеъри Тошпўлат Маткаримов томонидан илк бор қўшиқ тарзида ижро этилган эди, назаримда…”
* * *
Кунларнинг бирида ўша дастхат йиғувчи муаллим танишимни йўлда тажанг аҳволда учратдим ва ҳол сўрадим.
– Эй, сўраманг, уйимга ўғри оралабди, аммо у ҳеч нарсага тегмасдан кунора бир варақламасам кўнглим жойига тушмайдиган китобимни олиб кетибди.
– Демак ўғри ҳам анойи эмас экан, – дедим кулиб.
– Шунақага ўхшайди…
Сўнгра орадан икки кун ўтиб, уни яна учратдим. У саломлашгач, деди:
– Айтганингиз тўғри чиқди. Ўғри қўшнимизнинг яқинда ҳарбийдан келган ўғли экан. Унаштирилган қизига шеър айтиш керак бўлиб қолганмиш… Кичкинтой ўғилчамизни велосипедда “катайса” қилдирган экан, олиб чиқиб берибди. Чақириб роса койидим, ўзиям. Сўнгра “Ёд олган шеърингни айт!” дедим.
Қизариб-бўзариб шоирнинг “Муҳаббат, сен чиройлисан, муҳаббат, сен гўзалсан”ини айтди. Омадни қаранг, қизининг исми ҳам Муҳаббат экан. “Шоир оғам шу шеърни менинг номимдан ёзган”, дейди, безрайиб. Сахийлигим тутиб, китобни совға қилиб юбордим. У хазина топгандек қувониб: “Уйдагиларга бера-ман, келиннинг сепига со-лишади”, деди.
– Кимнинг китобини?
– Кимники бўларди, Муҳаммад Юсуфники-да…
* * *
Ўша муаллим танишим бир куни яна гурунг берди.
– Адашмасам, 80-йиллар эди. Қўлимга ёш адиб ва шоирларнинг ижод намуналари жамланган алъманах тушиб қолди. Менга айниқса, Муҳаммаджон Юсупов деганнинг ёзгани маъқул келди. Шеърнинг мазмуни шундай: Йигит шаҳарда ўқийди. Пинҳона севиб юрган қизи эса қишлоқда қолган. Ниҳоят, йигит таътилга келади ва бехосдан тўйнинг устидан чиқади. Ҳеч нарсадан бехабар бобоси эса тўйга борганини, тўй зўр бўла-ётганини, аммо келинчакнинг негадир сим-сим йиғлаганини набирасига сўзлаб беради. Севганидан айрилган йигит пинҳона ич-ичидан қон йиғлайди, аммо дардини ошкор қилолмайди. Ўша шеърнинг охирги мисраларини эшитинг:
Билмайди, эҳ бобом билмайди,
Мен, мен ахир севардим уни!
Салтанатнинг оти нимайди,
Ўша сочи узун қизини…
Билсангиз, дўстим, бу шеърнинг муаллифи кейинчалик эл-юртга шоир Муҳаммад Юсуф бўлиб танилди.
* * *
Кунларнинг бирида танишимни хушнуд ҳолда учратдим. У қўлидаги газетани менга кўрсатиб деди:
– Мана, ҳукуматимизнинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудини нишонлаш тўғрисидаги қарори чиқибди. Бу содда ва камтарин ижодкорга кўрсатилган эҳтиромнинг намунасидир. Гарчи шоир қисқа умр кўрган бўлса ҳам ўзидан сўнмас назмий боғ қолдирди. Унинг самимий ва халқона шеърлари минглаб мухлислар қалбидан жой эгаллади. Шулар қаторида мен ҳам борман, деди ва шеър ўқиди.
Дунёда шоир кўп,
Шеърлар ҳам бисёр.
Барисин мухлиси, ишқибози бор.
Мен учун азизи Муҳаммад Юсуф,
Самимият бордир унда бетакрор.
Муаллим танишимнинг куйинчаклиги ва шеърпарастлигига, қолаверса юртпарварлигига ҳавасим келди. Эҳ, унинг кўнглидаги эзгуликка бўлган ташналик ва ошифталик-чи? Кейин эса унинг сабабини англагандек бўлдим. Бу шоир Муҳаммад Юсуф шеъри-ятининг таъсири эди. Демак, эл кўнглига йўл топа олган ижодкорнинг номи мангу яшайди.
Ўролбой ҚОБИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
